Сохта салафийлар
04 июн 2021 й.
1091 марта ўқилди.
Сохта салафийлар
Кейинги пайтларда Ислом мафкураси ва тарихига зид ғоялари билан қайта намоён бўлаётган “сохта салафийлик” оқими ўзларининг ақидавий ва ҳуқуқий масалаларини кўпинча суриялик Ибн Таймия (1263-1328) таълимоти билан асосламоқчи бўлишади. Ибн Таймия асарларида, исломга турли бидъатлар кириб қолгани айтилиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғоялар илгари сурилади.
Мазкур оқим тарафдорлари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда ҳатто бир пайтлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилардилар.
Шунингдек, сохта салафийлар тасаввуфни тан олишмайди, тавассулни куфр дейди, мазҳабларни инкор қилади, ўзларига эргашмаганларни ҳам кофирга чиқаришади. Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатан ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради.
“Салаф” калимаси, аслида ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳлидир, кейин уларга яқин бўлганларидир, сўнгра уларга яқин бўлганларидир[1]. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади (яъни, масалаларда ҳам ўта бепарво ва масъулиятсиз бўлиб, гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Салаф” сўзи луғатда – “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар”, “ўтмишдошлар” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони англатади. Яъни, Набий алайҳиссалом замонларида ва ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар “салафи солиҳ”, яъни, “солиҳ аждодлар” дейилади. Сохта салафийликнинг кучайиб, кенг ёйилиши суриялик Ибн Таймия (1263–1328) фаолияти билан боғлиқ. У умри давомида ўзининг агрессив қарашлари сабабли тўрт марта (1307, 1309, 1322 ва 1326-йилларда) озодликдан маҳрум қилинган ва 1328 йили қамоқхонада вафот этган. Мазкур шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этади.
Ибн Таймия гўёки, асрлар давомида Исломга турли бидъатлар кириб қол¬ганини иддао қилиб, жамият ва мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи унинг талқинидаги Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди.
Сохта салафийлар милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, костюм, пальто, шим ва кўйлаклар кийишни, галстук тақишни ҳам имонсизлик деб ҳи¬соб¬лашади. Бугунги кунда ушбу бузғунчи оқим-лар хал-қаро террорчи ташкилотлар билан узвий алоқада экани ва уларнинг фаолияти томонидан молиялаштирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, сўнгги йилларда Қозоғистон, Қирғизис¬тон ва Тожикистонда бир қатор террорчиликларнинг амалга оширилгани ҳар бир фуқарода ҳушёрликни, огоҳликни оширишни талаб этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. Сохта салафийлик Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир. Улар мўмин-мусулмонлар ўртасида уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, динимиз ўз номи билан фақат эзгуликни тарғиб қилади.
Ромитан туман “Хўжа Али Ромитаний” жомеъ
масжид имом-хатиби Бобир Жўраев
«орқага