O'ng taraf egalari va chap taraf egalari
17 ноябр 2018 й.
2090 марта ўқилди.

O'ng taraf egalari va chap taraf egalari

Молик ибн Дийнор айтадилар: “Бир куни ўликларни кўриб, уларнинг аҳволидан ибрат олай деб, қабристонга келдим. Қабрлар орасида айланиб юрар эканман, шеър ўқий бошладим: 

Қабристонга кириб бир куни,
Қабр аҳлига қилдим бир нидо:
Казо-казо, маврурлар қани?
Амалдорлар, берингиз садо.
Ҳақ даъватин эшитган замон,
Тазарруъ-ла “лаббай” деганлар.
Эшигига фақир келган он,
Закотини адо этганлар.
Қани? Қани? Қани?

Сўнг атрофга боқдим, қарасам, қабрлар орасида телба Бахлул ибн Умар ўтирибди. Самога тикилади-да, илтижо қила бошлайди, ерга қарайди-да, ундан ўзига панду-насиҳат олади, ўнг томонига боқади-да, қиқирлаб кула бошлайди, сўл томонига боқади-да, бирдан ҳўнграб юборади. Мен унга: “Ассалому алайка, эй Бахлул”, дедим. У ҳам: “Ва-алайкас-салом”, деди. “Ҳа, нима қилиб қабрлар орасига ўтириб олдинг?”. “Э-эҳ, менга озор бермайдиган, йўғимда ортимдан ғийбат қилмайдиган яхши қавмнинг ҳузурида ўтирибман”, деди у. "Қарасам, самога тикилиб, илтижо қиляпсан, ерга қараб ибрат оляпсан, ўнгга қараб кулиб, сўлга қараб йиғлаяпсан?”, деб сўрадим. “Эй Молик, қачонки самога тикилсам, Аллоҳнинг: “Осмонда эса сизларнинг ризқу-рўзларингиз (яъни ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни жаннат) бордир”, (Ваз-Зориёт, 22 оят), деган сўзини эслайман. Бу оятни эшитган кимсанинг илтижо қилмоққа ҳаққи бор. Ерга қарасам, Аллоҳнинг: “Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга кайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз”, (Тоҳа, 55-оят), деган сўзини ёдга оламан. Бу оятни эшитган кимсанинг ундан насиҳат уқмоққа ҳаққи бор. Ўнг томонимга боқсам, Аллоҳ таолонинг: “Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир. (Улар) тикансиз бутазорларда. Тизилган бананзорларда. Ёйилган соя (ости)да. Оқизиб қўйилган сув (усти)да. Тугаб қолмайдиган ва манъ этилмайдиган кўпдан-кўп (турли туман) мева-чева (ости)да. Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар. Дарвоқеъ, Биз уларни (оху кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар). Сўнг уларни ўнг томон эгалари учун (ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли бокира қизлар қилиб қўйдик. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) аввалги (уммат)лардан ҳам кўпчилик, кейингилардан (яъни Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан) ҳам кўпчилиқдир”, (Воқеа, 27-40 оятлар), деган сўзини ёдга оламан. Бу оятни эшитган кимсаларнинг кулмоққа ҳаққи 
бор. Чап томонга боқсам, Аллоҳ таолонинг: “Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир. (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида; Bа на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат соя (ости)дадирлар”, (Воқеа, 41-44-оятлар), деган сўзини эсга оламан. Бу оятни эшитган кимсанинг йиғламай иложи йўқ”, деб жавоб қилди Бахлул.


Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби.
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:48
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram