ЁШЛАРНИ ФИКРИЙ ВА ИЛМИЙ ЖИҲАТДАН ЕТУК ИНСОН ҚИЛИБ ТАРБИЯ ҚИЛИШ ОТА-ОНАЛАР БУРЧИДИР
20 сентябр 2021 й.
619 марта ўқилди.

 
ЁШЛАРНИ ФИКРИЙ ВА ИЛМИЙ ЖИҲАТДАН ЕТУК ИНСОН ҚИЛИБ ТАРБИЯ ҚИЛИШ ОТА-ОНАЛАР БУРЧИДИР
 
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм - фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар. 
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни  аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. 
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида шундай деганлар: Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишинг, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишинг мумкин. Аммо, темирчининг босқони эса, ё кийимингни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингни ачитади” (Имом Бухорий ривояти). 
Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар - Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.
Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.
Манбалар асосида таёрланди

Ромитан туман “Биби Саида” жомеъ

масжид имоми А.Хамроев 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram