УСТОЗНИ ХОТИРЛАБ
28 июл 2020 й.
1756 марта ўқилди.

 

УСТОЗНИ ХОТИРЛАБ

Бухорои шарифнинг кўзга кўринган алломаси, мударрис, эл суйган имом, ўткир воиз, маърифат шайдоси, илм аҳлининг ошиғи устозимиз Мансур домла элимиз учун хизматлари катта.  
Нуруллаев Мансур Азимович 1977 йил 22 февралда Бухоро шаҳрида туғилганлар. 
1992–1995 йиллар Мир Араб мадрасасида, 1995–1998 йиллар Тошкент ислом институтида таҳсил олганлар. 
1997–2001 йиллар Мир Араб мадрасасида мударрис, шу билан бир қаторда 1998–2002 йиллар Бухоро шаҳридаги «Дилкушо» жомеъ масжидида имом-хатиб бўлиб фаолият юритдилар.
2002–2010 йиллар Когон туман «Саид Амир Кулол» жомеъ масжиди имом-хатиби, 2006–2014 йиллар Когон туман бош имом-хатиби, 2010–2017 йиллар Когон тумани «Баҳоуддин Нақшбанд» жомеъ масжиди имом-хатиби, 2014–2018 йиллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили, 2017–2018 йиллар Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» жомеъ масжиди имом-хатиби вазифаларида ишладилар. 
Илмларини янада ошириш мақсадида 2018 йил вилоят вакиллиги ва имом-хатиблиги вазифасини топшириб, Россия Федерациясининг Қозон вилоятига бориб, Булғор ислом академиясига ўқишга кирдилар. 
2020 йил магистратурани аъло баҳоларда якунлаб, Бухорога қайтиб келдилар. 
Мансур домла бутун ҳаёти давомида том маънода маърифат шайдоси эдилар. Илм аҳлини, талабаларни ниҳоятда яхши кўрардилар. Уларнинг ҳар бири билан ака-укадек, қадрдон дўстдек муомала қилардилар. Хушмуомала, тақводор, диннинг ғамини ейдиган, кўпчиликнинг ҳурматига сазовар бўлган саховатпеша зот эдилар. Хусусан Мир Араб мадрасасига кўплаб маротаба хайр-эҳсон тарқатардилар, айрим толиби илмларнинг шартнома тўловларига ҳам имкон қадар ёрдам берардилар. 
Вилоят вакили бўлиб ишлаганларида ҳам имом-хатибларга қўлдан келганча маслаҳатларини бериб, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлардилар. Айниқса, чекка туман ва қишлоқлардаги масжид имом-хатибларига алоҳида эътибор қаратиб, уларга беғараз ёрдамларини аямасдилар. Деярли барча масжидларга шахсан ўзлари бориб, масжид қавми билан суҳбатлашиб, кам таъминланганларига эҳсон улашиб, ўрни келганда жумъа намозларида маърузалар қилиб берардилар. Рамазон ойларида вилоят масжидларида ўтказиладиган хатми Қуръонларнинг файзли ўтишига ўзлари бош-қош бўлардилар.  
Мансур домла 2020 йил 18 июль куни юзлаб шогирдлари, минглаб мухлислари қалбини зир титратиб, айни қирчиллама 43 ёшда, илмга қаттиқ рағбат қўйган бир пайтда бу фоний олам билан видолашдилар. У кишининг вафотларини эшитиб, бутун Бухоро аҳли гўё бир қалқиб тушди. Негаки, «Олимнинг вафоти – оламнинг вафоти» деб бежиз айтишмаган. 
Устозимиз қисқа умрлари давомида айримлар юз йилда ҳам қила олмайдиган хайрли ишларни амалга ошириб кетдилар. Бир қанча рисолалар, минглаб мақолаларни тақдим этиб, илм аҳлига гўзал ибрат бўлдилар. 
Ҳаётда орзулари катта эди. Миллатимга хизмат қиламан, юртимнинг гуллаб-яшнашига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман, буюк аждодларимизнинг илмий меросларини ўрганиб, халққа тақдим этаман деган яхши ниятда эдилар.
Аллоҳ таоло устозимизнинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, ҳаётлари давомида бажарган барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Ўзи рози бўлиб, жаннати наъийм билан сийласин.

Мир-Араб ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Эркин Қудратов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram