ОДАМЛАРНИНГ УЙИГА ИЗНСИЗ КИРМАНГ!
10 март 2022 й.
672 марта ўқилди.

ОДАМЛАРНИНГ УЙИГА ИЗНСИЗ КИРМАНГ!
 
Динимизда ҳар бир ишнинг  ўз   одоби бўлгани каби, бировнинг уйига борганда ҳам белгиланган тартибга мувофиқ иш тутиш кўрсатилган. Ўзганинг ҳовлисига уй эгаларининг рухсатисиз кириш ёки назар солиш тақиқланади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони карим орқали мўминларга хитоб қилиб айтадики: “Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг! Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз” (Нур,27). 
Инсон ўз уйида турли ҳолатда ўтирган бўлиши мумкин. Баъзан  ечинган, баъзан эса ҳовлисида чўмилаётган ҳолатда,  ўз манзил-макони бўлганлиги сабабидан уйда ўзини эркин тутади. Тўсатдан, изнсиз кирган киши эса хонадон эгасини бундай холатларнинг бирида кўрса, уй эгасини хижолали ҳолга туширган бўлиб ўзи ҳам гуноҳкор бўлади.  Бу ҳолат эса баъзан  жанжалга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Парвардигор шундай ноқулай ҳолатларни олдини олиб   юқоридаги оятни  инсонларга нозил қилди.   
Адий ибн Собитдан ривоят қилинадики: “Ансорийлардан бир аёл Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ, мен баъзан уйимда бир ҳолатда бўламанки, ўша ҳолатда мени отам ҳам, ўғлим ҳам кўришини истамайман.  Аммо ана шундай ҳолатда бўлганимда  гоҳида отам  кириб қолади ёки оиламдан яна бир бошқа одам кириб қолади. Мен нима қилай? деб сўради”.  Шунда Нур сурасининг 27- ояти ушбу масалага жавоб тариқасида нозил бўлади.  Аллоҳ таоло бу ояти каримани нозил қилиб, инсонларни  ана шундай   ноқулайликлардан сақланиш учун ўзга уйларга кириш одобини баён қилди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига кўра, кириш учун   уч марта рухсат  сўралади.  Ундан кўп сўраш жоиз эмас.  Бу ҳақида Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Фақат ижозат сўраётган одам уй эгалари эшитмади деб ишонса, уч мартадан кўп сўраса бўлади”, деганлар.  Ояти каримага мувофиқ кирмоқчи бўлган киши аввал салом бериб кейин эса  “мумкинми?”, “кирсам бўладими?” каби сўзларни айтиб изн сўрайди.  Агар изн сўралганда  жавоб берилмаса ёки киришга руҳсат берилмаса қайтиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай деганлар: “Сизлардан бирортангиз уч марта изн сўрасаю унга жавоб берилмаса, қайтиб кетсин”. (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ҳовли эгасини чақирмоқчи бўлган киши баланд овозда бақир-чақир қилмасдан, эшикни қаттиқ уриб хонадон соҳибларга малол келтирмаган ҳолда киришга изн сўрайди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшикларни тирноқлари билан чертардилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг уйига борсалар киришга изн сўраганларидан кейин эшикнинг тўғрисида турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонга ўтиб туриш одатлари бор эди. 
Юқорида келган ҳукмлар кишининг ўз уйидан бошқа уйларга кириши ҳақидадир. Ўз уйига киришига келсак, изн сўрашига ҳожат йўқ. Фақат кирганида салом бериши лозим.
Парвардигор инсон зурриётини яратган экан уларни саодатли ҳаёт кечиришларини ирода қилди. Дини орқали одамларга кундалик ҳаётда учрайдаган барча масалаларнинг ечими ва одобларини кўрсатди.  Бировнинг уйига изн сўраб кириш ҳам шу илоҳий амрларнинг бир кўринишидир. Баъзи низолар, хожолатли ҳолатлар, уруш-жанжалларни олдини олиш мақсадида Аллоҳ азза ва жалла бу одобларга риоя қилишни бандаларига билдирди. Шубҳа йўқки, Яратганнинг буюруқлари ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларини маҳкам ушлаган мўмин банда тўғри йўлдан адашмай саодатли ҳаёт кечиради.


Бухоро шаҳар “Абу Бакр Ас-сиддиқ” жоме масжиди
имом хатиби Орифжон Тўқсанов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram