ТЕЖАМКОРЛИК БАХИЛЛИК ЭМАС
17 январ 2025 й.
733 марта ўқилди.

 ТЕЖАМКОРЛИК БАХИЛЛИК ЭМАС

Ризқ Аллоҳ таоло томонидан бандага ўлчов билан бериладиган неъматдир.  Парвардигор берган неъматлар шукрини адо этишлик ҳар бир инсоннинг бандалик бурчи саналади. Бизга берилган ҳаёт, соғлик, оила,  мол-мулк каби неъматлар Роббимизнинг инъомидир. Барчамиз қиёмат кунида улардан қандай фойдаланганлигимиз ҳақида сўраламиз. 
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақида бундай марҳамат этади: “Сўнгра ана ўша кунда, албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз” (Такасур сураси, 8-оят).
Динимиз тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Инсон пала-партиш харажат қилишдан сақланиши керак. Кундалик харажатларни меъёридан ошириб юбориш ярамайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Тежамкор бўлган (киши) камбағал бўлмайди” (Имом Аҳмад, Ибн Абу Шайба ва Байҳақий ривояти). 
Мусулмон киши сарф-харажатда исроф ҳам қилмайди. Бахиллик қилиб зиқналикка ҳам йўл қўймай, мўъдилликни лозим тутади. Баъзилар тежамкорликни бахиллик билан аралаштириб, бу иккиси орасида катта фарқ борлигини англамайди. Динимизда сахийлик мақтовли амал бўлса, бахиллик қоралангандир. Муҳим бўлмаган нарсаларга сарф-харажат қилишдан сақланиш тежамкорликнинг аломатларидан саналади. Бу фақат молиявий ҳаражатлар билан чегараланмайди. Балки, вақтни зое қилиш, озиқ-овқат махсулотларини керагидан ортиқ ишлатиш, сувдан нотўғри фойдаланиш каби ҳолатлар ҳам исрофнинг бир кўринишидир.
Эътиборсизлигимиз туфайли хонадонларимизда сув исроф бўлади. Баъзи хонадонларимизда газ пиликлари беҳуда ёнади. Ана шу ҳолатлар бизга баъзан арзимас кўриниши мумкин. Лекин беҳуда сарфлаганимиз сабабидан исроф қилиб гуноҳга йўл қўйган бўламиз. 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банда тежамкор бўлса, исрофдан сақланса ҳеч қачон муҳтожликни кўрмайди. Фақир бўлмайди. Рўзғорига барака киради. Яратган барчамизни исрофгар бўлишликдан сақласин. 


Бухоро шаҳар  “Абу Бакр Ас-сиддиқ” жомеъ масжид 
имом-хатиби Орифжон домла Тўқсанов
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:40
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram