Тинч ва аҳил жамиятда ҳаёт барқарор ва баракали кечади.
03 март 2026 й.
146 марта ўқилди.
Тинч ва аҳил жамиятда ҳаёт барқарор ва баракали кечади.
Ислом динининг асл моҳиятини, хусусан, ақиданинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етмасдан туриб, айрим кимсалар томонидан диндан мутлақо йироқ бўлган ғоялар илгари сурилаётгани афсусли ҳолдир. Аслида эса Ислом дини инсонларни эзгуликка, яхшиликка, тинчликка, бирдамликка, ҳамжиҳатликка ва ўзаро меҳр-оқибатга чорлайди.
Қуръони Каримда тинчликни асраш, жамиятда осойишталикни таъминлаш ва нотинчлик, бузғунчилик, зўравонликка сабаб бўладиган ишлардан қайтариш мазмунида кўплаб оятлар нозил қилинган. Жумладан, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар! Ёппасига тинчликка (Исломга) киринглар ва шайтоннинг йўлларига эргашманглар».
Бу оят мусулмон кишини тинчлик, осойишталик ва барқарорлик йўлига даъват қилади. Шунингдек, муборак ҳадисларда ҳам тинч-тотув ҳаётнинг аҳамияти яққол баён этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий мусулмон – тили ва қўлидан бошқалар омонда бўлган кишидир», деб марҳамат қилганлар.
Яъни, комил мусулмон инсон нафақат қўли билан, балки сўзи билан ҳам ҳеч кимга озор бермаслиги лозим. Яна бир ҳадисда эса: «Ўзингизга лойиқ кўрган нарсани мўмин биродарингизга ҳам лойиқ кўринг. Ўзингизга раво кўрмаган нарсани унга ҳам раво кўрманг», деб таъкидланган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Қуръони Карим – илоҳий китоб бўлиб, унинг маъно-мазмуни ниҳоятда чуқур ва мураккабдир. Уни ҳар қандай араб тилини билган киши ёки таржима ўқиб олган одам ўз хоҳишига кўра шарҳлаб, ҳукм чиқариши жоиз эмас. Қуръонни тўғри тушуниш учун чуқур илм, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва уламолар меросига таяниш шарт.
Афсуски, айрим илмсиз ёки ярим билимли кимсалар араб тилидан озгина хабардор бўлиб ёки таржималарга суяниб, ўзларини дин вакили сифатида кўрсатмоқдалар. Улар Қуръон оятларини ўз ғаразли мақсадларига мослаб талқин қилиб, одамларни ҳақ йўлдан адаштиришга уринишмоқда. «Қуръонда бундай дейилган», «оятда ундай айтилган», дея асл маънодан юз ўгириб, динни нотўғри кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар.
Хусусан, «жиҳод», «шаҳидлик», «ҳижрат» каби атамаларнинг ҳақиқий маъно-мазмунини тушунмасдан, уларни зоҳирий ёки ғаразли тарзда талқин қилиш оқибатида Ислом дини халқ кўзида нотўғри, ҳатто хатарли кўринишда акс этмоқда. Бу эса диндан безишга, нотинчликка ва жамиятда ишончсизликка олиб келади.
Аслида Ислом дини қуёшга ўхшатилган. Қуёш чиқиши билан ер юзидаги барча мавжудот ундан фойда кўради: у ҳеч кимга зарар етказишни истамайди, балки ҳаёт, нур ва барака улашади. Ислом ҳам худди шундай – у инсонга зарар эмас, манфаат, адолат ва раҳмат олиб келади.
Жаннатмакон Ўзбекистон заминида аждодларимиз асрлар давомида Ислом динига амал қилиб, турли миллат ва элат вакиллари билан тинч-тотув, елкадош ва аҳил яшаб келганлар. Улар нонни бўлишган, қўшничиликни асрашган, осойишталикни қадрлашган. Уруш, қон тўкиш ва қўпорувчиликни тарғиб қилмаганликлари – уларнинг тўғри йўлда бўлганига, бузғунчи ғоялар эса Исломга бегона эканига ёрқин далилдир.
Ачинарли томони шундаки, кейинги йилларда юртимиз тараққиётини кўра олмаётган ғаразли кучларнинг макр ва ҳийлаларига учиб, айрим ватандошларимиз ўз она Ватанига, ўз миллатига ва буюк аждодлар меросига беҳурматлик қилиб, ўзларини «дин ҳимоячиси» деб атаётган бузғунчи гуруҳлар сафига қўшилиб қолмоқдалар.
Бу ҳолатнинг асосий сабаблари:
•илмсизлик,
•нафсни тийиб тура олмаслик,
•қалб кўзининг ёпиқлиги,
•яқин атрофдагиларнинг лоқайдлиги ва бефарқлигидир.
Агар атрофдагилар бундай ҳолатни ўз вақтида пайқаб, маҳалла фаолларига, имом-хатибларга ёки тегишли идораларга хабар берганида эди, кўплаб нохуш ҳолатларнинг олди олинган бўлар эди. Шунингдек, агар ўша кимсаларнинг ўзларида илм ва онг бўлганида, улар бу ғаразли даъватларнинг дин моҳиятига мутлақо зид эканини англаб етар эдилар.
Тинч-тотув ҳаёт – ҳақиқатан ҳам завқли, мазмунли ва баракали ҳаётдир. Ислом дини айнан шу тинчликни асрашга, инсон қадрини улуғлашга ва жамият барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Биз ишонамизки, Аллоҳ таолонинг мадади билан юртимиз тараққиётига ҳеч қандай куч тўсиқ бўла олмайди. Чунки бу замин Яратганнинг ҳимоясида. У Зотдан тинчлигимизни, осойишталигимизни ва бирдамлигимизни доимий қилишини сўраймиз.
ФАРҲОД ЖУМАЕВ
Бухоро шаҳар “Дилкушо” жомеъ
масжиди имом хатиби
«орқага















