ТИЛ ОФАТЛАРИ
06 июл 2024 й.
254 марта ўқилди.
ТИЛ ОФАТЛАРИ
بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин
Аллоҳ таолонинг одам фарзандларига ато этган саноқсиз неъматлари ичида энг улуғ неъматларидан бири тилдир. Сўзнинг аҳамияти шунчалик муҳимки, инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши, инсонлар ўртасини ислоҳ қилиши ёки бузиши мумкин. Аллоҳ таоло тилни ёмонликлардан сақлаб, тўғри сўз бўлишга тарғиб қилиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا
яъни: “Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси 70-71 оятлар).
Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир сўзи ҳисобда эканини бизга билдириб, шундай дейди:
مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ (سُورَةُ ق الْاَيَةُ-17).
яъни: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 17-оят).
Демак, фаришталар одамлар гапираётган, амалга ошираётган савоб ёки гуноҳ сўз ва амалларни ёзиб борадилар ҳамда бу китоб Қиёмат кунида ўқиб кўриши учун кишининг ўзига тақдим этилади.Ислом дини инсоннинг сўзлаган сўзини амал деб эътиборга олди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча яхшиликларнинг асли тилни сақлаш билан бўлишини баён қилганларида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бундан ажабланиб: “Ҳали гапирган нарсаларимизга ҳам жавоб берамизми?” деганларида Пайғамбаримиз шундай деганлар:
ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ في النَّارِ على وُجُوهِهِمْ إِلاَّ حَصَائِدُ ألْسِنَتِهِمْ (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
“...Онанг сенга йиғласин, одамларни дўзахга юзлари билан йиқитадиган нарса фақат тилларининг ҳосилидир” (Имом Термизий ривояти). Ҳадисдан маълум бўладики, тилга огоҳ бўлиш барча яхшиликларнинг асоси экан. Чунки тилнинг исёнига ширк, Аллоҳ таоло ва Расули ҳақида билмаган нарсасини гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик ва бошқа гуноҳлар киради. Уламоларимиз: “Ростгўйлик – дилингдаги ҳақиқатни тилингга чиқаришингдир”, дейишган. Демак, ибодатда, инсонлар билан муомалада, олди-сотди, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг дили билан тили бир бўлиши лозим.Бугунги ахборот асри деб аталаётган даврда энг катта муаммолардан бирига айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумотларни ҳамда турли бўҳтон ва уйдирмаларни тарқатиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталиб, мусулмон шаънига номаъқул гаплар айтилишидан ташқари, муқаддас динимизга ҳам таъна тошлари отилмоқда ва бу билан шариатимизда қайтарилган катта бузуқликларга йўл очилмоқда. Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам очиқ-равшан далил ҳисобланади:
كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ).
яъни: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар” ) Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Аллоҳнинг энг улуғ неъматларидан бўлган тилимизга эҳтиёт бўлиб, ҳар доим айтадиган ёки ёзадиган сўзларимизнинг оқибатини яхшилаб ўйлаб, кейин гапириш ёки ёзишимиз керак бўлади. Дунё ва охиратимиз учун ҳеч қандай манфаати бўлмаган нарсалардан тийилишимиз динимизнинг ҳам кўрсатмаси экан.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Аллоҳнинг энг улуғ неъматларидан бўлган тилимизга эҳтиёт бўлиб, ҳар доим айтадиган ёки ёзадиган сўзларимизнинг оқибатини яхшилаб ўйлаб, кейин гапириш ёки ёзишимиз керак бўлади. Дунё ва охиратимиз учун ҳеч қандай манфаати бўлмаган нарсалардан тийилишимиз динимизнинг ҳам кўрсатмаси экан.
Аллоҳ таоло тилларимизни Ўзининг зикри билан машғул қилиб, фақат яхшиликка ишлатиш, бекорчи ва гуноҳ сўзлардан тийиш бахтини насиб этсин! Омин!
Отабек Раҳимов,
Ромитан туман бош имом-хатиби
«орқага