Тавба ва унинг фазилати
05 март 2020 й.
2016 марта ўқилди.

 

Тавба ва унинг фазилати

Тавба дегани – қайтиш деганидир. «Инсон тавба қилди» дегани «хатолардан, гуноҳлардан қайтди, аввал қилган гуноҳларига надомат (афсус) қилди» деганидир. Қуръон тавбага катта аҳамият бериб, кўпгина оятларда эслатиб ўтади: «Ким зулмидан кейин тавба этса ва яхши амал қилса, Аллоҳ, албатта, тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир» («Моида» сураси, 39-оят).    Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда «тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда. Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни тавба туфайли кечиради, билиб, тушуниб, қасддан қилинганларини эмас. 
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
 “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Аллоҳ инсонни яратган экан, унга тўғри йўлни кўрсатиш мақсадида Пайғамбарлар, илоҳий китоблар ва бир қанча саҳифаларни нозил қилиб, уларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён қилган. Аллоҳ таоло бандаларига жуда кўп неъматлар ато этган бўлиб, уларнинг ичида энг улуғи иймон неъматидир. Инсонни барча яратган махлуқотлари ичида мукаррами ва афзал суратда яратганлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қилиб бундай марҳамат қилади:
 “Дарҳақиқат (биз) Одам фарзандини (азиз ва) мукаррам қилдик....” (Исро сураси, 70-оят).
Ҳар бир оқил мусулмон ўз вақтини катта бир хазина деб билмоғи, унинг озгинасига ҳам бепарво бўлмай, ҳар бир ишни ўзига муносиб вақтга тақсимлашга аҳамият бермоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
  “Қиёмат кунида банданинг қадами, то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани” (Имом Термизий ривояти).
Инсонмиз, ожизмиз, гуноҳлар-хатолар шу қадарки, ҳатто англолмаймиз ҳам. Биз арзимас санаган ишлар ортидан кимлардир йиллаб, балки умр бўйи дард чекиб, қийин аҳволларда яшаётгандир?! Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак.
Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига иккита шарт қўйган:
1. Тезда тавба қилиш.
2. Қилинган гуноҳни яна қайта қилмаслик
 «Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли бўлган Зотдир» («Фурқон» сураси,  70-оят).
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, уламоларимиз гуноҳларни уч турга бўлиб, шундай дейдилар:“Гуноҳлар уч турли бўлади: Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ, Аллоҳ кечирадиган гуноҳ, Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ.
Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Албатта, кимки Аллоҳга ширк келтирса, унга жаннатни ҳаром қилади ва унинг жойи дўзахдир” (Моида сураси, 72-оят).
Аллоҳ кечирадиган гуноҳ – банда ўз нафсига қилган зулми бўлиб, у Аллоҳ ва банда ўртасидаги гуноҳдир.
Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ – бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир.”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
 “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).
Ислом дининг асосий қоидаларидан бири – модомики банда тирик экан, унга тавба эшиклари ёпилмаслигидир. Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларини яхши кўришини баён қилиб, шундай дейди:
“…Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).
Жиноят ва унинг жазоси ҳамда тавба ва мағфират ҳақидаги оятлардан кейин, бу дунёю, у дунёдаги мукофот ва жазонинг умумий қоидаси зикр қилинади:
Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир», дейилган (17-оят).
 Аллоҳ таоло барчамизни холис тавба қилувчи бандаларидан айласин! Амийн

Бухоро шаҳар “Хўжа Ориф Моҳитобон” 
жомеъ масжиди имом-хатиби
 Жонибек Жўраев
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:02
Пешин: 13:10
Аср: 17:55
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram