ТИЛ ОФАТЛАРИ ХАҚИДА
02 июн 2020 й.
1138 марта ўқилди.
ТИЛ ОФАТЛАРИ
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менга икки оёғи орасидаги ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман", - дедилар. (Бухорий ва Термизий ривояти).
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни юриб бораётганимизда у зотга яқинлашиб: "Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг", - дедим.
"Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан, у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Ҳамда намозни қоим қиласан. Закотни адо қиласан, Рамазон (рўзаси)ни тутасан, Байтни ҳаж қиласан, - дедилар. Сўнгра: - Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми: рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради. Кишининг тун ичида ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир", - деб "Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур", оятини тиловат қилдилар. (Сажда сураси, 16-оят)
Сўнгра эса: "Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?", - дедилар.
"Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули", - дедим.
"Ишнинг боши Исломдир. Унинг умуртқа поғонси намоздир. Унинг ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир”, - дедилар. Сўнгра дедилар: - Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?".
"Ҳа, эй Аллоҳнинг Набийси", - дедим. Бас, у зот тилларини ушлаб:
"Мана буни тийгин!", - дедилар.
"Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун албатта (иқобга) олинамизми?", - дедим мен.
"Онанг азангни тутсин, эй Муъоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди!", - дедилар". (Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Тилдан кўра қамоқда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ", - деган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: "Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган".
Мухаллад ибн Ҳусайн: "Эллик йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим", - деган экан.
Манбалар асоси "Дин насиҳатдир" китобидан.
Вобкент тумани “Хожа Махмуд Анжир Фағнавий” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғ.Очилов
«орқага