Сўкинишдан сақланайлик.
31 март 2021 й.
980 марта ўқилди.

 
Сўкинишдан сақланайлик.

Аллоҳдан қўрққан одам албатта тилини сўкишдан, ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзлар айтишдан ўзини тияди. Аллоҳ таоло гўзал неъмат қилиб берган тилни, зикр этувчи, Қуръон ўқувчи ва илмий музокаралар билан машғул аъзо ҳолида шай тутади. Бекорчи ва маъносиз, ҳақоратомус сўзларга асло ишлатмайди.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар қандай икки мусулмоннинг орасида албатта, Аллоҳ таоло томонидан тутилган хаё пардаси бўлади. Агарда улардан бири иккинчисига бир оғиз сўкиш сўз айтса, Аллоҳ таолонинг пардасини йиртган бўлади», деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).
Ислом динида кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва эҳтиромнинг қанчалик улуғланишини кўряпсизми? Ҳадиси шарифда бу нарса «Аллоҳнинг пардаси» деб аталмоқда.
Халқ орасидаги «Инсоф қилайлик, орамиздан парда кўтарилмасин, юзимиз очилмасин, кейин яхши бўлмайди», деган гаплар ушбу ҳадиси шарифдан олинган бўлса, ажаб эмас. Демак, бошқа бир одамни биринчи бўлиб сўккан киши катта маънавий жиноят қилган бўлади. У оз эмас, кўп эмас, оламларнинг Робби Аллоҳ таоло инсонлар орасига қўйган пардани йиртган ҳисобланади.
Муҳаммад ибн Саъд ибн Моликдан, у отасидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир», - дедилар. (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ: Ким бўлишидан қатъи назар, мўъмин - мусулмон одамни сўкиб бўлмайди. Бу номаъқул иш шариат ҳукми бўйича фосиқлик ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксиларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», - дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир». (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги - уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир». (Муттафақун алайҳ).
Оғзимиздан чиқаётган ҳар қандай сўзларимиз Аллоҳ розилиги учун бўлсин. Одамлар орасида, ўртоқлар даврасида, оилада, иш жойимизда, жамоат жойларида сўзларимизга этиборли бўлайлик. Тилимиз бор экан деб ҳар хил сўзларни гапириб одамларни дилини оғритмайлик. Тилимизни фақат хайрли сўзларга ишлатайлик, ёмон сўзларга одатланиб қолмайлик. Сўзларимиз бизнинг ички дунёмизни маданиятимизни кўрсатади.

Когон шаҳар "Шом" жомеъ масжид

имом - хатиби Б.Дилшод 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:22
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram