Вабо ва ундан омонда бўлиш!
14 апрел 2020 й.
1097 марта ўқилди.

 

Вабо ва ундан омонда бўлиш!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг ҳижрий 18-йил ҳазрат Умар халифаликларида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Шомга волий бўлдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қуйидаги амрни олдилар: «Менинг сенга бир ҳожатим чиқиб қолди. Сендан бошқаси уни ҳал қила олмайди. Агар ушбу мактубим сенга кечаси етиб борса, тонг отмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан. Агар ушбу мактубим сенга кундузи етиб борса, кеч бўлмасдан мен томонга йўл олишингни талаб қиламан». Абу Убайда розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб: «Мўминлар амирининг менга тушган ҳожатини билдим. У киши боқий эмас кимсани боқий қилмоқчи», - дедилар. Сўнгра қуйидаги мактубни ёздилар: «Эй мўминларнинг амири, менга тушган ҳожатингизни билдим. Мен мусулмонлар лашкари ичидаман. Уларга етган нарсадан ўзимни четга олмоқчи эмасман. Аллоҳ менинг ва уларнинг ҳақида Ўз ҳукмини қилмагунча улардан ажрамоқчи эмасман. Қачон сизга ушбу мактубим етиб борса, мени талабингиздан ҳалол қилинг. Менга қолишга изн беринг». Ҳазрати Умар мактубни ўқиб, қаттиқ йиғладилар. У кишининг атрофида турганлар: «Нима, Абу Убайда ўлибдими, эй мўминларнинг амири?», - дедилар. «Йўқ. Лекин ўлим унга яқинлашибди», - дедилар у киши. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу одамлар орасида юриб, уларни сабрга чақирар эдилар. Ва у ерда вабодан вафот этдилар. Сўнгра Муоз розияллоҳу анҳу волий бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни тўрт кишидан олинглар», - деб айтган зоту бобарокатларнинг бири, Муоз ибн Жабал ҳам Фаластин яқинидаги «Амовас» деган жойга шу вабо сабабли 38 ёшларида вафот қилдилар. Сўнгра Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу волий бўлдилар. Амр инсонларга хутба қилиб шундай дедилар: "Эй инсонлар! Вабо куйдирувчи оловга ўхшайди. Унинг ўтини эса сиздирсиз. Тарқалинг, тарқалинг тоғларга чиқиб кетинг. Ана шунда вабо ёқишга ўтин топа олмайди ва ўзи ўчиб қолади". Кишилар унинг гапини олиб тарқалиб тоғларга чиқиб кетиб вабодан қутилиб қолишди.
Шундай экан, ўзаро алоқаларни тўхтатиш лозим. Тарихий воқеалардан ибрат олмоқ лозим, эртак каби болаларни ухлатиш учун эмас, уларни уйғотиш учун айтмоқ даркор!
Куни кеча Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам: «Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади. Бу вақтинчалик қийинчилик ва муаммолар, албатта, ўтиб кетади. Пок ниятли, дин-у диёнатли, сабр-бардошли, олижаноб халқимиз билан ҳали кўп яхши кунларни кўрамиз, кўп тўй-томоша ва тантаналарни биргаликда нишонлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз», - дедилар.
Шундай экан подшоҳ амрини вожиб билиб, сабр қилиб, амал қилиб, уйда қолинг азизлар!

Шофиркон тумани "Шайх Дарвеш" жомеъ масжид
имом - хатиби Жамолов Азизжон
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram