Туғилган кун ҳақида
05 ноябр 2016 й.
12041 марта ўқилди.

 Туғилган кун ҳақида

Инсоннинг умри бебаҳо. Агар унинг умри иймон билан йўғрилган бўлса, нақадар ҳам яхши. Бу бетакрор умр инсоннинг туғилиши билан бошланди. Аллоҳ таоло томонидан берилган умр неъматининг шукронаси, албатта Унга ибодат қилишлик ва бу умрни солиҳ амаллар билан тўлдириб адо этилади. Аллоҳ таоло шу ҳақида Ўзинниг китобида марҳамат қилади:
قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَٰلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ
 
“Сен: «Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт.” 
Шу сабабли мусулмон иймону ибодат билан ўтказаётган умрининг ҳар бир саҳифасида хурсанд бўлиб, шу хурсандлигини атрофидаги ўз яқинлари билан баҳам кўриши керак. Аммо бандачилик сабабли қилиб қўйилган хатою маъсиятлар учун киши ўзи ёлғизлигида Роббиси билан бўлиб, кечирим сўраши керак.
Ислом дини келиб инсонни залолатдан ҳидоятга чиқарди, зулмдан қутқариб адолат сари бошлади,  бахтсизликдан саодатмандлик томон йўллади ва тушкунликка тушишдан тўхтатиб шоду хуррамликка чақирди. Мусулмон киши ҳаётнинг ҳар бир мубоҳ бўлган қувончларидан завқланиши керак. Чунки Ислом дини қайғу ва хафагарчилик дини эмас.
Имом Ибн Ҳазм: “Жиддийлик бир оз дилхушлик билан тўғри бўлади. Бировнинг дилхушликдан бутунлай воз кечиши жоиз эмас. Жиддий ишларни қарши олиш учун нафсни бақувват қилишга дилхушлик зарур. Доимий вазмин ва оғир бўлиш динда йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазиллашар ва ҳақдан бошқани айтмас эдилар. Шунингдек, ҳазрати Али ҳам”, дер эдилар.
Бугунги кунда келиб бемазҳаблар ўзларининг ҳар қандай даъволари билан одамларни Ислом динидан нафратлантиришмоқда. Нима эмишки, иккита байрамдан бошқа байрам йўқ, жума куни билан табриклаш мумкин эмас, туғилган кунни нишонлаш гуноҳ, мавлуд ўтказиш бидъат, бидъат залолат, залолат эса жаҳаннам деб ҳаммани чарчатдилар.
Келинг, азизлар, туғилган кун ҳақида бироз фикрлашайлик. Худои таоло Қуръони Каримда Ийсо алайҳис саломнинг айтган гапларини келтиради:
وَالسَّلَامُ عَلَيَّ يَوْمَ وُلِدْتُ وَيَوْمَ أَمُوتُ وَيَوْمَ أُبْعَثُ حَيًّا
 
 “Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир”, деди.” 
Албатта, бу оят бизларга туғилган кунни нишонлаш ҳақида далил бўлолмайди, бироқ кишининг таваллуд топган куни у учун эътиборли кун эканлигини кўрсатади. 
Имом Муслим ва Имом Абу Довуд келтирган ҳадисда: Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ عَنْ صَوْمِ الِاثْنَيْنِ فَقَالَ : " فِيهِ وُلِدْتُ وَفِيهِ أُنْزِلَ عَلَيَّ " .
 
«Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан душанба куни рўза тутишларининг сабаби сўралганда, у Зот: «Ўша кунда туғилдим ва ўша куни менга Қуръон нозил қилинди», деганлар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам туғилган кунларини эътироф этиб рўза тутишлари, киши ўзини дунёга келган кунини унутмасдан, балки уни бирор бир амали солиҳ билан нишонлаб туришини кўрсатмоқдалар.
Имом Аҳмад ва Имом Абу Яъло келтирган ҳадисда: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
فقد روى الإمام أحمد وأبو يعلى في مسنديهما وغيرُهما بسند صحيح حديثَ جابر في حجة الوداع وفيه: وكان جماعة الهدي الذي أتى به النبي صلى الله عليه وسلم والذي أتي به عَلِيٌّ مائةً، فنحر رسول الله صلى الله عليه وسلم بيده ثلاثة وستين، وأعطى عليا فنحر ما غبر وأشركه في هديه. الحديث.
 
Ҳажжатул вадоъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 100 та қурбонликдан мўлжалланган жойга бориб, ўз қўллари билан 63 та туяни сўйдилар. Туяларнинг қолгани уларга қурбонлик келтиришда шерик бўлган Али томонидан сўйилди”. 
قَالَ أَبُو حَاتِمٍ ـ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ـ:الْعِلَّةُ فِي نَحْرِ الْمُصْطَفَى صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثلاثاً وستين بدنة بيده أَنَّ لَهُ فِي ذَلِكَ الْيَوْمِ كَانَتْ ثَلَاثًا وَسِتِّينَ سَنَةً وَنَحَرَ لِكُلِّ سَنَةٍ مِنْ سِنِيهِ بَدَنَةً بِيَدِهِ وَأَمَرَ عَلِيًّا بِالْبَاقِي فنحرها
 
Абу Ҳотим розияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан 63 та туяни сўйганликларини сабаби, ўша пайтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам 63 ёшда эдилар. Яшаган умрнинг ҳар бир йили учун қурбонлик сўйдилар ва қолган қурбонликларни Ҳазрати Алига сўйишликларини буюрдилар”, деб айтадилар.
Бу гапни Имом Нававий ҳам “Шарҳу саҳиҳил Муслим”да ва Ибн Қайюм ҳам “Зодул маъод” номли асарларида ушбу юқоридаги маълумотларни келтирганлар.
Ушбу ҳадис билан мусулмон умрининг ҳар бир йили учун жонлиқ сўйиши ёки зиёфат беришлиги мумкинлиги келиб чиқади. 
Энди бир ўйланг, мусулмонлар бир-бирларига яхши тилаклар айтиб дуо қилишлари, кўнгилларига сурур ва шодлик улашишлари, совға-салом тарқатишлари ва ҳалол таомлардан тортиқ қилиб бир бирларига эҳсон қилишлари, мўминни хурсанд қиладиган ишларнинг ҳаммаси, динимизда хайрли амаллардан эмасми?!
 
Имом Ғаззолий ўзларининг “Иҳё улумид дин” номли китобларида қуйидаги ҳодисани ривоят қиладилар:
وقال علي كرم الله وجهه لما رأى زينة النبط بالعراق في يوم عيد: ما هذا الذي أظهروه؟ قالوا: يا أمير المؤمنين هذا يوم عيد لهم، فقال: وَكُلُّ يَوْمٍ لاَ يُعْصَى اللهُ فِيهِ فَهُوَ لَنا عِيدٌ.
 
Бир куни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу байрам куни Ироқликларни Набт ўлкасининг зийнатларини кийиб хурсандчилик қилаётганларини кўргач сўрадилар: “Бу қандай кун бўлди?” “Эй амирал мўъминийн, бу кун уларнинг байрами” деганларида. Ҳазрати Али марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таолога гуноҳкор бўлмайдиган ҳар бир кун, у биз учун байрамдир”.
Али розияллоҳу анҳунинг ҳадислари нимага далолат қилади? Яъни мусулмон киши ҳаётида учрайдиган ҳар қандай хурсандчиликларида Аллоҳни эсдан чиқармай, гуноҳдан узоқлашиши лозим.
Тўғри, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг даврларида туғилган кунларини нишонлаб бир бирларини чақириб зиёфат беришмаган, аммо биз бир нарсани тушунишимиз керакки, Ислом дини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар замони билан чекланмайди. 
Бугунги кунда саҳобалар орасида урф бўлмаган ҳамма амалларни йўққа чиқариш бидъат деб рад қилиш фикр доираси тор бўлган калта ўйловчиларнинг хато хулосасидан бошқа нарса эмас. Ўша “саҳобалар қилмаган ишни қилиш бидъат бўлади”, деб юрганларнинг ўзлари қилиб юрган амалларини тафтиш қилиб, ичидан саҳобалар қилмаганларини ажратиб бир рўйҳатга тизилса, камида уч-тўрт жилд китоб бўлса ажабланмасангиз ҳам бўлади. Бу ҳақда марҳум шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам интернет орқали йўлланган саволга жавоб тариқасида айтиб ўтганлар.
Бизда диний байрамлар бор, миллий байрамлар бор, урфий хурсандчиликлар бор. Туғилган кунни нишонлаш эса айнан бир миллатнинг урфи эмас, балки ҳозирда оммавийлашиб кетган. Шунинг учун бир қавмга ташбеҳ бўлмайди. Чунки ўзини ўхшатиш бирор қавм билан шу ҳолда бўладики, ўша қавмга хос бўлсин, бошқа қавмда топилмасин. 
Имом Шотибийнинг бидъатни таърифида: “Бидъат фақат ибодатларда бўлади” деганлар. Туғилган кунни нишонлаш эса бу ибодат эмас, балки одат. Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг жавҳарига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. 
Хуллас, Ҳиндистоннинг буюк алломаларидан Ашраф Али Таҳонавий ва Рашид Аҳмад Гангоҳи туғилган кунни нишонлаш ҳақида шундай фатво берганлар: “Инсонни туғилган куни билан табриклашда ёки унинг ҳаққига яхши тилакларни айтишда ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Чунки туғилган кунни нишонлаш бирор дин ёки миллатга тегишли эмас. Бутун дунёда оммавий одатлардан ҳисобланади. Ўша кунда туғилган кун учун алоҳида совға кутишлиги мумкин эмас. Агар олиб келишган бўлса, уларнинг кўнгилларини оғритмаслик учун қабул қилади.
Туғилган кун нишонланаётган базм шаритага мувофиқ ўтказилади. Бошқа бир миллатнинг урф одатлари қилинмайди. Масалан: шам ёқиб ният қилиш, алоҳида қўшиқлар айтиш, номаҳрам аёл ва эркакларнинг аралашиб ўтириши ва ҳаром нарсаларни дастурхонга тортиш ва ҳоказо... яна зиёфатга чақирилган киши боришлиги”.
 
 
“Масжиди Калон” жомеъ масжидининг 
имом хатиби ва “Мир Араб” ўрта махсус
 ислом билим юртининг мударриси
Мавлонов Жамол
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram