Сохта салафийлик хатари
25 ноябр 2022 й.
472 марта ўқилди.
Сохта салафийлик хатари
Ҳозирги кунда кундалик ҳаётимиз ва ижтимоий тармоқларда ўзига жалб қилувчи мавзулардан бири “САЛАФИЙЛИК” мавзуси десак муболаға бўлмайди. Ҳар бир эътиқод қилувчи шахс Исломнинг илк давридаги салафлар ҳаётидаги иймон ва тақво зиёсини ўз ҳаётида кўринишни истайди. Ҳақиқатда Ислом умматининг илк уч асрида яшаб ўтган салафи солиҳларнинг ҳаёти қиёматга қадар келадиган аҳли иймон учун ибрат бўлди. Ушбу салафларимиз ҳаёти барчага намуна бўлиб, уммат ишининг ривожи, ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги, дин нусрати йўлида хизмат қилган бўлса, афсуски ҳозирда бу даъвони қилувчилар яъни “салафийлар” нинг ҳатти ҳаракатлари умматнинг парокандалиги ва ихтилофларига сабаб бўлмоқда. Қуйида “салафийлик” даъвосини қилувчиларнинг низолашув сабабларини эътиқодий ва фиқҳий жиҳатларидан кўриб чиқамиз.
“Салафий”ларнинг ўзларига хос бўлган, уларни яққол ажратиб турадиган жиҳатларидан бири “мазҳаб”га эргашишни инкор қилишлари. Илгари сохта “салафий”лар очиқдан очиқ мазҳабни инкор қилишар эди. Уламолар томонидан етарлича раддиялар берилганидан сўнг ҳийла тариқасида сал юмшоқроқ йўлни танлашди. Яъни мазҳабни инкор қилмасдан оят ва ҳадис турганида мазҳабга эргашмаса ҳам бўлади, тўғридан тўғри ҳадисдан ҳукм олса бўлади,- дейишмоқда. Ваҳоланки оят ва ҳадислар илоҳий дастур бўлиб тўғридан-тўғри ҳукм олишга ҳамма ҳам салоҳиятли бўлавермайди. Қолаверса оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун киши Қуръон илмлари қироат, тафсир, носих мансух оятлар, муташобеҳ оятлар, сабаби нузулни билиши, ҳадис илмлари- сихоҳи ситтадан хабардор бўлиши, фасоҳат балоғат мантиқ, усул ва бошқа кўплаб илмлардан хабардор бўлишлиги лозим. Ундан ташқари ҳар бир кишида нафс бўлиб, у доимо эгасига ҳийла қилиб туради. Шариат борасида муаййян мазҳабни тутмасдан ўзича ҳадислардан ҳукм чиқарган кишида шариатнинг субути бўлмайди, доимо ҳавои навси моил бўлган, енгиллик томонга оғиб туради. Масалан Ҳанафийлик мазҳабида киши баданидан чиққан оқувчи қон таҳоратни синдиради. Шофеъийликда эса таҳоратни бузмайди. Иккала мазҳабнинг ҳам далиллари бор. Мазҳабдан ташқаридаги киши енгилини олаверади. Бу ҳолат эса уни бора-бора шаръий чегараларни бузишига, қайтариқ ва амрларга беэътибор бўлишга олиб боради.
Фиқҳий масалалардаги ихилофларидан бири пайпоққа масҳ тортиш. Ҳадис матнида келган “жавроб” сўзини пайпоқ деб таржима қилиб, ҳозирги кунда урфда бўлган пайпоққа нисбат беришади. Ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги “жавроб” ҳозирги истеъмолда бўлган пайпоқдан тубдан фарқ қилган. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги жавробда масҳ тортиладиган маҳсининг шартлари тўла топилган бўлиб, ушбу жавробнинг ўзи билан сафар қилиш имкони бўлган ва у сув ўтказмайдиган қалин матодан тайёранган. Бироқ бизнинг “салафий” биродарларимиз ҳадисдаги “жавроб” атамасидан нима кўзланганини чуқур ўрганмай, тўғридан –тўғри пайпоққа масҳ тортса бўлади деган фатвони атишаяпди. Аллоҳга ибодат борасида жуда беэътиборлик қилиб нотўғри фикр билдиришаяпди.
Ақида борасидаги зиддиятлар эса “салафийлар”нинг энг хатарли жиҳатлари ҳисобланади. Фиқҳий масалаларда адашув узрли ҳисобланади. Лекин ақида борасидаги хатога узр йўқ. Сохта салафийлар мўътабар уламолар, мазҳаббошилар, калом илми пешволарининг йўлини тутмай ўзларича оят ва ҳадисларнинг зоҳирига суянишади. Масалан Аллоҳ Таолога макон нисбат бериш, Аллоҳни осмонда ёки Аршда дейиш. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидагилар-Мотурудий ва Ашъарийлар Аллоҳга маконни нисбат бермайдилар. Аллоҳ қадим Зот. Ўзидан ўзга ҳеч нарса бўлмаганида Аллоҳ қаерда еди?!- деб ҳам мантиқий ҳам нақлий раддияларни берадилар.
Сохта салафийлар нега мотурудийлар, ашъарийлар ёки тўрттала мазҳаббошига хилоф қилишади. Улар яъни “салафий”лар ўзлари англаб ёки англамай уммат ичида ихтилоф ва низо уруғларини сочишмоқда. Аллоҳ Ўз каломида “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” ёки “Алоҳга, расулига ва ўзингиздан бўлган иш бошиларга итоат этинг ” ояти карималарининг ҳукми гўё улар учун эмасдек. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг манҳажлари бўлган йўлни мустаҳкам тутган аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди ва мазҳабидан ўзгасини ихтиёр қилиш бидъат бўлиб, бу йўлдан юрувчилар охир оқибатда зарарда қолишликларини уммат уламолари таъкидлайдилар. Аллоҳ Таоло ҳаммамизни рушду ҳидоятда собитқадам қилиб, бидъат ва хурофот аҳлининг йўлидан йироқ қилсин.
“Абдухолиқ Ғиждувоний” жомеъ масжиди имом-хатиби Ориф Амонов
«орқага