ЎЗГАДАН АЙБ ҚИДИРМАНГ
24 ноябр 2022 й.
926 марта ўқилди.
ЎЗГАДАН АЙБ ҚИДИРМАНГ
Гуноҳлардан узоқ бўлиш айб ахтармаслик, мўмининг гуноҳини ҳам ёймаслик зарур.
Гуноҳ, фужур каби хунук ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган кишидан содир бўлса, буни ошкор қилмаслик керак бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васаллам: «Яхшиларингизнинг адашишларидан кўз юминглар», дейдилар (Абу Довуд ривояти).
Чунки айбларини ошкор қилиш, бир мўминдан содир бўлган ишни сўзлаш ғийбатга олиб боради, фаҳшни ёйиш ҳисобланади. Фузаёл ибн Иёз айтадилар: «Мўмин яширади ва насиҳат қилади, фожир эса ошкор қилади ва айблайди».
Аммо киши озор, фасод, ошкора фосиқлик ва гуноҳга бепарволик билан танилган бўлса, буни одамларга маълум қилиш керак. Токи одамлар ундан ҳазар қилишсин, ёмонлигидан эҳтиёт бўлишсин, бошқаларда ҳам озор, фасод ва гуноҳларга журъат пайдо қилмасин.
Аммо фасод қилаётган кишини кўрганида, уни қайтариш вожиб бўлади. Кечиктириш ва сукут ҳалол эмас. Қайтаришдан якка ўзи ожиз бўлса, ҳокимият вакилига, жамоатчиликка арз қилиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, кўнгли билан ўзгартирсин. Бу эса имоннинг энг заифидир», деганлар (Муслим ривояти).
Ҳеч ким бир мусулмоннинг айбини пойлаши, ундан айб қидириши тўғри эмас. Аллооҳ таоло: «Ўзгалардан айб қидирманг» (Ҳужурот сураси, 12-оят), дейди. Мазкур ишлардан қайтарган ҳадиси шарифлар ҳам бор. Бундан қўйидаги ҳолатлар мустасно: ровийларни, гуноҳларни, садақа, вақфлар ва етимларга ҳомийларни текширишга ҳожат бўлганида уларнинг лаёқатига путур етказадиган айбни яшириш ҳалол бўлмайди. Бу айбларни ошкор қилиш ҳаром этилган ғийбат эмас, балки вожиб насиҳат саналади.
Хатога йўл қўйган мўмин ўзи ҳам буни яшириши, Аллоҳга тавба қилиши керак. Ким бўлишидан қати назар, айбини бировга очмасин. Чунки Аллоҳ таоло «Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб болдир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Нур сураси, 19-оят), деган. Чунки айбларни очиш Аллоҳ яширган нарсаларни ошкор қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васаллам айтадилар: «Бу бемаъни ишлардан эҳтиёт бўлинг. Ким унда яқинлашган бўлса, Аллоҳнинг пардаси билан ўзини тўссин ва Аллоҳга тавба қилсин. Чунки ким уни бизга очса, унга Аллоҳнинг китобини қоим қиламиз (яъни чора кўрамиз)» (Ҳоким ривояти).
Ислом дини инсонларни фақат яхшиликка тарғиб этади. Шариатимиз айбни, гуноҳни исботлашда ана шундай ўзига хос услуб қўллайди. Бундай мисли йўқ динимизнинг нақадар инсонпарварлигига, Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилганларига далилдир.
Когон туман “Алишер Навоий” жомеъ масжид
имом – хатиби Камалов Афзал
«орқага