УМРНИ УЗАЙТИРУВЧИ ОМИЛ
20 ноябр 2016 й.
2881 марта ўқилди.

УМРНИ УЗАЙТИРУВЧИ ОМИЛ
Узоқ умр кўришни, ўз умрини узайишини истамайдиган кимсани ақли эгалари ичидан топиш даргумон бўлса керак. Чунки ҳар бир инсон ҳаётда ўзи кўзлаган юксак марраларни забт этишни, мазмунли ҳаёт кечиришни исташи табиий ҳолатдир. Шундай экан, мазкур мақоламиз ҳеч бир ақл эгасини бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.
 
Улуғларимиз инсонларга яхшилик қилиш, эзгулик улашиш бандани дунё ва охиратда бахтли-саодатли қилади деб кўп бора таъкидлаганлар. Дарҳақиқат, яхшилик уруғларини эккан одам ҳеч қачон афсусланмайди, кам бўлмайди. Вақти соати келиб унинг лаззатли бўлган мевасини кўради албатта. Қолаверса, яхшилик қилган одамнинг умрига барака киради. Бу хусусда қуйидаги ҳадисни баён қилиб ўтишимиз мумкин. 
 
عَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ الرَّجُلَ لَيُحْرَمُ الرِّزْقَ بِالذَّنْبِ يُصِيبُهُ وَلاَ يَرُدُّ الْقَدَرَ إِلاَّ الدُّعَاءُ وَلاَ يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلاَّ الْبِرُّ. رَوَاهُ أَحْمَدُ فِي الْمُسْنَدِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ.
 
      Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади. Қадарни фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақат яхшиликлар узайтиради”, деганлар” (Аҳмад “Муснад”да, Табароний “Кабир”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган). 
        Юқоридаги ҳадиси шарифга эътибор бериб қарайдиган бўлсак, унда айтилишича, яхшилик киши умрини узайтирар экан. Хўш, бунга сабаб нима? Маълумки, одам танасидаги барча ҳужайралар, тўқималар тизимини бошқариш, тартибга солиш, уларнинг бир-бири билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш асаб тизимига юклатилган. Кишининг руҳий ҳолати, жумладан хафа ёки хурсанд бўлиши, ғам-ташвиш чекиши асаб тизимига салбий таъсир кўрасатади. Агар киши руҳан сиқилса ёки ғазабланса, бу инсоннинг ҳар бир аъзосига катта зиён бўлади. Аксинча, киши бирон одамга чин дилдан бирон яхшилик қилганида қалбида ҳузур-ҳаловат ҳис қилади. Эзгулик қилган одам кўнглидаги ҳар қандай ҳиралик, ғиллу ғашлар тарқайди. Бу нарса унинг асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Натижада киши аъзоларининг фаолияти яхшиланади. 
 
       Одамларга яхшилик қилган бандани Аллоҳ неъмати билан сийлайди, умрини узоқ қилади, фаришталар ҳам унинг ҳаққига яхшилик сўраб Аллоҳга эртаю-кеч дуо қиладилар. Қолаверса, яхшилик кўрган одам ўша ишни қилувчи ҳақига: “Умрингдан барака топ, умринг зиёда бўлсин”, сингари чин қалбдан дуолар қилади. 
        Шу ерда “ҳамма яхшилик қилувчиларнинг ҳам умри узоқ бўлавермайди-ку?” деган савол туғилиши мумкин. Гарчи яхшилик қилган одамнинг умри йил ҳисобида зиёда бўлмаса-да, унинг ҳаёти маънан узаяди: умрига барака, файз киради. Ҳаётда шундай одамларни кўрамиз. Уларнинг умри оддий кишиларники каби ўтади. Аммо улар амалга оширган ишларни қилишга, таъбир жоиз бўлса, асрлар ҳам камлик қилади. Ёки уларни амалга ошириб ўтган ишларини, айтайлик ёзиб қолдирган китобларини ўқиб чиқишга ўша муаллифнинг яшаб ўтган ҳаётидан кўра кўпроқ вақт сарфланади. Бу хусусда илм аҳлларини ҳаёти, хоссатан Имом Бухорий сингари алломаларнинг ҳаётини мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин.
Табаррук ақида китобларимизда, жумладан, “Ақоиди Насафий”да бундай дейилади: “Ажал биттадир”.
Шундай экан, умрини узайтиришни қандай тушуниш мумкин?
Бу борада уламоларнинг фикрларига мурожаат қилсак, улар қуйидагича жавоб берганлар:
Бир тоифали уламоалар: “Амалларда баракот ва тавфик ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди унинг узайганига ўхшайди” дейишган.
Баъзи уламолар эса, “силаи раҳм ўлганидан кейин яхшилик билан ёдланишига сабабдир, бу умрнинг маънан узайишидир”, деб жавоб берганлар.
Баъзи ҳадис олимларининг фикрига кўра, ажалнинг кечикиши дейилганида, умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг наслидан хайрли зурриёт чиқариши тушунилади.
Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида “Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади”, дейилганида, у зот бундай марҳамат қилдилар: “Умр узаймайди. Аллоҳ таоло: “Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), дея огоҳлантирган. Аммо киши силаи раҳм қилса, унинг ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёти бўлади” (Табароний ривояти).
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни лозим топдикки, жамиятга, инсонларга яхшилик қилиш фақат ва фақат хунсандчилик келтиради. Аксинча, ёмонлик қилиш, зулм ўтказиш, зиён, жабр етказиш  кишини кўп нарсадан маҳрум қилади. Ёмонлик қилувчининг умри баъзида узоқ бўлиши мумкин, лекин бундай одамнинг умрида барака бўлмайди, файз бўлмайди, бутун ҳаёти беҳуда ишлар билан ўтиб кетади. Оламдан ўтганидан кейин ҳам уни биров хайрли дуолар билан йўқламайди. Натижада эса, дунёда хор бўлгани етмаганидек, қабрда ҳам охиратда ҳам хорликка учрайди.
Шундай экан, ҳар бир инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, ўзи билан бирга ўзгаларнинг манфаатини ўйласа, сийлаи-раҳм, меҳр шафқат, яхшилик ва хайр-эҳсонларни кўпайтирса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади. Зеро, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир. Яхшилик қилган кишилар албатта яхшилик кўрадилар.
 
«Ҳалифа Худойдод» масжиди имом хатиби: Одилжон Саъдуллоев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram