ТАВҲИД ТУШУНЧАСИ
09 сентябр 2023 й.
1169 марта ўқилди.

 ТАВҲИД ТУШУНЧАСИ

Аллоҳ таолога бўлган бандаликнинг энг асосий таянчи ақийда ва имоннинг тўғри бўлишидадир. Чунки ақийдасига путур етган, имонида бузуқлик бўлган кишининг ибодати қабул бўлмайди ва қилган амали тўғри бўлмайди. Шу маънода, Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари айтадилар: "Ақийда билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдир", - дейдилар. Кимнинг ақийдаси тўғри бўлса, имони мустаҳкам бўлса, оз амали ҳам кўп бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади. “У, осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир”. (Фурқон сураси, 2-оят)
Бу оятда Аллоҳ таоло тўрт сифат билан сифатланмоқда "Осмонлару ернинг мулки унга хос бўлган..."Яьни, осмонлару ер ва улардаги барча нарсалар Аллоҳнинг хос мулкидир. Уларни унинг ягона Ўзигина тасарруф этади. Уларда нимани хоҳласа шуни қилади. "Ўзига фарзанд тутмаган" Бу ҳам баркамоллик, эхтиёжсизлик сифати. Чунки фарзандга муҳтожлик унинг ёрдамига кўз тутиш ёки у туфайли ўз номининг бу дунёда сақланиб колишидан умидвор бўлиш ожиз бандаларга хос. Аллоҳ таоло эса ўз зоти ила боқийдир, у ҳеч нарсага ҳожати йўқ Зотдир.
"Мулкида шериги бўлмаган." Танҳо Ўзи барча нарсанинг мулкидир. Ҳар бир нарсада Ўзи танҳо. Жумладан, малик бўлишда ҳам. Ҳеч бир нарсада ҳеч ким Унга шерик бўла олмайди. Тўртинчиси: "Ҳар бир нарсани ўлчов ила яратган Зотдир" Яъни, нарсаларни шундай яратибгина қўймай, аниқ ўлчов билан ўлчаб, шаклини, ҳажмини, замони ва макони, бошқа нарсалар билан бўладиган муносабат ва алоқаларини очиқ-ойдин аниқ қилиб яратган. Аллоҳ таоло бандаларига ақийдаси, имони, амали баракотдан нажот беради. Шунинг учун ҳам, ҳар бир мусулмон ўз имонини тўғрилашда ва ақийдасини ислоҳ қилишда, имкониятларини бой бермаслиги керак. Тўғри ақийдали бўлиши учун, тўғри эътиқодга ва таълимотга эга бўлмоқлик ниҳоятда муҳимдир. Тавҳид - луғатда бирор нарсага бирлик ва ягоналикни нисбат беришни ҳамда ундан кўпликни инкор этишни англатади. Шаръий истилоҳда эса, тавҳид инсоннинг Аллоҳга ширк келтиришнинг турли кўринишларидан воз кечиши ва Аллоҳ таолонинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам шериги йўқ деб, эътиқод қилишидир. Шунинг учун барча Пайғамбарлар ҳам инсонларни фақат тавҳидга чақирганлар, яъни Аллоҳни сифатида ҳам, рубубиятида ҳам, улуҳиятида ҳам шериги йўқлигини исботлаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Исломнинг аввалида инсонларни тавҳидга чақириб, ширкнинг барча туридан қайтарганлар. Ҳозирги кунда барча адашган оқимлар тавҳидни бузиб, ақийдада адашиб, залолатга кетмоқда. Шунингдек баъзи илмсиз ёки саёз илмга эга кимсаларни ҳам, соф исломий ақийда илмидан  узоқлашишликка чорламоқдалар! Аллоҳ асрасин.
Аллоҳ барчамизни тўғри эътиқод-у имон йўлида бардавом айласин.

"Хожа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон” жомеъ масжид
имом – хатиби Миржон Эгамбердиев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram