Таомланиш одоби
16 август 2022 й.
619 марта ўқилди.

 Таомланиш одоби 

Исломда инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам ўзига яраша алоҳида аҳамият берилган. Инсон жисмига берилган бу аҳамиятни ислом унга ўз ҳаётини сақлаш ва ўзидан ҳалокатни даф қилиш учун зарур бўлган таом ва ичимликни истеъмол қилишни вожиб қилганида кўрамиз. 
Зарур бўлган миқдордаги таом ва ичимликни исроф даражасига етказмай тановул қилиш мубоҳ саналади. Исрофгарчилик билан истеъмол қилинган таом ва шароб жисм учун зарарли ва хатарли бўлгани сабаб таомнинг керагидан ортиқчаси ҳаромдир. 
Барча нарсалардаги каби еб-ичишда ҳам Ислом мўътадилликни тавсия этади. Албатта, гап фақат Аллоҳ таоло ҳалол қилган таом ва шароблар ҳақида бормоқда.  
Ҳар бир инсон узоқ умр кўришни истайди. Узоқ умр кўриш учун эса, энг аввало тозалик ва покликка, таомланиш тартибларига риоя қилиш лозим. 
Инсон ўзига қувват бўладиган даражада таомланиши-унинг жасадини ва руҳини соғлом ушлаб туради. Нафс ҳам шундай ҳолатда тўғри тарбияланади. Аммо таомнинг керагидан ортиғи инсоннинг жасадини ҳам, руҳини ҳам касал қилади. Бошқа бир томондан бу исроф саналади ва нафснинг тарбияси бузилиб, унда ялқовлик ва дангасалик вужудга келади.  
Меъёрида овқатланиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир. Меъёрида овқатланишга одатланиш кўплаб хасталикларнинг олдини олади. Агарда биз буни, яъни овқатланишни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ амалга оширсак, ҳаётимиздаги таомланишимиз соғлиғимизга жуда кўплаб фойда келтиради, Шундай экан, таомланишимиз бизга фойда бўлиши учун Пайғамбаримизнинг қуйидаги суннатларига мал қилишимиз лозим. Таомланишдан олдин ва кейин қўлларни ювиш. 
Абу Довуд ва Имом Термизийлар Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда  Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар. 
Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буямларни ушлаш ва ҳатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғубор ҳамда зарарли микроблар ўрнашган бўлиши мумкин. Қўлни ювиш орқали улардан тозаланилади, бу саломатлик учун жуда муҳимдир. Мазкур иш биз билган шахсий гигиена қоидаларида ҳам мавжуд. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларининг бир ҳикмати ҳам мана шудир. 
•  Таом ёйишни “Бисмиллаҳ” сўзи билан бошлаш керак. 
•  Таом ҳар доим знг қўл билан ейилади. 
•  Таомни ўз олдидан ейиш керак. 
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Шунда У зот менга: “Эй ўғилчам, “Бисмилаҳ” дегин, ўнг қўл билан егин, ўз олдингдан егин!” дедилар. Шундан сўнг айтганларидек ейдиган бўлдим.” дедилар. 
•  Таом ўта иссиқ ва ўта совуқ ҳолатда истеъмол қилинмайди. Ўртача ҳароратда бўлмоғи даркор. 
•  Таомни жам бўлиб, кўпчилик билан емоқ афзалдир. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки кишилик овқат уч кишига ва уч кишилик овқат тўрт кишига кифоя қилади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 
•  Қўл билан ейдиган таомни уч бормоқ, яъни бош, кўрсатгич ва ўрта бармоқлар билан емоқ. Уч бармоқда ейишда катта луқма олиб ейишнинг олди олинади. Овқатни катта луқма олиб ейиш одобсизликдир. 
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам учта бармоқлари билар ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти). 
•  Овқатни ёнбошлаб ёки тик туриб тановул қилмаслик. 
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен суянган ҳолимда емайман”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).  
•  Таомни исроф қилмаслик керак. 
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади, таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирортангиздан луқма тушса, ундаги нопокликни кетказиб кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин”, дедилар.
•  Таомдан сўнг “Алҳамдулиллаҳ” деб айтилади. Маъноси: “Аллоҳга ҳамд бўлсин!”. 
Набиий соллаллоҳу алайҳи ва саллом қачон таомланишдан фориғ бўлсалар: “Алҳамдулиллази атъамана ва сақонаа ва жаъалана минал муслимийн”, деб дуо қилар эдилар. 
Маъноси: “Бизни едириб, ичириб, мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”. 
•  Таомланиб бўлган инсон икки қўлини ювиб, оғзини чайиши юксак одоблардандир.  

Вобкент туман бош имом хатиби Очилов Ғолиб
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram