УЛУҒ ТАРИҚАТ ПИРЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
02 июн 2020 й.
1151 марта ўқилди.
УЛУҒ ТАРИҚАТ ПИРЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
Тариқат пирларимизнинг асосий вазифаларидан бири, “Эҳёус-суннаҳ вал-мувозаба” яьни суннатни эҳё қилиш ва унга бардавом бўлиш. Аллоҳ таоло томонидан фарз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат қилиб берилган вазифаларни адо этиш ва уни халққа етказиш ва шу билан бирга унга амал қилиш буюк пири комилларимизнинг вазифалари бўлган. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Орангизда икки нарсани ташлаб кетмоқдаман, уларни маҳкам ушласангиз, ҳаргиз адашмайсизлар. Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатимдир", - деганлар. (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд: “Бизнинг йўлимиз пайғамбар мутобаатига урмоқдур. Яьни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиш ва саҳобаи киром осорига иқтидо қилмоқ ва бу йўлда оз амал билан кўп футуҳга етишдур. Аммо суннат мутобаати улуғ ишдурки, ҳар киши бу тариқимиздин юз ўгирса анга дин хатаридур” , - деганлар.
Тариқат пирларимизнинг асосий вазифаларидан яна бири тариқат илмини суҳбат орқали етказиш бўлган. Тариқат пирлари инсонларга суҳбат орқали Аллоҳга етиш йўлини кўрсата билганлар ва уларни хилватда туриб, одамлар садақаси билан кун кўриб яшашдан қайтара олганлар. Баҳоуддин Нақшбанд: “Бизнинг йўлимиз суҳбатдур ва хилватда шуҳратдур ва шуҳратда офат, хайрият жамиятдадур ва жамият суҳбатда”, - деганлар. Тариқат пирларимиз хилватни тарк этиб, суҳбат билан халққа тўғри йулни кўрсатиб уларни ўзларига эргаштира олганлар.
Шақиқ ибн Иброҳим айтадиларки: Иброҳим ибн Адҳам бозордан ўтаётганларида бозор аҳли жамланиб, эй Або Исҳоқ Аллоҳ таоло Қуръонда: “Дуо қилинглар мен дуоларингизни ижобат этаман”, - деган. Биз эса дуо қиляпмиз ижобат бўлмаяпти деганларида. Иброҳим дедилар: Эй Басра аҳли, сизларнинг қалбларингиз ўн нарсада ҳалок бўлган. Бири: Аллоҳни танидингизлару, аммо унинг ҳаққини адо этмадингизлар. Иккинчиси: Аллоҳнинг Китобини ўқидингизлару, аммо унга амал қилмадингизлар. Учинчиси: Расулуллоҳни яхши кўришни даъво қиласизлару, аммо унинг суннатини тарк этасизлар деб, ўнтасини санаган эканлар.
Тариқат пирларимизнинг асосий вазифаларидан яна бири зикрул хафий бўлган. Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд инсонни кибр ва манманликдан қайтариш учун фақат Аллоҳга аён бўлган паст овозда зикр айтишни тарғиб қилганлар. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд “Нақш банд, бар дил банд” яьни, «Кўнглингда Аллоҳ таоло зикрини нақш айла», - деганлар. Зикр пайти нафас чиқараётганда “ла илаҳа”, нафас олаётганда эса “иллаллоҳ” дейилади. Агар шу тарзда зикр қилинса, Аллоҳ номи юракда нақш каби боғланади, деганлар.
Бухоройи Шариф қадим-қадимдан азиз авлиёлар, илмли, кароматли кишиларни вояга етказган. Дунё аҳли бу мақомни етти пирга бешик бўлган табаррук замин, дея эъзозлайди. Ушбу йил Бухоро шаҳри “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилинганлиги Бухоройи Шариф учун яна бир катта мақомдир.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили,
Бухоро вилоят бош имом-хатиби Жобир Элов
«орқага