Тӯй ва маросимларимиз: Исроф эмас, ибрат бўлсин!
29 июл 2025 й.
483 марта ўқилди.

Тӯй ва маросимларимиз: Исроф эмас, ибрат бўлсин!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таоло инсонга саноғсиз неъматлар ато этган ва бу неъматларни дунё ҳамда охират учун фойдали йўлларда ишлатишни буюрган.
Яратганга шукр, юртимизда шоду хуррам кунлар, тӯй ва байрамлар кўп учрайди. Кимдир ўғлини уйлантиради, кимдир қизини узатади.
Халқимиз меҳмондўст, саховатли — “топганимни эл билан баҳам кўрсам” дейди. Тўй қилиш, халққа ош тарқатиш, меҳмон чақириш — узоқ йиллардан бери шаклланган миллий қадриятларимиздандир. Тўйларимиз нафақат қувонч, балки кимлигимизни кўрсатувчи кўзгудир.
Бироқ кейинги пайтларда баъзи тўйлар “ким ўзар” мусобақасига айланиб бораётгани ачинарли ҳол. “Мен сендан камманми?” деган ўйлар билан ортиқча исроф, ҳашам ва манманлик авж олмоқда. Бу эса чин мўминнинг иши эмас.
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам):
"Иқтисод қилган киши ҳеч қачон камбағал бўлмайди, маслаҳатлашган киши пушаймон бўлмайди", — деганлар.
Ҳақиқатан ҳам, меъёрда қилинган ҳар бир ишда барака бор. Исроф эса афсус ва надоматга сабаб бўлади.
Асри саодатдаги тўйларга назар ташласак, улуғ саҳобаларнинг никоҳлари ортиқча шовқин-сурон ва исрофдан холи бўлган. Масалан, Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)нинг Фотима (розияллоҳу анҳо) билан бўлган тўйи ибратли мисолдир. Алининг маҳри учун бор-йўғи бир совути бор эди. Ушбу совут Усмон (розияллоҳу анҳу) томонидан харид қилиниб, кейин Алига совға қилинади. Тўй куни яқинлашганда эса, Али совутни гаровга қўйиб, бироз арпа ва бир қўй олади. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) эса хурмо ва зайтун ёғи юбориб, таом тайёрлашда ёрдамлашадилар.
Фотиманинг сеплари ҳам жуда оддий: икки кўйлак, қўй терисидан ёстиқ, чўмич, элак, тахтача ва бошқа зарур буюмлар. Шу нарсалар билан дунё ва охират бахтини топган уй қурилади.
Кимдир бу ҳолатга “олийжаноб инсонларга шундай оғир шароит тўғри келибди” дер. Аммо кейинчалик мол-дунёга эга бўлишса ҳам, саҳобалар ҳашам ва исрофга берилишмаган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, балки ўрта йўлни тутганлар бўладилар.” (Фурқон сураси, 67-оят)
Бугунги кунда тўйларимиз тинчлик ва фаровонлик шароитида ўтмоқда. Бу — шукр қилиш учун катта имконият. Аммо бу “истаганингни қил” дегани эмас. Ортиқча сарф-харажатни болаларнинг таълими, янги оиланинг бошқа эҳтиёжларига йўналтириш мақсадга мувофиқ. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир ишда меъёрни сақлашни тавсия қилганлар.
Хулоса: Тўйларимиз зеб-зийнат ва исроф эмас, ибрат ва барака манбаи бўлсин.
Равшан Камолов,
Бухоро шаҳри “Хўжа Абдуллоҳ Сафедмуй” жоме масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:27
Пешин: 13:10
Аср: 17:20
Шом: 19:05
Хуфтон: 20:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram