Томорқалардан унумли фойдаланайлик.
13 апрел 2020 й.
1003 марта ўқилди.

 

Томорқалардан унумли фойдаланайлик.

Маълумки, Ер борлиқдаги сон-саноқсиз мавжудотлардан биттаси, ҳаттоки энг кичикларидан бири ҳисобланади. Аллох таоло Ар-Роҳман сурасида марҳамат килади: "Ва ерни халойиқ учун қўйдик".  (10- оят)
  Ернинг яралиши, унинг устида инсонлар ва жонзотлар яшашига мосланганлигидир. Бу ҳолат Аллоҳнинг чексиз қудрати далилидир. Нима учун бошқа сайёраларда жонзотларнинг яшаши учун имкон йўқ? Ердаги ҳаво, сув, тупроқ, ернинг тортишиш кучи ва бошқа миллионлаб хусусиятларни вужудга келтирган Аллоҳ уларни бир-бирига мослаб турли хил набодот олами-ю, чорва ҳайвонларни,  инсон манфаати учун хизматкор қилиб қўйган.
  "Унда мева-чева ва гулкосали хурмолар бор".  (Ар-Роҳман сураси, 11-оят). Ерни яшаш учун мослаб, жонзотларга ризқ-рўзини сероб килганлиги, турли-туман мева-чевалар ичида гулкосали хурмолар ҳам борлиги зикр қилинмоқда. "Ва сомонли донлар ҳамда райхонлар бор". (Ар-Роҳман сураси, 12-оят). Ушбу оятда инсонлар учун, тобеь қилинган жониворлар учун асосий озуқа бўлмиш донли неъматлар эслатилмоқда. Шу билан бирга, инсоннинг тўла роҳат олиши, хушбўй ҳидлардан баҳра олиши учун райҳонлар борлиги  зикр қилинмокда. Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки,  айниқса бизнинг жаннатмонанд юртимиз ерлари ва далалари юқоридаги оятларда зикир қилинганидек унумдор ва баракали. Юртимиздаги мевали ва мевасиз дарахтлар деймизми, турли хил сабзавот-у полизларми, турфа хил гул-у райҳонларми  барчаси мавжуд. Фақат ўзимиз бу неъматлардан оқилона фойдалансак бас.
  Ҳозир юртимизда айни баҳор мавсуми бўлиб, экинлар экилиб, парвариш қилишга бошланиш даври. Бундан ташқари бутун дунё ва юртимизда коронавирус туфайли барчамиз карантинда уйларимизда ўтирибмиз. Аллоҳнинг бу синовли вақтларини беҳудага ўтказмасликка ҳаракат қилайлик, Фарзанд-ларимиз тарбияси, таълим олиш жараёнидан четда қолмаслигини доимий назоратдан қочирмаган ҳолда, улар билан биргаликда томорқамиздан унумли фойдаланишга эътибор бериб меҳнат қилсак ва Аллоҳдан неъматини мўл ва баракотли қилишини сўрасак ҳатто қора тупроқ бўлсада,  Аллохнинг Ўзи қут-баракасини ато этади.
 Юқорида ўрганган ояти карималардан маълум бўладики, Аллоҳнинг бандаси Ер юзида яшаб, ибодат қилиб, ҳалол пок меҳнати билан, унга ато қилинган неъматлардан фойдаланиб шукронасини қилса икки дунёси саодатманд бўлиши маълум бўлмоқда.
  Эй Аллоҳ, Юртимиздан барча балойи офатларни кўтариб, Ўзингга шукур қилувчи бандаларинг қаторидан қил. Умри-жонимиз, фарзандларимиз ва деҳқончилигимизга ҳам Ўзинг барака ато эт, Амин!

Вобкент тумани “Чашмаи-Айюб” жомеъ масжид
имом-хатиби Амон Рахимов.
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram