ТАВБА - МЎМИННИНГ СИФАТЛАРИДАНДИР
17 август 2023 й.
380 марта ўқилди.
ТАВБА - МЎМИННИНГ СИФАТЛАРИДАНДИР
Суюкли ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати қилиб яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
Албатта, тавба Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларига инъом этган улкан неъматидир. Бандалар зоҳирий ва ботиний хатоларига пушаймон бўлган холатда истиғфор айтишлари, солиҳ амалларини зиёда қилишлари орқали Аллоҳнинг раҳматига эришадилар.
Сиз ўзингизни дунёда бахтли қилмоқчи бўлсангиз, аллоҳга яқин бандалардан бўлишни истасангиз ва амалларингиз солиҳ ниятларингизга мос бўлишини хоҳласангиз, истиғфорга шошилинг!!!
Агар истиғфорингиз қалбингиздаги комил ниятингизга мос бўлмасдан ғафлатга сизни бардавом қиладиган бўлса билингки, истиғфорингиз истиғфорга муҳтождир.
Тавба бу- ютуқ аҳлининг сармояси, адашган бандаларнинг ҳидоат эшикларининг калити ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг тоатига қайтишдир. Ўтган набийлар ўз қавмларини тавбага чақириб тўғри йўлни кўрсатганлар. Бу хушхабарни қабул қилган қавмлар нажот топганлар.
Тавбаи Насуҳ- банда аввал қилган гуноҳ амалига қаттиқ пушаймон бўлиб, абадий ўша ишга қайтмаслигидир. Мазкур тавба, содиқ ва жазм ила айтилган тавбадир.Тавба қилишни барча мўмин инсонлар биладилар. Гоҳида бирор бир ҳодиса, бир инсоннинг ҳаёти орқали ёки амру маъруф қилинса, тавба қилувчи инсоннинг ҳаёти ҳидоят сари ўзгариб кетади.
Аллоҳ таоло Ўзининг азиз китобида :
إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ
فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا
яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир”
(Нисо сураси, 17-оят).
Шунинг учун Аллоҳ таолонинг бандадаги ҳақларидан бири, Ўз Роббисига исён қилмаслиги, гуноҳни орқасидан тавба ва истиғфорни тезлаштириши ва молида хато қилиб бировнинг ҳаққига кириб қолганда уни эгасига қайтириб садақа орқали нуқсонларини поклаши лозимдир.
Энг солиҳ банда, бир гуноҳни содир этганда уни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўрайдиганидир. Роббисига чин тавба билан зорланиб дуо қилади ва Аллоҳ таоло унинг гуноғини мағфират қилади.
قال بعض السلف: مَن وُفِّق للدعاء، فليُبشر بالإجابة
Баъзи салафлар айтганлар: Аллоҳ таоло қайси бандасига дуо қилишни муваффақ қилган бўлса, дуоси ижобат бўлиши билан хурсанд қилади.
Шунинг учун банда ҳар бир амалидан ўзига хайр етишлигини хис этади.
Ҳукамолар айтадилар : Танг вазиятга тушиб қолсанг, Аллоҳнинг рахмати ҳамма нарсадан кенглигини эсла!
Моддий нарсалар маънавий нарсалардан муҳим бўлганида жасад ерга кўмилиб, руҳ осмонга кўтарилмаган бўлур эди.
Инсонлар дунё ҳаётида истиқомат қилар эканлар, моддий бойликлар деб кўп гуноҳлар содир этадилар. Унинг сўнгги оқибати оғир тушкунлик олиб келганда ҳам чин тавба билан Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилсалар, уларни хотиржам ҳаётга олиб чиқади. Шунинг учун мўмин банданинг ҳаётида тавба истиғфорнинг ўрни жуда муҳим. Ота она фарзандларига тавба ва унинг фазилати ҳақида ёшлигидан таълим бериб бормоқликлари керак.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса қабул қилади», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таоло банданинг жони ҳалқумига келмасидан аввал тавбага шошилиши лозим ва ундан кечиктирса, кеч бўлиб қолади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузу гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар».
Тавбанинг ҳақиқий бўлиши учун тўрт шарт бордир:
1.Маъсиятдан дарҳол узилиш.
2.Маъсиятни қилганига астойдил надомат қилиш.
3.Яна унга ўхшаган гуноҳларни қилмасликка қатъий азму қарор қилиш.
4.Агар гуноҳ одамлар ҳақига тегишли бўлса улардан узр сўраб ҳақларини жойига қайтариш.
Бу шартлар бандани фаровон ҳаёт сари элтади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тавба қилар ва биз умматни тавба қилишга чақириб ушбу дуони таълим бердилар:
«Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг, ва мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Мазкур саҳеҳ дуони ёд олиб ибодатларга бардавом бўлмоқлигимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг каломида зикр қилган солиҳ бандалардан қилиб, хатоларимиз афв этилган ҳолда ҳаёт кечирмоғимизни насиб этсин.
Жасур домла Панжиев
Бухоро шаҳар “Имом Ғаззолий” жоме масжиди имом-хатиби
«орқага