УМР – ҒАНИМАТДИР
24 январ 2022 й.
715 марта ўқилди.

УМР – ҒАНИМАТДИР
 
Инсонга берилган неъматлар дарҳақиқат ниҳоятда бисёр. Шу неъматлар ичида умр неъмати ҳам бор ва у инсонга бир марта берилади. Демак унинг қадрига етиб яшаш, умрни ғанимат билиш лозимдир. Зеро инсон ўзига берилган умрдан тўғри фойдаланса, бу унинг учун дунё ва охиратда саодатга эришишига сабаб бўлади.     Дарҳақиқат умр ниҳоятда тез ўтади. Улуғларимиз бежизга умрни оқар сувга ўхшатишмаган. Ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломдан сўрашди: “Эй набиюллоҳ! Сиз ҳаётни қандай тасаввур қиласиз?” Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом: “Бир инсон хонага бир эшикдан кирдию, иккинчи эшикдан чиқиб кетяпти”- деб жавоб бердилар. Яъни, хонада бўлган ҳаёти бу- шу дунёдаги ҳаётидир... деб умрни қисқа эканлигини таърифлаб бердилар. Ваҳоланки Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом қарийб 1000 йил умр кўрганлар. Ҳар бир ўтган дақиқа, соат, кун ортга қайтмайди. Нафасни зое қилмаслик, ҳар бир лаҳзани ғанимат билиш лозимдир. Қуръони Каримда ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам инсон умри бекорга берилмагани қайта-қайта айтилинган. Умрни беҳуда ишлар, бекорчилик, дангасалик билан зое қилиш билан эмас, балки хайрлик амаллар билан, фойдали ишлар билан, элу-юртга манфаат келтирадиган, охират учун захира бўладиган амалларни бажариш учун берилган бир вақтдир. Чунки ҳар бир кунимиз учун Қиёматда жавоб берамиз. Ҳар бир ишнинг имтиҳони бўлгани каби бу умримизнинг ҳам имтиҳони бордир.
Азизлар бугун биз ўзимизга бир савол берайлик. Вақтимизни, умримизни нималарга сарфлаяпмиз? Хоссатан ёшларимиз ўзларининг тиллога тенг даврларини нимага сарфлашяпти? Ёшлик даври бу ҳаётнинг энг жўшқин, ғайрат қиладиган ғанимат давридир. Ёшликда ўрганилган илм мустаҳкам ва пухта бўлади. Шунинг учун ҳам ёшликни ғанимат билиб, бўш вақтнинг қадрига етиш лозимдир. Афсуски, бугунги  кунда айрим ёшларимизнинг вақти, умри интернет тармоқларида беҳуда исроф бўлаяпти. Телеграмм, Одноклассники, Фейсбук каби саҳифаларда кунига соатлаб вақтларини беҳуда сарфламоқдалар. Яхшиликка бўлса, билим ўрганиш бўлса ёки тарқатиш бўлсаку майли дермиз. Лекин аксарият вақтда бемаъни расм ва видеоларни кўриб, хар хил ўйинларни ўйнаб умрини, олтин даврини зое қилаётганлар кўпайиб бормоқда. Ундан кўра ҳар бир ёш ўзининг олдига катта-катта мақсадларни қўйса, инсонларга фойдаси тегадиган ҳунар ўрганса, ёйинки илм ўрганса, тил ўрганса мана шундагина умри беҳуда ўтмаётганлигини гувоҳи бўлади. 
Бугунги кун ёшлари учун юртимизда жуда кўп имкониятлар яратилинган. Ёшларимиз бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари лозимдир. Чунки шу юртнинг истиқболи, мустаҳкамлиги, фаровонлиги, салоҳияти шуларга боғлиқдир. Ҳар бир ёш илм ўрганса, бирор бир касбни пухта ўрганса, юртнинг равнақи учун курашса, ўзидан бир яхши из қолдирса, демак ҳаётини беҳуда сарфламаган бўлади. Аллоҳ барчамизни умримизга барака ато қилсин. Вақтимизни доимо дунё ва охиратимиз учун фойдали амаллар билан ўтказишни насиб айласин

Бухоро шаҳар “Маҳмуд Торобий” жомеъ масжиди 

имом-хатиби Шухрат домла Камалов  

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram