ТАРБИЯДА ТАНАФФУС БЎЛМАЙДИ
23 июл 2024 й.
1302 марта ўқилди.

 
ТАРБИЯДА ТАНАФФУС БЎЛМАЙДИ
 
Фарзанд инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъматларнинг биридир. Ҳар бир неъматнинг шукронаси бўлганидек, фарзанд неъматининг шукронаси эса ҳар бир ота-она фарзандларига чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқ беришлигидир. Аслида ота-она учун фарзанднинг камолини кўришдан кўра каттароқ қувонч ва бахт йўқ. Шундай экан, фарзандларини камолот сари элтувчи йўлга йўллаш уларнинг вазифасидир. Аллоҳ таоло сиз билан бизга фарзанд неъматини берганда катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Энди фарзандларимизни шундай тарбия қилайликки, ҳаётлигимизда ва ҳаётдан кўз юмганимиздан кейин ҳам бизга раҳмат олиб берадиган бўлсин. Чунки фарзанд отанинг сиридир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Биз одам болаларини, (инсонни)  азизу мукаррам қилдик” деб марҳамат қилади. (Исро сураси, 70-оят). Ҳақиқатан ҳам, гўдак ёруғ дунёга келаётгандаёқ, Аллоҳ таоло унга жуда бебаҳо неъматлар ато этган бўлади. Кейин уни тарбия қилиб, асраб-авайлаб, вояга етказиш ота-онанинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Инсонирқи, миллатидан қатъий назар, мийсоқ кунида Аллоҳ таолога келтирган азалий иймон билан туғилади. Барчамизга маълумки, Ал-мийсоқда Одам алайҳиссаломдан то қиёмат кунигача дунёга келадиган инсонларнинг руҳлари саф тортиб турганларида, “Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?”, деб сўраган. Шунда ҳаммамиз бир овоздан: “Имон келтирдик, тасдиқ этдик”, дея жавоб қилганмиз. (Аъроф сураси, 172-оят) Инсон боласининг тарбияси туғилгандан то сўнгги нафасигача давом этаверади. Болани Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли байтларининг муҳаббатига, Қуръон тиловатига одатлантириш ҳам имоний тарбиянинг бир қисмидир. Ёш болаларга имоний тарбия бериш давомида ақллари етадиган сўзларни айтиш лозимдир. Бир сўз билан айтганда, тарбияда танаффус бўлмайди.Чунки инсон унутувчи, унингдушмани шайтон эса унуттирувчидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қиёмат куни ҳар бир неъмат хусусида сўралишимизни марҳамат қилган. Фарзанд тарбияси борасида ҳам худди шундай. Ота-она ўз фарзандининг инсонлар билан хушмуомала бўлиши, ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқатли бўлиши учун масъулдирлар. Фарзандининг ёмон хулқ ва сўзлардан, қабиҳ иш ва ёмон одатлардан пок бўлиши учун ҳам ота-она жавобгардир. Авлодларимизни соғлом, ақлли, одобли қилиб тарбиялашимиз ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, агар киши ўзи тарбияланган бўлмаса, фарзандига ўзи ўрнак бўлолмаса, айтган гапларига ўзи амал қилмаса, у ҳеч қандай натижага эриша олмайди.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, маънавий тарбияга алоҳида эътибор берилмоқда. Фарзандларимизни ёшликда жисмоний меҳнатга кўниктириш, танини соғлом қилиб вояга етказиш, одоб аҳлоқли, маърифатли қилиб тарбиялаш, озодалик, покизалик, шахсий тозалик, ота-онага ҳурмати, Ватанга ҳурмат, эътиқодининг мустаҳкамлиги, айниқса турли бузғунчи диний оқимларга аралашиб, натижадано тўғри ақида билан онгининг заҳарланиб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Юқорида инсон азизу мукаррам қилиб яратилгани айтиб ўтилди. Инсон нимаси билан шарофатли, азиз бўлди? Инсон илм сабабидан шарофатли ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандларимизни дунёвий илмлар соҳиби ва ҳунарли бўлишига тарғиб қиларэканмиз, Али розияллоҳу анҳунинг: “Болаларингизга келажакда илмни ўргатингиз, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келишади” деган кўрсатмаларини эслаш муҳим. Бизлар ҳам фарзанд тарбиялашда, Ватанга садоқатли бўлиб, элга беминнат хизмат қилишда ғайрат қилайлик ва ҳиммат кўрсатайлик.

Бухоро туман “Имом Бухорий” жомеъ масжид

имом-хатиби Абдураҳмон Бақоев 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram