ЎЛЧОВДАГИ ХИЁНАТ
10 ноябр 2021 й.
632 марта ўқилди.

 
ЎЛЧОВДАГИ ХИЁНАТ
 
    Муборак динимизда хиёнат, алдов, ўғрилик каби иллатлар қаттиқ қораланган. Қуръони Каримда бундай қора ниятларни амалга оширадиганларга аламли азоб борлиги айтиб ўтилган. Ёмон иллатлардан бири тарозу ва бошқа ўлчовлардан уриб қолишдир. Тарозудан уриш кишининг ҳаққига хиёнат ҳисобланиб, уни ўша зулм тортган, ҳақ эгаси рози бўлмагунича, Аллоҳ таоло кечирмайди. Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинган: «(Савдо-сотиқда) ўлчаган вақтингизда ўлчовни тўла-тўкис қилингиз ва тўғри тарозуда тортингиз! Мана шу яхши ва чиройли ечим (ҳукм) дир». (Исро сураси, 35-оят).
Тарихдан маълум, Шуайб алайҳиссаломнинг қавмлари тарозу ва бошқа ўлчовларда ҳаддан ошганлари боис ҳалок бўлдилар. Ўлчовдан уриб қоладиганлар тўғрисида Аллоҳ таоло: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир», деб огоҳлантиради. (Мутоффифун сураси, 1-3-оятлар). Бундан, ўлчанадиган барча нарсаларда олувчининг ҳаққига хиёнат қилиб ўғирлашнинг оқибати ёмонлиги маълум бўлади.
Суддий розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида Абу Жуҳайна исмли кишининг иккита ўлчов асбоби бор эди. Улардан бири билан одамларга ўлчаса, иккинчиси билан ўзига ўлчаб оларди. Шунда Мутоффифун сурасининг «Инсонлар бутун оламлар Парвардигори хузурида тик туриб, ҳисоб -китоб қилинадиган улуғ кунда (Қиёматда) қайта тирилувчи эканликларини ўйлашмайдими», мазмунли 4-6-оятлари нозил бўлди.
Хиёнаткорнинг, гарчи мўмин бўлса ҳам, ҳисоб-китоби оғир бўлиши ҳадисларда баён қилинган. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анхудан бундай ривоят килинади: “Мен: Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, ажрим куни (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақтдир”, ояти ҳакида хабар беринг, деганимда, Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Муоз улуғ иш ҳақида сўрадинг, қиёмат куни Аллоҳ таоло умматимдан ўн тоифанинг жасадини ўзгартириб, турли шаклда тирилтиради. Улар орасида бировнинг ҳаққини ноҳақ ейдиганлар ҳам бўлади, дея таъкидладилар”.
Молик ибн Динор айтади: “Қўшним ўлими яқинлашган пайт: Икки оловли тоғ, деб такрорларди. Мен ундан: “Нима деяпсан?” деб сўрадим. У: Эй Абу Яҳё, менинг иккита ўлчов асбобим бўлиб, бири билан ўзимга ўлчаб олсам, иккинчиси билан бошқаларга ўлчаб берардим”, деди.
Барчамиз бировнинг ҳаққига тажовуз қилишдек қабиҳ ишлардан тийилсак, ҳисоб-китобимиз осон бўлади. Инша Аллоҳ.

Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” жомеъ масжид

имом - хатиби Камолов Равшан. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram