Устоз ҳақи
01 октябр 2021 й.
655 марта ўқилди.

 

Устоз ҳақи

Устоз жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдуздир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган, аксинча, инқирозга юз тутган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган чиройли иборалар бор. Шундоқ экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.
Болаларни устозни ҳурмат қилишга, уларнинг ҳақини адо этишга ўргатиш лозим. Шунда улар билим ўргатган, тўғри йўлга солган, ёмон йўллардан қайтарган кишининг қадр-қимматига етадилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қим¬матли кўрсатмалар берганлар.
Имом Аҳмад, Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.
Табароний “Авсат” деб номланган китобида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм ўрганинглар ва билинглар, илмда хотиржамлик ва салобат бор, ўргатувчига тавозеда бўлинглар”, дедилар.
Табароний “Кабир” деб номланган китобида Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқлар уч тоифа кишини: Исломда сочи оқарган кишини, илмли кишини ва одил имом (раҳбар)ни қадрламайди”, дедилар.
Имом Аҳмад Саҳл ибн Саъд Соидийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, олимнинг орқасидан юрилмайдиган, ҳалим (беозор, ювош) кишилар тирик қолдирилмайдиган, қалблари ажамларники ва тиллари араб бўладиган замон келмасин”, дедилар.
Имом Бухорий Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Уҳуд жангида шаҳид бўлганларни (қабрга қўйишда) жамлаб: “Буларнинг қайси бири Қуръонни ёд олган?!” деб сўрадилар. Қайси бирига ишора қилинса, ўшани олдин лаҳад (қабр)га қўярдилар.
Юқоридагилардан қуйидагиларни хулоса қилса бўлади: шогирд устозига тавозели бўлиши, унинг кўр¬сатмасидан чиқмаслиги, ҳар бир ишда ундан маслаҳат олиши лозим. Яна устози олдида ўзини хо¬кисор тутади, мағрурланмайди, кибрдан узоқ бўлади. Устоз хизматини қилишга ҳамиша шай туради. Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) олимларга тавозели бўлгани учун шарафландилар. У киши: “Уларга нафсимни хорлайман, шунда улар нафсимни икром этадилар, хорланмаган нафс ҳеч вақт икром этилмас”, дер эди.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) мартабаси баланд ва қадри улуғ бўлатуриб, Зайд ибн Собит ансорийнинг уловларини ушлаб етаклади ва: “Бу бизларнинг олимла¬римизга қиладиган икромимиз”, деди. Яъни, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Зайд ибн Собит минган уловни етаклаб олимга эҳтиром кўрсатди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (Халаф Аҳмарга): “Фақат рўпарангизда ўтираман (сизга юзланиб), устозга та¬возе қилишга буюрилганмиз”, деди.
Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ): “Моликнинг ҳузурида у кишини ҳурматлаб, қоғознинг шитирлашини эшитмасин деб, китобни секин (нафис) варақлардим”, деди. Робеъ: “Аллоҳга қасам, Шофиъий менга боқиб турганларида, у кишининг салобатидан сув ичишга жур¬ъ¬ат қила олмадим”, деди.
Халифалардан бирининг ўғли Шурайкнинг ҳузурига келди ва деворга суяниб турганча ҳадис айтиб беришини сўради. Шурайк унга қайрилиб ҳам қарамади. Шунда у яна сўради. Шурайк аввалгидек қайрилиб қарамади. Шунда у: “Халифаларнинг ўғлини паст санаш (менсимаслик) эмасми?” деди. Шурайк: “Йўқ, илм Аллоҳ ҳузурида буюкдир, мен уни зое қи¬лишдан қўрқдим”, деди.
Шогирд устозига: “ё устоз”, “ё муаллим”, “жаноб муаллим”, “жаноб домла” деб мурожаат қилсин. Устозининг исмини устоз борлигида ҳам, йўқлигида ҳам айтмасин. Агарда айтиш жудаям керак бўлса, “фазилатли устозим бундай дедилар” ёки “устозим фалончи бундай дедилар”, ёки “йўлбошчим фалоний бундай дедилар”, деб айтсин.
Шўъба: “Агар биронтадан бир ҳадис эшитсам, унга қул бўлардим ва унинг ҳузурига тез-тез бориб турардим”, деди.
Таълим олувчи бола устози тирик вақтида ҳақига дуо қилиши, устоз вафот этганидан сўнг авлодлари, қариндошлари ва дўстларидан хабар олиши, қабрини зиёрат қилиши, устозга истиғфор айтиши, унинг номидан эҳсон қилиши, динда, илмда, хулқда унинг ўргатганларига риоя қилиши, илмига эргашиши (иқтидо қилиши), одоби билан одобланиши лозимдир.
Шогирд устозидан етаётган баъзи азиятларга сабр қилмоғи, бу ҳол устоздан илм олишига монелик қилмаслиги керак. Албатта, устоз шогирдини бекордан-бекор койимайди. Шогирд бундай пайтда ўзини тафтиш қилсин, устозидан узр сўрасин. Шундай қилса, устоз ва шогирд узоқлашмайди, қайтага яқинлашади. Шогирд хато қилса, устоз уни йўлга солади.
Улуғ салафларимиз айтадилар: “Ким илм олишда сабр қилмаса, нодонлигича қолади. Сабр қилса, дунё ва охират саодатига эришади”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Толиб бўлиб хорландим ва матлуб бўлиб азиз бўлдим”, деди.
Шофиъий (раҳмаҳуллоҳ) айтади: «Суфён ибн Уяйнага: “Сизга одамлар ернинг турли бурчагидан таъ¬лим олгани келадилар, сиз уларга қаттиқ гапирасиз. Улар сиздан кетиб қолишлари ва сизни тарк этишларидан қўрқмайсизми?” дейилганида, у киши: “Шунинг учун улар мени тарк этсалар, улар аҳмоқдир”, де¬дилар».
Яна у киши дейдилар:
Устоз ва табиб ҳар иккиси
Агар ҳурматланмаса, насиҳат қилмас.
Дардингга чидар агар табибга жафо қилсанг,
Нодонлигингга чидар агар устозга жафо қилсанг.
Шогирд устози ҳузурида одоб, тавозе билан ўтириши, чалғимаслиги, бутун эътиборини у кишига қаратиши лозим. Ўтирганида бармоқларни қирcиллатиш, ҳуда-беҳуда йўталиш, томоқ қириш, бурин тортиш, пишиллаб нафас олиш, у ер-бу ерини қашиш, ёнидаги билан гаплашиш кабилар устозга ҳурматсизлик саналади. Чунки устоз рўпарасида қанча толиби илм ўтирса, барини кўриб, нима билан машғуллигини билиб туради. Шогирднинг битта ноўрин ҳаракати уни ранжитиши, фикридан чалғитиши мумкин. Натижада дарс маромига етмай қолади.
Олимнинг шогирд устидаги ҳақларини баён қилишда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай дедилар: «Олим (устоз)нинг сендаги ҳақи: ҳаммага умумий салом бер¬санг, устозга саломни хос қил, унинг ҳузурида қўлинг ва кўзинг билан ишоралар қилма, “фалончи бу сўзнинг аксини айтди” дема, бировни ғийбат қилма, унинг хатосини қидирма, агар адашса, узрини қабул қил, уни Аллоҳ учун улуғла, агар иши (ҳожати) бўлса, уни қилишга шошил, ҳузурида бирон киши билан шивирлаб гаплашма, кийимидан ушлама, агар дарс беришни кечиктира¬диган бўлса, ундан талаб қилма, суҳбатидан тўйиб қолма, чунки у хурмо дарахтига ўхшайди, ундан қачон бир нарса тушади деб кутгин (интизор бўл)».
Шогирд устози ўтирган синфга ёки хос жойга кириш¬да изн сўрайди, устоз бир ўзи бўладими ёки бошқалар билан бўладими, барибир. Агар рухсат бермаса, қайта сўрамаслик керак. Устоз ҳузурида чиройли кийинмоқ, ўзига қарамоқ, хушбўйликлар сурмоқ керак. Илм ўрганишга, масжидга шундай борадилар. Чунки илм ўрганиш ҳам ибодатдир.
Овқатланаётган идишингиз қанча чиройли, покиза бўлса, иштаҳа ҳам шунча яхши, нонушта кўнгилли бўлади. Устоз ҳузурида ҳам шогирднинг қалби чиройли, покиза бўлиши керак. Бундай қалбга илм ўтиради, сама¬раси кутилганидек бўлади.
Шогирд устозидан бир ҳукмни ёки қимматли фикрни, ёки бир ҳикоя, шеърни эшитса, уни ёд олсин ёки эсда сақлаб қолсин. Тинглаётганида ҳайрати юз-кўзларидан сезилиб турсин.
Ато: “Мен ҳадисни бир кишидан эшитаман, ваҳоланки, мен бу ҳадисни ундан яхшироқ биламан, шундай бўлса ҳам, ўзимни билмагандек тутаман”, деган.
Яна у: “Мен бир ҳадисни бирон бир ёш йигитдан аввал эшитмаганимдек эшитаман, ваҳоланки, мен у туғилмасидан олдин ҳадисни эшитганман”, деган.
Шогирд дарс пайтида ҳафсаласизлик қилмасин, балки зеҳнини ўткирласин, саволларга жавоб бериш билан машғул бўлсин. Устоз айтган дарсни албатта тайёрласин. Агар устознинг сўзини англамай қолса, узр айтиб, сўраб билиб олсин. Бундай ҳолатдан устоз ранжимайди, балки шогирдининг талабчанлигидан, лоқайд эмаслигидан хурсанд бўлади. “Сўраб ўрганган олим, орланиб сўраман ўзига золим”, дейдилар ҳазрат Навоий. Албатта, биз айтаётган талаблар бола мактабга ёки мадрасага борганида ўз-ўзи¬дан пайдо бўлиб қолмайди. У ўқув даргоҳига боргунча, устозга рўпара бўлгунча, оила даврасида бу ҳақда тушунча шаклланиши керак. Бу ишга хусусан ота-она, бобо ва бувилар, амма-холалар масъулдирлар. Токи бола мактаб, устоз ҳақидаги тушунчаларга олдинроқ эга бўлсин, бирданига нотаниш оламга тушиб қолгандек бўлмасин. Албатта, бола ўқишга қатнаётган ака-опаларини кўриб илк кўникмани олади. Лекин бу кўникма ота-онанинг, кат-таларнинг таъкидлаши, тушунтириши билан мукаммал бўлади.
Ҳабиб ибн Шаҳид: “Эй ўғлим, фақиҳларга ва олимларга эргаш, улардан илм ўрган ва одобларидан олгин, чунки бу менга кўп ҳадисдан маҳбуброқ”, деди.
Мухаллад ибн Ҳусайн бир куни Ибн Муборакка: “Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтожроқмиз”, деди. Баъзи салафлар фарзандларига: “Одобдан бир боб ўрганиш етмиш боб илм ўрганишдан яхшироқдир”, деб таълим берган.
Суфён ибн Уйайна: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) катта мезондирлар. Нарсаларнинг у киши хулқига, сийратига ва йўлига мувофиқ келгани ҳақ ва уларга мувофиқ келмагани ботилдир”, деди. Ибн Сирин: “Улар илм ўрганган каби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларини ҳам ўрганадилар”, деди.
Албатта, биз зикр этаётган одоблар устозлар ҳақини адо қилиш, тақволи бўлиш, Исломга содиқ қолиш, Аллоҳ учун виқорни умид қилиш, Исломни ақида ва шариат деб, Қуръони каримни дастур деб имон келтиришни талаб қилади

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram