Гўзал тарбия-фаровонлик гарови
24 ноябр 2016 й.
3001 марта ўқилди.
Гўзал тарбия-фаровонлик гарови
Инсон туғулибоқ ёшлик давридан дунё юзини кўрар экан, ундаги гўзалликка ва осойишта ҳаётга талпиниб яшайди. Теварак-атроф ва ташқи муҳит унга умр мазмуни ва ҳаёт йўлини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳазрати одам учун жамият қаторига қўшилиб, улар билан бирга ҳамнафас бўлгунча бир неча шахсларни масъул қилиб қўйди. Хусусан, бу шарафли масъулиятни ҳар бир фарзанднинг ота-онасининг зиммасига юклади. Бунинг эвазига эса зурриётлари давом этиб борар экан, ибодат ва дуолардан баҳраманд бўлиб туришлари айни ҳақиқатдир. Мусулмон кишига ҳаёт ва охират кўрсатмаларини гўзал тарзда тизиб беришда Ислом динидек бирор-бир таълимот қайғурмаган. Фарзанд тарбияси ҳақида Аллоҳ таоло ва унинг Расули бўлмиш пайғамбар алайҳиссалом сўзларидек малҳам ҳам бўлмаса керак. Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифининг Исро сурасида шундай марҳамат қилади:
وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا [الإسراء:23].
Маъноси: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди."
Ушбу оятнинг мазмун моҳиятига чуқур эътибор қаратилса, йўқдан бор қилган Олий Зот инсонни гўзал суратда яратгани ва таъбир жоиз бўлса, унга дунё нозу-неъматларини муҳайё қилиб қўйгани учун ўзигагина тоат ва ибодат қилишни фарз қилиб қўйди. Шуларнинг қаторига ота-онадек буюк шахснинг сўзига ҳам ҳамиша фармонбардор бўлишни буюрди. Шунинг учун ҳам даставвал, ота-оналарнинг зиммасидаги бурчи, фарзандларини ҳар он-лаҳзада назоратдан қочирмаслик керак бўлади. Фарзанднинг яхши ва ёмон тарбияси ота-онага боғлик эканлиги ҳақида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллоллҳу алайҳи васаллам айтдилар: “(Ҳар бир) туғулган гўдак (Ислом) фитратида туғилади. Унинг ота-онаси уни яҳудийга ёки насронийга ёки маъжусийга айлантиради”. Имом Бухорий ривояти.
Бу ҳадиси шарифнинг ҳам мазмун-моҳиятига чуқур назар ташланса, фарзандларнинг гўзал тарбияга мойил ҳолда таваллуд топишига ишорасини гувоҳи бўламиз. Балки, уларнинг нотўғри йўлларга ва гўзал тарбияга зид бўлган нарсалар билан машғул бўлишларига авваламбор, ота-оналарнинг ҳиссалари катта экани ҳам маълум бўлади. Тарбия бу оиладаги масъул кишиларнинг энг муҳим вазифаси бўлиб, ундан-да дунёда қимматлироқ нарса йўқлиги ҳақида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
سعيد بن العاص - رحمه الله - أن رسول الله - صلى الله عليه وسلم قال : «ما نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا من نَحْلٍ أفضل من أدبٍ حَسَنٍ» أخرجه الترمذي.
Маъноси: Саъд ибн Ос айтадилар: “Албатта, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирор-бир ота-(она) фарзандга гўзал одобдан кўра афзалроқ нарса ҳадя қилмаган”.
Ҳар бир кишининг фарзанди кўзи-қароси, наслининг давомчиси ҳисобланар экан, унинг илк мақсади кўзи очиқлигида бахтини, фаровон яшашини ва яна ўзгалар томонидан “ота-онангга ва устозингга минг раҳмат”, деб аталадиган дилни хушнуд қиладиган сўзларни эшитиш нақадар қувончли ҳолдир. Фазандни бу даражага олиб чиқиш учун албатта, анча меҳнат ва машаққатларни кечиб ўтмоқ зарурдир. Бу ҳақда буюк ўзбек адиблардан бири Абдулла Авлоний шундай деган эдилар: “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.
Ҳозирги ахборотлар суръати ошиб бораётган даврда вояга етган ва вояга етмаган фарзандларнинг тарбиялари энг муҳим вазифалар қаторида ҳисобланади.
Гўзал тарбиянинг асосларидан яна бири ҳар-бир оила бошлари фарзандларини ким билан ўртоқ ёки аксар вақтини қаерда ва кимлар билан ўтказмоқда деган саволга жавоб топишларидир. Динимизнинг барча алломалари бу борада шундай фикрга келишишган: “Кишига яхшининг яхшилиги таъсир қилгунча, ёмоннинг ёмонлиги таъсир этиб бўлади ёки бир кишининг қандай киши эканлигини билмоқчи бўлсанг, унинг ҳамнафас бўлиб турган ёру-дўстлари ким эканлигига боқ. Шу ҳолат унинг қай даражадаги киши эканига кифоя қилади”.
Ҳозирда баъзи бир ота-оналар молиявий имконият борлиги сабабидан фарзандларини у хоҳ ўғил ёки қиз бола бўладими, ўртоқлари даврасида ўксинмасин деган маънода барча айтган нарсаларини муҳайё қилишади. Ҳақиқатан, инсонга пуштикамарининг шоду-хандон бўлиши хурсандчилик бағишлайди. Бироқ, шу нарса устида меҳнат ва қийинчилик тотмаган фарзанд унинг қадрига ҳам етмайди ва уни исроф қилишгача боради. Натижада, оиладаги кичик беэътиборлик билан бошланган муаммолар бора-бора бутун бошли катта жамиятнинг ечиб бўлмас муаммосига айланади. Бундан ўн-ўнбеш йиллар олдин шахсий кутубхонасидаги китоблар билан фахрланган ўқувчи ўрнига бугунга келиб ўзидаги уяли телефонини сўнги русумдагиси ёки миниб турган машинасини қимматбаҳолигини ёки устидаги либоси фақат чет элдан келтирилганини кўз-кўз қиладиганига алишиб қолди. Бу сўз билан биз замонавий техникадан фойдаланишга таъқиқ қўйишга ҳаққимиз йўқ. Бироқ, ҳар бир нарсани ўз ўрнида ишлатиш айни фойда ва зарур эканлигини айтиб ўтмоқчимиз холос. Ва яна бугунлик кунда баъзи ёшлар томонидан: “Мен дунёни барча томони билан бир зумда боғланаман ва маълумотларига эга бўламан”, дейиши ортида бошқа ёмон ғоялар гирдобига чўмиб қолмайди, деб ҳеч ким ишонч билдира олмайди. Бундай маълумотга эга бўлган, ҳали қони қуйилмаган ғўр ёшлар томонидан экран ортида кўрган нарсаларни ҳаётида қўллаётганлари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳозирги пайтда фарзандлар қўлидаги имкониятлар тубдан назорат қилиниши зарурдир. Китоб ўқиш ўрнига дам олиш, сайлгоҳлар ва жамоат жойлари ва йўлакларда қулоғига фақат ўзи эшитадиган мосламани қулоғига ўрнатиб, теварак атрофдаги катта-кичик кишилардан узилган, ҳатто, салом бериш одатини унитишгача бораётгани ачинарли ҳолатдир.
Фарзандимиз бетоб бўлиб қолса, зудлик билан қора-тун бўлишига қарамасдан шифокор ҳузурига чорланиб барча муолажаларни қўллашга тайёр турамиз. Бироқ, уларни кўзга кўринмас бўлган маънавий касаллик ва дардга чалингани ва уни ўқув даргоҳидаги муаллим деб аталган шифокорини қўлланмаси ва маслаҳатини бир-бора кўздан кечириб чиқишга айрим ҳолларда қимматли вақтимиз топилмайди.
Бундай эътиборга молик ва жамиятнинг келажакдаги тақдири саналган ёш авлоднинг тўлақонли маънавий ва баркамол бўлиши юртимизда хукумат даражасидаги ишлар қаторига кўтарилди. Ҳатто, бу борада бош қомусимизнинг бир неча бандларига ўзгартиришлар ва яна бу соҳага тааллуқли ташкилотларни фармон ва қарорларни ижросини амалга ошириш назорат остига олинди. Албатта, кўзланган мақсадни амалга ошириш учун биргина мактаб, ўрта махсус билим юрти ва олий таълим даргоҳларининг устоз ва муаллимлари эмас, балки, барча ёши катта кишилар ҳам масъул эканлиги динимиз томонидан уқтириб ўтилган. Бу ҳақда Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир муборак ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:
رَسُولَ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - يَقُولُ : « مَنْ رَأَى مُنْكَرًا فاسْتَطَاعَ أَنْ يُغَيِّرَهُ فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ » . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُد وَابْنُ مَاجَهْ .
Маъноси: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки бир мункар ишни кўрса уни қайтаришга қодир бўлса, қўли билан қайтарсин. (Ёки тили билан қайтарсин). Тили билан қайтаришга қодир бўлмаса, (қалби билан қайтарсин). Қалби билан қайтара олмаса, мана бу имоннинг заифлигидир”.
Албатта, ёшларнинг ўспирин пайтига “олтин давр” деган ибора ҳам ишлатилади. Бу сўзни ҳамма ёшларга ҳам қўллаб бўлмайди. Чунки, бу давр ёшларнинг келажакдаги ўз ўринларини эгаллаб олишга катта имконият ҳисобланади. Шунинг учун бундай вақтда уларни билим олиш ёки бирор-бир касб эгаси бўлишга имконият яратиб бериш катталар қўлида эканлигини унутмаслик керак. Шулардан тўлақонли фойдалана оладиган ёшларга ҳақиқий “олтин давр” ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, касалликни даволашдан кўра уни олдини олиш самарали натижадир. Келгуси ҳаётимизга бугундан пишиқ пойдевор ўрнатилар экан, бизнинг авлодларимиздан имом Бухорий, имом Замахшарий, Мирзо Улуғбек раҳматуллоҳ алайҳумлардек сон-саноқсиз буюк алломалар етишиб чиқиши ҳақиқатдир. Бу каби улуғ ишларга ҳар бир хонадондаги ота-оналарнинг ҳиссалари беқиёслигини унутмаслик зарур ҳисобланади.
Авазбек Мўминов
«орқага