Имом Термизий -буюк муҳаддисдир
26 сентябр 2024 й.
66 марта ўқилди.

Имом Термизий -буюк муҳаддисдир
Ўрта асрларда яшаган кўпгина олимлар илм-фаннинг турли соҳаларига оид дунёвий фанлар билан бирга диний илмлар ривожига ҳам катта эътибор берганлар. Зотан диний илмлар жамият тараққиётида, инсонларнинг камол топиши ва уларнинг дунёқарашининг шаклланишида алоҳида роль ўйнаган.
Шундай буюк ватандошларимиздан бири, имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо аз-Заҳҳок ас-Суламий ал-Буғий ат-Термизий роҳимаҳуллоҳдир. У зот Мовароуннаҳрнинг машҳур муҳаддисларидан бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилган. Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довудлардан дарс олган. Шогирдларининг ёзишича: «Имом Бухорийнинг вафотларидан кейин Хуросон юртида илм, зеҳн, тақво ва зуҳд борасида Абу Исо ат-Термизийдек зот топилмайди».
Имом Термизийнинг энг машҳур китоби «Ал-Китаб ал-азийм»дир («Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»), у «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Термизий» номлари билан машҳур бўлиб, «Олти саҳиҳ»нинг тўртинчиси ҳисобланади. Ундаги ҳадисларни тўплаш учун имом Термизий Хуросон, Ироқ, Шом юртларида, Макка ва Мадина шаҳарларида илмий сафарда бўлган.
Имом Термизий «Сунан»ида фақат саҳиҳ ҳадисларни келтиришни ўзига шарт қилиб қўймаган, шунинг учун унда саҳиҳ, ҳасан ҳадисларбилан бир қаторда заиф ва иллатли ҳадисларни ҳам зикр қилиб, уларнинг заифлик сабабларини баён қилган.
«Сунани Термизий»даги ҳадислар сони 4000 тага яқин бўлиб, муаллиф уларни 42 бобга ажратган.
Бундан ташқари, имом Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-набавийя». «Китабул-илал», «Китабут-тарих», «Китабуз-зуҳд», «Китаб ал-асм вал-куна» ва бошқа кўпгина асарлари бор.
“Жомеъ ат-Термизий" - Мазкур асар тўрт минг атрофидаги ҳадисни ўз ичига олган бўлиб, қирқ икки бобдан иборат. Муаллифнинг ўзи ажратиб чиққан боблар қуйидагилар: поклик, намоз, закот, рӯза, ҳаж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, лион, савдолар, Расулуллоҳнинг ҳукмлари, тўловлар, ҳадлар, ов, қурбонликлар, назр ва қасамлар, сийратлар, жиҳод, кийим, таомлар, ичимликлар, яхшилик ва силаи раҳм, тиб, мерос, васиятлар, васийлик, совға, қадар, фитналар, туш, гувоҳликлар, тақво, жаннат васфи, жаҳаннам ҳақида, иймон, илм, изн сўраш, одоблар, адабиёт, мисоллар, Қуръон савоби, қироатлар, Қуръон тафсири, дуолар, фазилатлар.
Ушбу бобларга эътибор қаратсак, Имом Термизийнинг китоби фиқҳий мавзулардан ташқари сийрат, қироатлар, Қуръон тафсири ва фазилатларга тааллуқли маълумотларни ҳам ўз ичига олганини кўриш қийин эмас. Сунан китоблари эса фақат фиқҳий боблардан иборат бўлади. Демак, Имом Термизийнинг “Жомеъ”лари сунан китоблари сирасига эмас, Жомеъ китоблари сирасига киради.
Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг «Ал-Жомиъус-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деб айтадилар.
Имом Термизийнинг сифатлари;
У ўз илмига амал қилгувчи олим, художўй ва зоҳид инсон бўлган. Ҳофиз Умар ибн Аҳмад ибн Аллак Марвазий шундай деган: “Бухорий вафот этар экан Хуросонда ўзидан сўнг илм ва зоҳидлик борасида Абу Исога ўхшаган одамни қолдирган эмас. У кўзлари кўр бўлиб қолгунига қадар йиғлаган”.
Имом Термизийни машҳур қилган сифатларидан энг кўзга кўрингани бу унинг кучли хотира эгаси бўлганидир. Зеро у иқтидорли ҳофиз бўлган.
Имом Термизий туғилганида кўзлари ожиз бўлиб туғилган, деган гаплар ҳам учрайди. Ҳақиқатда эса у, Заҳабий ва Ибн Касирлар айтганларидек,  ўз ҳаётининг сўнги йилларида кўр бўлиб қолган.
Имом Термизий ҳижрий 279 (милодий 892) йили вафот этган, қабри: ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидадир.
Абу Исо Термизийнинг барча бизга қолдирган илмий бой мерослари инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-онага нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди. Аллоҳ ҳаммамизни ул зотнинг илмларидан баҳраманд айласин.

Вобкент тумани бош имом-хатиби Ғолиб Очилов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:17
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram