УСТОЗ - ОТАНГДЕК УЛУҒ
03 ноябр 2024 й.
«орқага
114 марта ўқилди.
УСТОЗ - ОТАНГДЕК УЛУҒ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Инсон ҳаётида илму - маърифати билан жамият аъзолари ӯртасида қадрга эга бӯлади.
Дунёдаги ҳаётимизни илмсиз тасаввур этиб бӯлмайди. Чунки илмсиз ҳаёт бу зулуматдир. Илм бу инсон учун зулумат ичидаги нурдир. Мана шу нурни таратувчи инсонлар бу - устозлар ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳм васаллам: "Албатта мен муаллим қилиб юборилганман" - деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти). Бу муборак ҳадисдан устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини билдиради.
Бугунги кунда жонажон юртимизда минглаб мактаб, олий таълим даргоҳлари, мадрасалар, диний олийгоҳлар фарзандларимиз учун очиб қӯйилган. Узоқ овул ва чекка қишлоқ ҳудудларда ҳам мана шундай гўзал илм масканлари қад кўтариб турибди. Айниқса, турли-туман китобларнинг чоп этилиши, барчани мамнун қилади. Бугун фарзандларимиз дунё тилларида равон сўзлашиб, ҳаммани лол қолдириб келишмоқда. Улуғбек, Беруний ва Бухорийларнинг авлодлари бобокалонларидай бугун касбга, илмга қизиқиб уни мукаммал эгалламоқдалар. Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир ватандошимизнинг ютуғи ва муваффақиятидан нафақат улар, уларнинг устоз ва ота-оналарининг қалбида ғурур, юзларида хурсандчилик аломатлари сезилмоқда. Фарзандларимизнинг бу ютуқлари аввало узтозларининг хизматларига боғлиқдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳм васаллам: "Алабатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ӯргатувчига саловот айтадилар"-дедилар (Термизий ривояти). Аллоҳ таолонинг Ӯзи узтозларни даражаларини баланд қилиб қӯйди.
Устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатни устоздан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу меҳнатнинг шарафли томони – шогирдларнинг, бир марта устоз деб чақиришларидан ортиқ бахт ҳам оламда йўқ. Узтоз ӯзининг меҳнати билан бир одамни илмсизлик, жоҳиллик ва иймонсизликдан сақлаб қолади. Саъдий Шерозий : “Ота-онанинг меҳридан, устознинг жаври яхшидур”, деб айтганлар.
Муборак китобларимизда хабар келадики, бир устоз ва толиби илм бир қабристон ёнидан ўтсалар, қирқ кун қабристондан азоби қабр кўтарилар экан. Устознинг ҳурмати-ю, ўқувчининг иззати шу даражада баланд. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳм васаллам: "Илм ӯрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ӯрганинглар. Ӯзингиз таълим олаётган зотга тавозели бӯлинглар"-деб устозни улуғлаганлар (Табароний ривояти).
Доно халқимиз ҳам "Устоз отангдек улуғ" - деб бежизга айтмаган. Фарзанларимизнинг бахти ва саодати учун жон куйдириб, меҳнат қилиб, бор илм ва иқтидорини ишга солаётган устозларга Аллоҳ таолонинг раҳматлари бӯлсин. Жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин, тинчлик ва хотиржамлик неъмати бундан-да зиёда бўлсин.
Равшан домла Камолов,
Бухоро шаҳар Хӯжа Абдуллоҳ Сафедмуй масжиди имом-хатиби