Солиҳ дўстлар
15 май 2020 й.
1143 марта ўқилди.
Солиҳ дўстлар
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан:
- “Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир”. (Шуаро сураси, 100-101-оятлар) оятлари ҳақида сўралганда шундай дедилар:
- “Бу қиёмат куни бўлади. Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кириб бўлгандан кейин, жаннат аҳлидан бўлган бир киши:
- “Эй Роббим, фалончи ҳамроҳим қаерда, фалончи дўстим қаерда? Уни жаннатда кўрмаяпман-ку” - дейди. Шунда унга:
- “У дўзахда” - дейилади. Шунда ҳалиги киши:
- “Эй Роббим, ё Парвардигоро! Унинг ёнимда эмаслиги сабаб жаннат менга татимаяпти” - дейди.
Шунда Аллоҳ таоло унинг дўстини дўзахдан чиқарилишига буйруқ беради. У дўзахдан чиқиб, жаннатга кираркан, дўзах аҳли:
- “Уни ким шафоат қилди, уни ким чиқарди?! Унинг солиҳ амали борми?” - дейдилар.
- “Йўқ” - деб жавоб берилади.
- “Унда шаҳид отаси ёки шаҳид акаси шафоат қилдими?” - дейдилар.
- “Йўқ” - дейилади.
- “Унда, пайғамбарлар ва расуллар шафоат қилишдими?” - дейдилар.
- “Йўқ, уни солиҳ бир дўсти шафоат қилди” - дейилади.
Шунда дўзах аҳли фарёд қилишади ва “Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир. Бас қанийди яна бир марта (яшашнинг иложи) бўлса-ю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак” - дейдилар. (Шуаро сураси, 100-102-оятлар).
«Кошки дунёга бир зумга бўлсада қайтарилсагу, яхши инсонлар билан танишсак», - дейдилар. Аллоҳ бизларни Жаннатда жам бўладиган дўстлардан қилсин. Амин.
Жаннат эгалари жаннатга кирганларида дунёда эзгу йўлда бирга юрган дўстларини кўрмасалар иззат соҳиби (буюк Аллоҳ)дан:
- “Эй Роббимиз дунёда биз билан бирга намоз ўқиган, рўза тутган дўст биродарларимиз бор эди, уларни кўрмаяпмиз” - деб сўрашади!
Аллоҳ таоло:
- “Дўзахга боринглар юрагида зарра оғирлигича иймони борларни олиб чиқинглар” - деб марҳамат қилар экан!
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ:
- “Мўмин дўстларни кўпайтиринглар, қиёматда улар шафоат қиладилар” - дедилар. Сизни жаннатга етаклаган дўст чин вафодордир.
Ибн Ал-жавзий роҳимаҳуллоҳ:
- “Агар жаннатда мени орангизда топмасангиз
“Эй Роббимиз фалончи банданг дунёда бизга сени эслатарди денглар” – дедилар-у йиғладилар”. Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олсин.
Вобкент тумани “Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғ.Очилов
«орқага