Ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилиш.
24 июн 2019 й.
1347 марта ўқилди.


 Ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилиш.

Ўзгаларнинг ҳақини уриб қолиш энг ёмон иллатлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ишни қиладиганлар тавба қилишмаса уларга аламли азоб бўлиши ҳақида шундай деган: “Тарози ва ўлчов идишлардан уриб қоладиган кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан бирон нарсани ўлчаб олишса тўла-тўкис қилиб оладилар, одамларга ўлчов идишларида ўлчаб беришса ёки тарозига тортиб беришса уларнинг ҳақларидан уриб қолишади” (Мутаффифин: 1-3). Бу оят нозил бўлишининг сабаби қуйидагича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналиклар орасида тарозидан уриш кенг тус олган эди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди. Баъзи ривоятларда айтилишича, бу оят Абу Жуҳайна деган киши тўғрисида нозил бўлган. Унинг икки тарозиси бўлиб, бирини сотиб олишда, иккинчисини эса сотишда ишлатар экан.
Мадян аҳли бу қабиҳ ишни ўзларига касб қилиб олганлари учун Шуайб алайҳиссалом келиб, уларни бу ишдан дарҳол тийилишга чақиргани Қуръонда бир неча ўринларда такрор-такрор айтиб ўтилган. Биз ҳам шу ишлардан тийилмасак, айнан ўшаларга келган азоб бизнинг бошимизга ҳам келиши тайин. Зеро, уларнинг гуноҳлари ва уларга шу гуноҳлар сабабли келган азоблар Қуръонда зикр қилиниши бизга шуни баён қиладики, агар бир қавм шу ишларни қилишса уларга ҳам худди шу азоб келади.
Одамларнинг ҳақини уриб қолиш деганда инсоннинг хаёлига аввало метрлаб ёки килолаб сотиладиган нарсалар келсада, аслида ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқ масалаларида бировнинг ҳақини ейиш ҳам бировнинг ҳақини уриб қолишга киради. Масалан, хотинининг ҳақини адо этмай, ўз ҳақини тўлиқ талаб қиладиган эркак ёки фарзандининг ҳақини адо этмай, ундан ота-оналик ҳақини талаб қилаётган ота-оналар ёки ишга вақтида келмай ойлигини тўлиқ талаб қилаётган ишчилар ёки сотиб олишдан олдин гўштни соатлаб сувини қочириб кейин тортиб оладиган, сотишда эса тарозида оғир келиши учун товуқ гўштини игна ёрдамида сувга тўлдириб сотаётганлар, буларнинг барчаси бировнинг ҳақини уриб қолувчи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бизни барча ишларда адолатли бўлиш ва одамларнинг ҳақини уриб қолмасликка буюрган. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 152-оятида: “Ўлчов ва тарозини адолат билан тўлиқ тортинглар. Биз ҳеч кимни тоқатидан ташқари нарсага буюрмаймиз”, Исро сурасининг 35-оятида эса: “(Олди-берди ва савдо-сотиқларда) ўлчаган вақтингизда ўлчовни тўлиқ адо этинглар ва тўғри тарозида тортинглар! Мана шу энг яхши ва энг чиройли ечимдир” – деган.
Бировнинг ҳақини еганлар охиратда азобланишларидан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам икки азобга дучор бўладилар: бири қаҳатчиликка дучор бўлиб, уларга золим бошлиқ ҳукмрон бўлиши, иккинчиси эса Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлиш. Бугунги кунимизда бошимиздан кечираётган қийинчиликларимиз ҳақида сўз юритар эканмиз, шу ишларга сабаб бўлаётган гуноҳларимизни ҳам кўздан кечириб чиқишимиз керак.
Бизнинг динимиз эътиқод, одоб-ахлоқ, ибодат ва кундалик олди-берди аҳкомларидан иборат. Бу дин инсоннинг бутун ҳаётини ўз ичига олади. Инсон қалби билан эътиқод қилади, масжидларда ибодат қилади, жамиятда одамлар билан муомалада бўлади. Ислом эса бу ҳолатларнинг барчасини қамраб олади.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида исломга амал қилишни насиб қилсин! Шайтонга эргашиб, адашиб кетишдан Ўзи сақласин! Зеро, шайтон бизнинг энг азалий ва энг ашаддий душманимиздир.

Когон шаҳар “Шом" жомеъ
масжиди имом хатиби
Болтаев Дилшод
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram