Ўқитувчилар ва мураббийлар ҳаёт гултожларидир.
30 сентябр 2021 й.
876 марта ўқилди.

 
Ўқитувчилар ва мураббийлар ҳаёт гултожларидир. 

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: «Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз».
Дунёда касблар жуда кўп. Ҳар бирининг ўзига ҳос жиҳатлари бор. Масалан, ҳуқуқшунослик ёки банк соҳаси масъулиятли, анча жиддий соҳа сифатида кўз олдимизда намоён бўлади. Ошпазлик ёки тикувчилик оддий касбдек туюлади.
Аммо менга қолса, касбларнинг энг яхшиси ўқитувчилик. Чунки, ҳар биримизнинг қўлимизга илк бора қалам тутқазиб ҳарф ўргатган ўқитувчи.
Дунё тан олган олимларимиз – Фаробий, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Берунийлар, Имом Бухорий, Амир Темур, Бобурмирзоларнинг ҳам ўз устозлари бўлган. Улар ҳам устозларидан илм сирларини ўрганишган. Ана шу алломаларимиз қолдирган асарлари билан яқиндан танишсангиз, устозларидан таълим олиб, илм сир-синоатларини ўрганганликлари боис, юксак даражага етишганликлари, улардан умрбод миннатдор эканликларини ёзиб қолдиришган. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз устозликнинг юксак мақомини шундай ажойиб сўзлар билан таърифлайди:
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо анинг ҳақин юз ганж ила.
Мутафаккир устоз ва шогирд муносабатлари хусусида фикр юритар экан, “Ҳақ йўлида кимки машаққат чекиб, сенга биргина ҳарф ўргатган бўлса, юз хазина бойлик билан ҳам унинг ҳақини адо этолмайсан”, дейди.
Дарҳақиқат, устознинг мақоми буюк  уни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. “Устоз - отангдек улуғ”, деган мақол бежиз айтилмаган. Бир донишманддан бунинг маъносини сўраганларида: “Чунки отам мени кўкдан ерга туширган бўлса, устоз ердан яна кўкка кўтарди”, - деб жавоб берган экан.
Устоз ва муаллимингиз сизнинг дунё ва охиратдаги саодатингиз воситасидир. Шунинг учун ота-онангизни яхши кўрганингиз ва улуғлашингиз каби у инсонни ўз муҳаббатингиз билан мукофотлашингиз, улуғлашингиз вожиб бўлади.
"Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир" (Мужодала сураси, 11-оят). 
"Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" (Зумар сураси, 9-оят).
Ҳаёт асли ўзи ўқувхона. Ҳамма ҳар хил даражадаги мураббийдир. Дунёнинг гўзаллиги, инсонларнинг юксалиши, ниятларнинг ушалиши мураббийлик қувватига боғлиқдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши муаллим эдилар. У зотнинг саҳобаларга таълим-тарбия бериш услублари ҳар бир давр ўқитувчи-мураббийлари учун энг чиройлидир. 
Мураббийлар кимлар – улар ота-онамиз, ака-опамиз, албатта қўлимизга қалам тутқазиб исмимиз, “Она”, “Ота”, “Ватан”, каби қалбларимизни севинчга тўлдирадиган сўзларни ёзиш-ўқишга ўргатган, иккинчи она бўлиб ютуғимиздан суюнган, йиқилганимизда куйинган устозларимиз мураббийларимиздир.
Нафақат ўқитувчилик касбидаги устозлар, балки, ҳаёт йўлида бизга ниманидир ўргатишга муваффақ бўлган мураббийларимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Байрам муносабати билан азиз устозларимизни зиёрат қилиб, дуоларини олишни унутмайлик, азизлар. 
"Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир" (Фотир сураси, 28-оят).
Устозини ҳурмат қилганларни Аллоҳ ҳурматлайди. Буюк пир, улуғ устоз Хўжа Ахрор Валий бир куни устозларини зиёрат қилгани борсалар, устозлари касал-бетоб ётибди. Шуни айтадилар: “Эй Роббим, бу устозимни жамиятда мендан кўра манфаатлари кўп, эй Роббим устозимнинг касалини менга кўчиргин” деб дуо қилган эканлар. Ҳақиқатда дуолари ижобати билан ўзлари хасталикка чалиниб устозлари тузалган экан.
"Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар,  ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади".
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: "Эй ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади". 
Имом Аъзам Қуръонга муҳаббат қўйган ошиқ эдилар. Қуръонни буюк бир важд билан ўқир ва йиғлардилар. Энг масъуд куни ўғли Ҳаммоддан Қуръон эшитган кун бўларди. Ўғли Қуръон ўқий бошлаши билан у зот бир байрам ҳозирлади. Улкан бир халойиқ ичра ўғли Фотиҳа сурасини ўқиганида улуғ Имом ажд ҳолини кечирдилар, ўқитган устозига бир косани тўлдириб қирмизи олтин тақдим этдилар. Устоз бу катта икромдан ҳаяжонланиб: “Ҳазратим, мен нимаям қилибманки, бунчалик илтифотингизга сазовор бўлдим”, - дедилар. “Сиз тўрт Китобнинг энг буюк сурасини ўғлимга ўргатдингиз. Аллоҳ шоҳид бўлгайки, агар қўлим янада узоқроқ, имкониятим янада кенгроқ бўлса, сизга бундан зиёдароқ икром этардим. Мен бу муборак Қуръон шаънини янада юксалтирмоқ учун сизга не берсам оз”, - дедилар учуғ Имом.   

Оламда кўп эрур муборак онлар, 
Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур. 
Сизгадур илк раҳмат азиз устозлар,  
Мунис муаллимлар сизга ташаккур.
Шу ўринда маърифатпарвар алломамиз  Абдулла Авлонийнинг  «Ҳар  бир  муаллимнинг  саодати,  давлатимизнинг  тинчи  ва роҳати  ёшларнинг  яхши  тарбиясига  боғлиқдир»,  –  деган сўзлари беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланади. Шоир тили билан айтганда,
Дейдилар, дунёда асли ким Азиз,
Айтдилар устоздир, устоз бегумон,
Тағин айтдиларки, Азиз шубҳасиз,
Устозлар қадрига етолган инсон.
Дарҳақиқат, биз ёш авлодни маънан етук, тафаккур олами кенг ва билимли инсонлар этиб тарбиялаётган ўқитувчи-мураббийлар тимсолида эртанги кунимизнинг порлоқ келажагини, жонажон Ватанимиз тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қилувчи ўғил-қизларимиз бахтини кўрамиз. Юраги ғайрат-шижоатга тўла, ёшлар тарбияси йўлидаги масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олган азиз, меҳридарё устоз-мураббийларимиз доимо эъзозда. Албатта, бизни шундай бахтли кунларга етишишимизда ёшлигимиздан таълим-тарбия берган устозларимизни хизматлари беқиёс!
Соҳибқирон Амир Темурнинг бундай гапи бор: "Илм ва диннинг машҳур устозлари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келишган".
Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ.  Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради.
Ота-боболаримиз Ватан, ота-она ва устоз тушунчаларини уйғунлаштириб, уларни доимо ардоқлашга даъват этган. Бугун ҳам шу азалий силсиланинг узвий давоми сифатида элу халқимиз ўзининг устоз-муаллимларга чексиз ҳурмат-эҳтироми ифодаси сифатида 
1-октябрь санасини “Устоз ва мураббийлар” куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, халқимизда «Устоз отангдек улуғ» деган ҳикматли нақл бежизга айтилмаган. Зеро, бугунги куннинг ёшлари азиз устозларимизни ардоқлаб, уларнинг ўгитларидан, ҳаётий тажрибаларидан ва ҳар бир ҳикматли сўзларидан ўрнак олсак, келгусида жонажон Ватанимизга муносиб ёш кадрларни етиштириб чиқаришимизда энг муҳим мезон бўлиб хизмат қилади. 
Устоз – бу сўз замирида беқиёс илму ирфон мужассам бўлиб, унинг заковат нури ҳаёт деб аталмиш умр йўлларимизни ёритиб, буюклик сари юксалтиради. Шоҳ Искандардан устозинг Суқротга муҳаббатинг отангга бўлган меҳринг қадар бу қадар чексиз, деб сўраганларида, У: “Отам мени осмондан ерга туширган бўлса, устозим ердан осмонга қадар юксалтирди”, - деган экан.     
 Отадай улуғдир устоз деган ном,  
Унинг ҳар бир сўзи-олтин қоида.
Пири комилларга чексиз эҳтиром,
Темур ётар мангу устоз пойига
 
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз Устозлар!
 
Миржон Эгамбердиев, 

Шофиркон тумани бош имом-хатиби. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:40
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram