УСТОЗ ОТАНГДЕК УЛУҒ
28 сентябр 2019 й.
1762 марта ўқилди.

 

УСТОЗ ОТАНГДЕК УЛУҒ 

  Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга  эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш , ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида  кўплаб   ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий  даражаси устоз  ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Чунки келажак авлодни баркамол, етук ва маърифатли инсонлар    қилиб тарбиялашда устознинг ўрни беқиёсдир.  Ўзбекистон бугунги кунда  дунё ҳамжамиятида  ўз муносиб ўрнини эгаллашида, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда  мислсиз ғалабаларни эгаллаши замирида   ҳеч шубҳасиз устоз ва мураббийларнинг заҳматли меҳнати   мужассам.  Уларни ҳар қанча эъзозласак, ҳурматини жойига қўйсак арзийди.
      Шу мақсадда ҳар йили 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.  Аждодларимиз бежиз “Устоз отангдек улуғ” деб таъриф бермаган. Чунки ота фарзандни дунёга келтирган бўлса  устоз унга одамийликдан сабоқ берган.  Дарҳақикат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савоб иш.  Шунинг учун ҳам борлиқдаги  ҳамма нарса устознинг ҳақига дуо қилиб туради. 
 Расулуллоҳ бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:”Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли , индаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига  саловот айтадилар”(Имом Термизий ривояти).
Динимиз таълимотига кўра  ўзгаларга таълим берган  киши  на фақат бу дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам  қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати , ёзган асарларидан  ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли  номаи аъмолига  савоб тўхтовсиз  бориб туради. 
Устозга меҳр қўймаган, уни ҳурмат қилмаган шогирднинг  илмни пухта эгаллашига  ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширгани  каби таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом  муаллим ихтиёрига топшириши,  уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай бўлиши керак. Ҳозирги кунда айрим ёшларимиз кибру ҳаво, ҳою ҳавасга берилиб, бу талабларни  бироз эсдан чиқариб қўйганга ўхшайдилар.  Уларга ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги мисраларини эслатиб ўтишни жоиз деб биламан: 
         Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
         Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.  
           Шундай экан, устозларга эҳтиром кўрсатмоқ, на фақат касб байрамлари кунида, балки ҳар кун, ҳар дақиқада улар ҳурматини жойига қўймоқ савоб ишдир. Касб байрамингиз муборак, азиз устозлар! 

Суннат ФАХРИЕВ
Ромитан туманидаги “Мулло Нарзи” 
жомеъ масжиди имом хатиби.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram