АБУ ИСО АТ-ТЕРМИЗИЙ
03 октябр 2024 й.
185 марта ўқилди.
АБУ ИСО АТ-ТЕРМИЗИЙ
Ҳижрий учинчи аср ҳадис ва унга боғлиқ илмларни ажратиб берувчи босқич ҳисобланади. Бу аср ҳадисларни ёзишда улкан ривожланиш, ҳадис илмидаги истилоҳларни аниқ қилиб белгилаш ишлари билан бошланди. Мазкур ишлар суннатни сақлаш, уни ҳимоя қилиш, саҳиҳни мавзудан ажратиш учун кенг кўламдаги илмий ҳаракат билан олиб борилди. Бу ишни Имом Бухорийнинг катта устозларидан бир гуруҳи бошлаб бердилар. Имом Суютий ушбу даврда 295 та ҳофиз бўлганини ривоят қилади.
МУҲАДДИС – “муҳаддис”ликнинг энг паст даражаси бўлиб, юз минг ҳадисгача ёд билиши лозим бўлади. Муҳаддис бўлиш учун ҳадисшуносликдаги усул ал-ҳадис соҳасини мукаммал ва муфассал билмоғи керак бўлади.
Ибн Саййид ан-Нос раҳимаҳуллоҳ: “Бизнинг давримизда “муҳаддис” деб ҳадиснинг ривояти (нақл қилиш) ва дирояти (тушуниш, мазмунини англаш) билан шуғулланадиган, ровийларни биладиган, ўзининг давригача ривоят қилиб келган ровийларнинг кўпчилигини биладиган, уларни дастхатидан ажрата оладиган, ўзининг ёд олиш қобилияти билан танилган, устози ва устозининг устози халқ орасида таниқли бўлган кимсага айтса бўлади. Шунда ҳам биз 20 000 (йигирма минг) ҳадисни устози олдида ёзиб, ёдлаб ўтказмаган бўлса, уни ҳадис аҳли дея олмаймиз”, деганлар
ҲОФИЗ – юз минг ҳадисдан кўпроқ ёд олган бўлиши лозим. “Тафсири Жалолайн” соҳиби Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тадриб ар-ровий” асарида айтишларига қараганда, ҳофиз ҳадис иснодларини, аксар ровийларнинг исмлари ва таржимаи ҳолларини билиши шарт.
Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳга “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини ёзишга ундаган устози Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳимаҳуллоҳ бир ўтирганларида 70 000 (етмиш минг) ҳадисни ёддан айтиб туриб, шогирдларига имло қилиб ёздирганлар.
АМИР АЛ-МУҲАДДИСИН – олти юз минг ҳадис, балки ҳадис деб аталган барча ривоятларни ёддан биладиган одамга айтилади. Шу билан бирга қарийб барча ровийлар тўғрисидаги маълумотлар қувваи ҳофизасида сақланган бўлмоғи лозим. Бу хилдаги муҳаддислардан Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва унинг устозлари Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ, Али ибн Абдуллоҳ ал-Мадиний раҳимаҳуллоҳ, Шўъба раҳимаҳуллоҳ, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ, Яҳё ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг муборак номларини келтириш мумкин.
Абу Зуръа ар Розий раҳимаҳуллоҳ 100 000 (юз минг) ҳадисни: “Ҳар бир инсон “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (Ихлос) сурасини ёддан билганидек ёдимда сақлаганман!”, деганлар. Бир одам “Абу Зуръа икки юз минг ҳадисни ёддан билмаса, хотиним талоқ!”, деганида, “Агар у уч юз мингни айтганида ҳам хотини талоқ бўлмасди!”, дейилган. Унинг 700 000 (етти юз минг) ҳадисни ёддан билишига одамлар шахсан гувоҳ бўлганлар.
Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ эса ўзларининг шоҳ асарларини биз “Алҳамду”ни ёд билгандек ёд олган 400 000 (тўрт юз минг) ҳадис ичидан танлаб олганлар.
Уламолар баъзи ҳадис айтувчиларнинг ҳадисларни аралаштириб, саҳиҳини ҳам, заифини ҳам инсонларга айтаётганини кўргач, одамларни тўғри йўлдан оғишига олиб келишидан хавфсираб, ҳадислар ва уларнинг навларини ажратишди ва унга доир махсус қоидаларни ишлаб чиқдилар. Бу борада ҳадис имомлари, жарҳ ва таъдил, ровийлар тарихи олимлари орасида бир гуруҳи донг таратдилар. Улар янги бир илмий уйғонишга бошчилик қилдилар.
Али ибн Мадийний раҳимаҳуллоҳ ҳадис ва унинг бир қанча илмлари борасида тахминан 200 га яқин асар ёзиб қолдирган. У зот ҳақида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: “Мен ўзимни ҳеч кимнинг олдида (илмда) кичик санамайман. Фақат Али ибн Мадийний бундан мустасно”, – деган.
Юқоридаги ҳаракатлар натижасида ҳадис илмига асос солинди. Мазкур уламолардан сўнг Имом Термизийга устоз бўлган Имом Бухорий, Имом Муслим, Яъқуб ибн Шайба каби олимлар табақаси вужудга келди.
УСТОЗЛАРИ
Имом Термизий «Ал-Жомеъ» асарида бевосита 210 та шайхдан ривоят қилади. Улардан энг кўп ривоят қилган устозлари эса қуйидагилардир:
Абу Ражо Қутайба ибн Саъид ибн Жамил ибн Тариф ибн Абдуллоҳ Бағлоний Балхийдан 600 ҳадис ривоят қилган. Бу шахсдан Имом Бухорий 308, Имом Муслим эса 668 ҳадис ривоят қилган.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Башшор ибн Усмон Абдий Бундор Басрийдан 463 ривоят. ундан эса «Кутуби ситта» имомларининг барчаси бе- восита ривоят қилишган.
Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Ғайлан Адавий (мавло) Марвазийдан 301 ривоят. Ҳадис ривоятида сиқо ва ҳофиздир
Абу Сарий Ҳаннод ибн Сарий ибн Мусъаб Тамимий Кўфийдан 289 ривоят. Кўфанинг ҳадис бўйича имоми. Тақвоси сабабли «Кўфанинг роҳиби» номини олган. Сиқо ва ҳофиз
Абу Жаъфар Асом Аҳмад ибн Манийъ ибн Абдураҳмон Бағавийдан 255 ривоят. «Муснад» туридаги ҳадис тўплами муаллифи бўлган ушбу шахс сиқо ва ҳофиз саналади
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абу Умар Аданийдан 183 ривоят. Ундан Имом Муслим 216 ҳадис ривоят қилган
Абулҳасан Али ибн Ҳужр ибн Иёс Саъдий Марвазийдан 172 ривоят. Табаъ тобеинлардан бўлган бу шахснинг бешинчи бобоси саҳобалиги айтилади. Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Кешийдан (ваф. 249/863) 160 ривоят.
Зириклий Марокашнинг Фас шаҳридаги «Хизонат ал-қаравийн» кутубхонасида унга тегишли дастлабки қисми йўқолган улкан ҳажмдаги Қуръон тафсири ҳам борлигини хабар беради. У ишончли, ҳофиз, илм талабида кўп сафар қилган, таснифотлар муаллифи саналади
Абу Мусо Исҳоқ ибн Мусо ибн Абдуллоҳ Ансорий Маданий Кўфийдан 98 ривоят. Ишончли ва ҳужжат саналувчи олим. ҲУЖЖАТ – уч юз мингдан ортиқ ҳадиси шарифларни ёд олган бўлиши керак. Уч юз мингдан ортиқ ҳадисни ёд билган олимни “Ҳужжат” деб аталгани борасида уламолар иттифоқ қилганлар.
Абу Али Халлол Ҳулвоний Ҳасан ибн Али ибн Муҳаммад Ҳузалийдан 90 ривоят. ундан эса Имом Насаийдан бошқа барча «Кутуби ситта» имомлари бевосита ривоят қи- лишган. У китоб тасниф этган сиқо ровий ва ҳофиз.
Имом Термизийнинг асосий устозларидан бири Имом Бухорийдир. Имом Термизий “Ал-Жомеъ” асарида ҳам ундан 41 ривоят келтиради. Термизийнинг фикрича, у Ироқ ва Хуросонда ҳадислар соҳасида Имом Бухорийдан билимдонроқ кишини кўрмаган. Имом Термизий ва Имом Бухорий ўртасидаги давомий мулоқатлар Имом Бухорийнинг Нишопурда яшаган 250-255/864-869 йилларига тўғри келади. Имом Термизий Имом Бухорийнинг салоҳиятини эътироф этганидек, Имом Бухорий ҳам Имом Термизийнинг билимига катта баҳо беради: “Менинг сендан олган фойдам, сенинг мендан олган фойдангдан кўпроқдир”. Маълумотларга кўра, Имом Термизий устози вафотидан сўнг шунчалик йиғлаганки, ҳатто кўзи ожиз бўлиб қолади.
ШОГИРДЛАРИ
Имом Термизий бутун ҳаётини ҳадис ўрганиш ва уни ўргатишга бағишлаб, ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўплаб шогирдларга устозлик ҳам қилди. Унинг Имом Термизий шогирдлари:
Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий,
Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший,
Ҳаммод ибн Шокир Насафий,
Абу Мутиъ Мақҳул ибн Фазл Насафий,
Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али Найсобурий,
Абу Ҳусайн ибн Юсуф Фирабрий,
Довуд ибн Наср Паздавий,
Муҳаммад ибн Суфён Насафий,
Наср ибн Муҳаммад Ширакасий Самарқандий,
Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва бошқалар шулар жумласидандир.
Абу Исо Термизий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва мероси дунёнинг турли бурчакларида яшовчи, дини ва миллатидан қатъий назар, кўплаб олимларнинг илмий изланишлари мавзусига айланди. Араб давлатларида, Туркия, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда муҳаддис ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий тадқиқотларнинг сони ва салмоғи ошиб бормоқда.
Жамол домла Мавлонов,
Бухоро шаҳар "Масжиди Калон" жомеъ масжиди имом хатиби
«орқага