Ёшларга миллий урф-одатларимиз кадриятларимизни сингдириш.
05 октябр 2016 й.
«орқага
21192 марта ўқилди.
Ёшларга миллий урф-одатларимиз кадриятларимизни сингдириш.
Халқимизнинг асрлар давомида яратган олтин хазинаси- миллий урф-одатларимизни қайта таклаш ва ёшлар онгига сингдириш бугунги куннинг асосий масаласига айланди.
Бизлар то яқингача миллий урф-одатларимизни диний, эскилик сарқити деб келдик. Сабаби, бу ҳақда бизларга ҳеч ким, ҳеч бир мактаб, олий даргоҳ сабоқ бермади. Энди билсак, у атай қилинган кашфиёт экан. Бизларни бир умр манқуртликда сақлаш учун тарихимизни , ўтмишимизни кўмиш учун ишлатилган усул экан. Можор олими Херман Вамберининг «ўтмиши кўмилган миллатнинг истиқболи зулмат ортидадир» деган доно фикри қанчалик ҳақ эканлигини бугун билиб турибмиз.
Аждодларимиз қолдирган маънавият хазинасидан кўзимизни очиб, униб ўсиб келаётган, умид билан камол топаётган ёшларимизни баҳраманд этайлик. Маънавият, мафкура, анъана-олмосдек серқирра, сер жилодир. Унинг асл мазмуни, маъноси, илдизи бир жойга, инсон одоби-ахлоқига бориб тақалади. Одоб эса Инсон кўрки, безаги, унинг буюк камолидир.
Дейдиларки:
Одоб-тож аст аз нури Илохи
Беких барсар биров хар жо ки хохи.
Яъни:
Одоб Оллох нуридан ясалган тождир
Бошга кийиб хохлаган жойга баробар!
Ёш авлодни одоб-ахлоқ бобида ҳар томонлама текис камол топтириш шу куннинг, давримизнинг, мафкурамизнинг бош мезонидир. Чунки, машҳур давлат ва сиёсат арбоби бўлган И.А.Каримов айтганларидак «келажак ёшларникидир!». Биз тарбиячилар, муаллимлар, устозлар олдида бу муаммонинг қўйилиши ҳам бежиз эмас. У замон, давр, истиқлол, келажак талабидир.
Биз анъаналаримиз, урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш имкониятига эга бўлган қутлуғ замонда яшаяпмиз. Унинг асл тарихини, яратилишини, сабабини илмий асосда айтиб берадиган давр келди.
Хўб биламиз, урф-одатлар бизга Одам ато ва Момо Ҳаводан қолган мерос. Унинг динга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Дунёдаги ҳар бир миллатнинг ўз урф-одати бор. У ҳар бир халқнинг ҳулқидан, яшаш тарзидан келиб чиққан. Одамларнинг урф-одатга риоя қилишига қараб кишини қайси миллатга мансуб эканлигини осон айтиш мумкин.
Ўзбекистон Мустақилликка эришгандан бошлаб миллий-диний қадриятларимиз халққа қайтган бир даврда миллий урф-одатларимизнинг тикланишини истиқлолимизнинг буюк неъматидир, чунки миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз негизидир.
Ҳар бир миллат ўзининг тили, урф-одати, анъанаси, маданияти, тарихи билан миллат ҳисобланади. Биз қандай етук, баркамол инсон бўламизки, ўзимизнинг миллий урф-одатимизни билмасак, унга риоя қилмасак, ундан ҳаётимизда, болаларимиз тарбиясида фойдаланмасак! Ўзининг миллий урф-одатини билмаган кишини баркамол одам деб бўлмайди.
Урф-одатда Инсоннинг чин инсон бўлиб яшамоғи учун барча соҳалар кенг қамраб олинганки, унда турмуш тарзи, яшаш одоби, муомала маданияти, тирик жонга муносабат, ота-онага ҳурмат ва хакозолар ўз аксини топган. Урф-одатлар то яқингача ўз даврининг қонуни вазифасини бажарган. Шунинг учун ҳам француз олими Ж.Жумбер «яхши қонунлар урф-одатлардан туғилади» деб бежиз айтмаган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ўз ҳукмронлиги даврида урф-одатларга риоя қилишни каттиқ талаб қилган, уни бузган, бўйсинмаган кишиларни беаёв жазолаган. Урф-одатни бошқариб турувчи махсус қозиси бўлган. Уни Ахдас қозиси дейилиб, у урф-одатларни назорат қилиб, бировни нохақ хафа қилган, тошу тарозидан урган, шароб ичган, зино ишлар қилганларни қаттиқ жазолаган. Бобомиз ўз ўгитларида шундай ёзади: «Агар кимда ким тиш синдирса, кўзни кўр қилса, қулоқ ва бурун кесса, шароб ичса, зино ишлар қилса девондаги шариат қозиси ёки ахдас қозисига олиб бориб топширсинлар.
Халқимизнинг умри боқий анъаналарини ўзида мужассам этган миллий урф-одатларимиздан: саломлашиш, никоҳ, тўй қилиш, оила тутиш, фарзандни тарбиялаш, ота-онани ҳурмат қилиш, саломатликни сақлаш, илм олиш, кийим кийиш, нонни эъзозлаш, касбу-корлик, меҳмон кутиш, савдо-сотиқ қилиш, миллий байрамларни ўтказиш, табиатни муҳуфаза қилиш, мотам маросимларини ўтказиш кабиларнинг ҳар бири буюк бир мактабдир. Уларни ота-боболаримиз асрлар давомида ўз ҳаётларида синаб, турмушларида қўллаб, синовдан ўтказиб бизларга мерос қилиб қолдирганлар. Демакким уларнинг меросхўри сифатида бизлар ҳам улар томонидан кашф этилган миллий, маърифий, маданий, диний урф одатларни авайлаб асраб, келажак авлодга мукаммал равишда инъом қилмоқлигимиз лозим.
Миршод Саидов
Ғаззолий масжиди имом хатиби