Тўй маросимларини ихчамлаштириш – шукроналик ва барака манбаи
06 август 2025 й.
401 марта ўқилди.

Тўй маросимларини ихчамлаштириш – шукроналик ва барака манбаи
Бугунги кунда юртимизда тинчлик, эркинлик ва кенг имкониятлар бор. Аммо шу билан бирга, ҳар бир оилада ўзига хос ташвишлар ҳам йўқ эмас: касаллик, ишсизлик, фарзандларни ўқитиш, уй-жойли қилиш каби масъулиятлар ҳар бир хонадоннинг елкасида турибди.
Шундай шароитда биз – она-оталар ва айниқса маҳаллаларда халқ дардига қулоқ тутадиган отинойилар – халқимизнинг оғирини енгил қилиш, елкадош бўлиш учун ҳаракат қилишимиз шарт. Бунинг муҳим йўлларидан бири – тўй ва маросимларда ортиқча исрофдан қочиб, соддалик ва ихчамликка амал қилишдир.
Қадимдан тўйларимиз қўшни, қариндош ва дўстлар йиғилиб, дуо қилиш, келин-куёвга бахт тилаш учун ўтказилган. Аммо cўнги пайтларда айрим тўйлар нафақат шодлик, балки оилалар учун оғир юкка айланиб қолди. Йиллаб йиғилган маблағни сарфлаш, устидан яна қарзга ботиш – бу шодлик эмас, балки қийинчиликка айланади.
Ота-она фарзанди учун борини аямайди. Лекин уларни қарзга қўйиш, йиллаб қарздан чиқолмай юришга мажбур қилиш – фарзандлик бурчига зид ишдир. Шунинг учун ҳам ҳар бир тўй маросимида маънавий бойлик, самимийлик ва эҳтиёткорлик устувор бўлиши лозим.
Тўй – дуо, тўй – шукрона. Ортиқча карнай-сурнайлар, юзлаб одамларга ош тарқатиш, ўзаро рақобат ўрнига самимий дуо, ислом одоб-ахлоқи ва ихчамлик бўлсин.
Биз, отинойилар, маҳалла-кўйда эътиборга эгамиз. Ҳар бир маънавий тадбирда, жаноза ва туғилган кунларда, ёшларнинг тарбиясида иштирок этамиз. Шунинг учун ҳам тўй-маросимларни соддалаштириш борасида тарғиботни аввало биз бошлашимиз керак.
Масжидларда, маҳалла йиғилишларида, хотин-қизлар учрашувларида тўй қилмоқчи бўлаётган оилаларга ихчамликнинг фазилатини тушунтириш, ёш келин-куёвларга самимий насиҳат бериш – сўзимиз халқ қалбига тез етиб боради.
Чунки тўйнинг асл фазилати ортиқча харажатда эмас, балки яхши ният, дуо ва ихлосдадир. Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқарсак, халқимизда оғир бўлаётган юклар енгиллашади, муҳаббат ва барака кўпаяди.
Ҳар бир онанинг, ҳар бир отинойининг дуоси – миллатнинг меҳри. Келинг, тўйларимиз шодлик ва самимийликка тўла, маросимларимиз зебо ва исрофдан холи бўлсин. Қалбларимиз бирлашсин, ниятларимиз соф бўлсин.
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар
масалалари бўйича ўринбосари 
Р. Бахрамова
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:59
Пешин: 13:10
Аср: 16:20
Шом: 17:55
Хуфтон: 19:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram