УСТОЗ – ШАРАФЛИ ЗОТ
30 сентябр 2021 й.
702 марта ўқилди.
УСТОЗ – ШАРАФЛИ ЗОТ
Ислом – илм-маърифат дини, шунинг учун у барча мусулмон ва муслималарга илм олишни фарз қилган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган қуйидаги оят мазмуни ҳам бунга далолат қилади:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ (سورة العلق/1)
яъни, “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ сураси, 1-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларига бешикдан қабргача илм излашни буюрганлар. Чунки илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади.
Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
... يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ (سورة المجادلة/11).
яъни: ... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда бошқаларга илм-маърифатни ўргатган устозлар алоҳида эҳтиромга лойиқ зотлар дея таърифланади. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Икки кишига ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: биринчиси – Аллоҳ таоло берган мол-дунёни ҳақ йўлга инфоқ-эҳсон қилувчи кишига; иккинчиси – Аллоҳ таоло илм берган бўлсаю, ўша илм билан ҳукм қилган ва уни бошқаларга ўргатган кишига", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Шунинг учун илм толибларидан, қолаверса барча кишилардан олимни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, илм билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу илм ўрганувчига қарата бундай деганлар: «Олимнинг сендаги ҳақларидан бири – сен одамларга омматан салом бериб, муаллимга хос салом беришингдир. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади: “Агар комил устоз ким, деб сўрасалар, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамизли кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак. Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгил. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши деб айтсалар, пок эътиқод деб айт, чунки фақат эътиқодгина кишини муродга етказади...”.
Мустақилликдан сўнг жаннатмакон Ўзбекистонимиз халқига ва ҳаётига унут бўлаёзган жуда кўп диний ва миллий қадриятлар қайтди. Шулар қаторида бугунги мавзу бўлган устоз-шогирдлик анъаналари ҳам қайта тикланди, янги шароитда янги мазмун билан бойиди. Бугунги кунда мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида таълим олаётган ўғил-қизларимиз ўз муаллимларига эҳтиром ва фахр билан “устоз” дея мурожаат қиладиган бўлишди. Устоз ва мураббийларнинг қадри ва шарафи юксалди, уларга чексиз эҳтиром кўрсатиладиган бўлди. Мана шу эҳтиромнинг рамзи ўлароқ ҳар йили октябр ойининг бошида мамлакатимизда “Устозлар байрами” кенг нишонланиб, уларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътиборнинг яна бир намойишига айланган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин, омин!
Ромитан туман бош имом хатиби Б. Жўраев
«орқага