ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК
01 феврал 2024 й.
145 марта ўқилди.

 ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК

Тилни тийиш тақвонинг асосий самараларидан, инсонни жаҳаннамга ўтин бўлишидан сақловчи муҳим омиллардандир. Шайтон жаҳаннамга ўзи учун аҳл-шерик кўпайтиради. Ҳар бир сўзни айтаётганимизда, ҳар қандай иш қилаётганимизда, айниқса дин ҳақида, илм аҳллари ҳақида гапириб, ёзиб турганимизда ўзимизни бир тафтиш қилайлик. Нафсимиз учун гапиряпмизми, кимгадир ниманидир кўрсатиб қўйиш учун ёзяпмизми, қалбимиз туб-тубида яшириниб ётган риё, ужуб иллатларини ихлос билан хаспўшлаб видео жойлаяпмизми, ёки чиндан ҳам холис ишми булар? Ўзимизни сарҳисоб қилайлик. Ҳар ким ўзини танийди, қалбидан ўтаётган кечинмаларни жуда яхши билади. Аллоҳ эса барчасидан хабардор зот!
Зоҳирда ихлосли кўриниб, аслида маслаҳатни шайтони лаъийн билан қилаётган бўлмайлик. Зоҳирда гўзал амалларимизни кўз-кўз қилиб, ёлғиз қолганда Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тап тортмайдиган мунофиқлардан бўлиб қолмайлик. У ёқ-бу ёғимизга қарайлик, тафаккур қилайлик. Ўзимизни ҳам айблашга, ёқамиздан тутиб, «Эй осий банда, сен шунчалик покмисан? Фалон-фалон гуноҳларингни унутдингми? Агар Аллоҳ ўша гуноҳларингни кечирмасачи, ожизона қилаётган хатоли амалларингни қабул қилмасачи... унда нима қиласан? Охиратингдан шунчалик хотиржаммисанки, бошқалар ҳақида гапира бошладинг. Шу ҳолда ўлсанг аҳволинг нима бўлади?» дейишга журъат топайлик. Ижтимоий тармоқларга назар солинг. Шайтоннинг салтанатига ўхшаб қолмадими?
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: Вуҳайб ибн Вард шундай деганди: «Ҳамманинг олдида шайтонни сўкиб, ёлғиз қолганда унинг дўсти бўлишдан сақлан!».
Роббим гуноҳимизни кечирсин!
Улуғбек домла Жиянов,
“Мир Араб” олий мадрасаси мударриси 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram