Тўй-маросимларда ҳаддан ошманг!
08 октябр 2015 й.
2532 марта ўқилди.

 Тўй-маросимларда ҳаддан ошманг!

 
   Дунёдаги кўп халқлар қатори биз - ўзбекларда ҳам азалдан оила ва никоҳ муқаддас саналиб, эъзозланган.  Шу боис ўзбеклар доимо тўйларига алоҳида эьтибор берганлар.
 Аждодларимиз никоҳни Аллоҳ буюрган шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда ўтказишга интилганлар.  Тўй расм-русмлари ҳам никоҳни, оилани мустаҳкамлашга қаратилган. Тўйлар халқни маънавий-руҳий томондан тарбияловчи восита бўлган.
   Кейинги юз йилликда ўзбеклар ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, юртимизнинг рус истеълочилари томонидан босиб олиниши ва улар олиб борган руслаштириш сиёсати халқимизнинг муқаддас аньаналарига, жумладан, тўйларга ҳам ўз таъсирини ўтказди.  Ота боболаримиз асрлар давомида риоя қилиб келган аньаналар, расм-русмлар унутила бошлади,  шариат аҳкомларига риоя этилмай қўйилди.
   Асримизнинг 60-йилларида, аввало "қизил тўй", кейинроқ "комсомолча тўй" деб номланган "янгича" тўйлар пайдо бўлди.  Сўнгра бу тўйлар "базм" деб атала бошлади.  Бундай тўйларда Ислом дини томонидан ҳаром таъқиқланган спиртли ичимликлар истеьмол қилинди. Оқибатда халқимизнинг имони сустлашди, руҳи ўтмаслашди, ўзи жисмонан заиф ва ожиз бўлиб қолди.  Баъзилар эса тўқликка шўхлик қилиб ким ўзарига, сендан мен камми зайилида иш тутиши оқибатида исрофгарчилик каби иллатларнинг авж олишига сабабчи бўлдилар.     Буларнинг яъни исроф ва манманликларнинг оқибатларида: оилавий можаролар, эр-хотин орасидаги низолар, қўйди-чиқдилар, болаларнинг тирик етим бўлиб қолиши, етимхоналарнинг кўпаяётганлиги ва ҳоказо… ҳоказо….  Ахир, камтарона ва покиза тўйлар ўтказган бизнинг аждодларимиз бундай фожеаларни билмаганлар-ку, бундай исрофгарчиликларни ўзлари учун ор билганлар-ку?! 
  Мустақиллик даврида халқимиз ижтимоий хаётида, ижтимоий-сиёсий қарашларида туб ўзгаришлар содир бўлди. Лекин, афсуски, тўй расм-русумларида ижобий силжишдан кўра, салбий - номақбул одатлар кўпроқ кўзга ташланмоқда. Никоҳнинг муқаддаслигини англаш, уни пок сақлаш, ҳаром-харишдан асраш ўрнига латта-путтага берилиш, молу дунёга, дабдабага, ҳою - ҳавасга ҳирс қўйиш тобора авжига чиқмоқда. Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка қарамай, тўйларни дабдабага айлантириш, дастурхонга, сарпо ва либосларга ҳашам бериш, кайф - сафо, маишатга муккасидан кетиш камайиш ўрнига кучаймоқда. Бундай тўйлар жуда кўпчиликнинг жонига теккан бўлса-да, тўйларни бошқача тартибда ўтказиш учун ҳеч кимда ирода, қатъият етишмаяпти.
Айни замонда тўй ўтказаётган ота-онага тўй қилиб таниш-билишларнинг кўнглини олишдан ҳам кўра фарзандининг бахтли бўлиб кетиши, ўқиладиган никоҳ хайрли, қурилажак оила мустаҳкам бўлиши муҳимроқ бўлса, улар фикримизча, исрофгарчиликка йўл қўймасликлари, ноз-меъматларни, сарпо-сидраларни, қизнинг сепини ошириб-тоширмаслик ҳамда бир неча миллионлик тўйхоналарда маросимини ўтказмаслик лозим бўлади.
Шундай ҳолда, шубҳасиз, ўз фарзандига ва бошқаларга бахт улашган, яхшилик қилган, қурилаётган ёш оила пойдеворининг мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшган бўлади.
 
 
 
 
 
Мир Араб мадрасаси талабаси 
Саидов Шаҳбоз
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram