ВАЪДАГА ВАФО
12 январ 2022 й.
«орқага
694 марта ўқилди.
ВАЪДАГА ВАФО
Мусулмон одамнинг энг яхши фазилати берган ваъдасининг устидан чиқишидир. Чунки лафзида туриш мўъминнинг зийнатидир, шу билан инсон халқ орасида ишончли, сўзида турувчи, лафзини бузмайдиган, алдовга учмайдиган одам, деган мақтовга сазовор бўлади.
Муқаддас китобимиз Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир". (Азҳоб сураси, 23-оят).
Ваъдага вафо қилишга ҳар ким ҳам қудрат топа олмаслик эхтимоли бор. Чунки ваъдага вафо қилиш баъзида мол совириш, баъзида ҳаётни тикиш ва баъзида яхши кўрган нарсасидан айрилишига олиб келиши мумкин. Мусулмон киши мақтовли ваъда соҳиби бўлиш ўтмишига назар солиши, аввалда муҳтож бўлган, энди эса мол мулк эгаси, аввалда бемор бўлган, энди тану жони соғ саломат эканини тўлиқ ва тўғри англаши, шукрона қилиши лозим. Ўзининг ўтмишини унитиши, аввалдан шундай ҳолатда эдим, деб шукрдан юз ўгириши неъматга хиёнат ҳисобланади. Шифо берсанг, бой бўлсам намозни канда қилмайман, ёки молимдан эҳсон қилиб бераман халққа деб кейин унитиб юбориши Аллоҳга берган ваъдасига хилофдир.
Мадина аҳлларидан бири Саълаба ансорийлар билан суҳбатлашиб ўтирганида: ”Агар Аллоҳ таоло менга ўз фазлидан мол дунё ато этса эди, ҳар бир ҳақдорнинг насибасини ўрнига қўярдим, мухтожларга садақа берардим, қариндошларимни ҳолидан хабар олардим“ деб ваъда берди. Оз фурсат ўтиб амакиваччаси оламдан ўтиб, катта меросга эга бўлди. Аммо катта мажлисларда берган ваъдасини бирортасини бажармади. Унга танбеҳ учун Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди: ”Улар орасида Агарда бизга (Аллоҳ) фазлу (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ кишилардан бўлурмиз", деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор. Аллоҳ уларга фазлидан берганда эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар“ (Тавба сураси, 75-76-оятлар).
Шундай экан ҳар бир мусулмон кишининг қалби уйғоқ бўлиши, у инсон сифатида Аллоҳга берган аҳдига туриши, балки инсонларга берган ваъдасига вафо қилиши лозимдур. Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда бундай келган: Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) бизга қачон хутба ўқисалар: “Кимнинг омонатдорлиги бўлмаса, унинг иймони йўқдир. Ким ваъдасига вафо қилмаса, унинг дини йўқдир”, деган сўзни такрорлардилар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Шу ўринда бир нарсани эсга олсак Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳали пайғамбарлик мақомига эришмасларидан туриб, ёшлик пайтларидаёқ Қурайш қабиласи орасида "Амин" (омонатдор, ишончли) сифатига эга бўлганлар.
У кишининг ростгўйликлари, ваъдага вафо қилишлари, омонатдорликлари барча арабларга маълум ва машҳур эди, шунинг учун ҳам Муҳаммад номлари ёнига "амин" сўзини қўшиб айтишарди.
Хулоса қилиб айтганда ҳар бир инсон берган ваъдасида туриб бериши, инсонларни унга бўлган ишончини поймол қилмаслиги керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзидан қўрқадиган, тақводор солиҳ бандаларидан айлаб, дунё ва охиратимизни обод қиладиган солиҳ амалларга муваффақ айласин! Амин!
Шофиркон туман бош отинойиси Н. Очилова