Шукроналик фазилати
26 июн 2020 й.
1428 марта ўқилди.
Шукроналик фазилати
Аллоҳ Таолога беадад ҳамд-у санолар, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин. Аллоҳ Таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб унга беҳисоб неъматларни ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишни ваъда қилди. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилди: “Қасамки берган неъматларимга шукр қилсангиз албатта зиёда қилурман. Агар ношукрлик қилсангиз унда азобим қаттикдир”. (Иброҳим сураси, 7-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташуккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ Таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш шукрдир. Уни гапирмаслик эса ношукрликдир”, - дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр килса, ризқи зиёдалашади. Бу ҳақда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: "Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ Таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади". (Имом Байҳақий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужжассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам у зотга етадиган бирор бир киши йўқ. У кишининг қилган дуолари ижобат бўлар эди, лекин у киши Аллоҳ Таолодан кўп мол-дунё беришни сўрамадилар, балки Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшадилар ваҳоланки, қоринларига очликдан тош боғлаб юрар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, бизлар ҳозирги тўкинлик, фаровонлик ҳолатимизда наҳотки шукр ва қаноатда бўлмасак?!. Аллоҳ Таоло ҳаммаларимизга ўзининг шокир бандаларидан бўлиш бахтини муяссар айласин.
Ғиждувон туман “Тошмасжид” жомеъ масжид
имом-хатиби Л.Рахмонов
«орқага














