Тинчлик — Исломнинг асосий қадрияти
15 январ 2026 й.
350 марта ўқилди.

Тинчлик — Исломнинг асосий қадрияти

Ислом дини бутун инсоният учун раҳмат ва ҳидоят дини бўлиб, у жамиятда тинчлик, осойишталик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатни қарор топтиришни олий мақсад деб билади. Ислом таълимотига кўра, тинчлик — фақат урушнинг йўқлиги эмас, балки инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, адолат ва бирдамликнинг қарор топишидир. Шу боис Ислом дини инсон қадрини улуғлаб, унинг ҳаёти, мол-мулки ва шаъни дахлсиз эканини таъкидлайди.
«Ислом» сўзининг ўзи ҳам тинчлик, омонлик ва итоат маъноларини англатади. Бу эса Ислом динининг моҳияти тинчликка асосланганини яққол намоён қилади. Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида тинчликни асраш, низо ва адоватдан узоқ бўлиш, инсонлар ўртасида сулҳ ва ярашувни қарор топтиришга катта эътибор қаратилган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
«Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам унга мойил бўл ва Аллоҳга таваккал қил»
(Анфол сураси, 61-оят).
Ушбу оят Ислом динида тинчлик ҳар қандай қарама-қаршиликдан устун қўйилишини кўрсатади. Ҳатто душман томони тинчлик истагини билдирса ҳам, мусулмон киши адоватни давом эттиришга эмас, балки сулҳга интилиши лозим.
Яна бир оятда Аллоҳ таоло мўминлар ўртасидаги биродарликни таъкидлаб, шундай дейди:
«Мўминлар биродарлардир. Бас, икки биродарингизни яраштиринг»
(Ҳужурот сураси, 10-оят).
Бу оят жамиятда юзага келган ҳар қандай келишмовчилик, низо ва адоватларни тинч йўл билан ҳал этиш, ўзаро кечиримли ва бағрикенг бўлиш зарурлигини ўргатади. Чунки бирдамлик бўлган жамиятдагина тараққиёт, барқарорлик ва маънавий юксалиш қарор топади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тинчлик ва осойишталикка алоҳида эътибор қаратганлар. У зот шундай деганлар:
«Мусулмон — одамлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир»
(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ушбу ҳадис Исломда тинчлик тушунчаси фақат уруш қилмаслик билан чекланмаслигини, балки ҳар бир инсоннинг атрофдагиларга сўз ёки амал билан озор бермаслиги, жамиятда хотиржамликни асраши зарурлигини англатади.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини тинчликни фақат шиор сифатида эмас, балки ҳаёт тарзи сифатида қарор топтиришни талаб қилади. Мусулмон киши ўз оиласида, қўни-қўшниси, жамоаси ва бутун жамиятда тинчликсевар, адолатли, бағрикенг ва яхшиликка даъват қилувчи бўлиши лозим. Зеро, тинч жамият — маънавий камолот, ижтимоий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Илёсов Ҳамза,
Ромитан тумани “Мулло Нарзи” жоме масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram