ВАТАН ВА МИЛЛАТ БИТТА БЎЛАДИ
06 январ 2026 й.
195 марта ўқилди.
ВАТАН ВА МИЛЛАТ БИТТА БЎЛАДИ
Сен кимнинг миллатидансан, деб сўрашса, мен Иброҳим алайҳиссалом миллатиданман деб жавоб берамиз. Нега Иброҳим алайҳис саломнинг миллатидан деб айтилади?
Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сурасининг 95-оятида:
قُلْ صَدَقَ اللَّهُ ۗ فَاتَّبِعُوا مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ
«Аллоҳ рост айтди. Иброҳимнинг йўлдан тоймаган миллатига эргашинг. У мушриклардан бўлмаган, деб айт»
Миллат калимаси Қуръони каримда тўққиз марта зикр қилинган бўлиб, мазкур калима уларнинг саккизтасида Иброҳим алайҳиссаломга нисбат берилади. Аллоҳ таолонинг Ўзи Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига эргашинг, деб амр этяпти. Шунинг учун ҳар бир мусулмон: “Иброҳим алайҳиссалом миллатиданман”, деб жавоб беради.
Имом Абу Жаъфар Тобарий раҳимаҳуллоҳ ўзининг тафсирида қуйидагиларни келтиради: “Миллатдан мурод – дин, ҳанийфликдан эса тўғрилик ирода қилган. Шунда «Иброҳимнинг ҳаниф миллатига эргашамиз» жумласининг маъноси “Иброҳимнинг мустақим динига эргашамиз” дегани бўлади.
Шунинг учун Исломда ирқчилик йўқ, сен қора танли, мен оқ танли ёки сен қозоқ, мен ўзбек деб ажратилмайди, зеро миллат битта бўлади. Ер юзидаги масжидлар бунга яққол далил бўла олади. Намоз сафида ҳар хил ирқ эгаси бир сафда, елкама елка туриб, Ислом миллатида намозни адо қилишади.
Аммо Ватан битта бўлади. Ким қаерда ўсиб улғайган бўлса, ана ўша ер унинг Ватани ҳисобланади.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий роҳималлоҳ айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳамма ўз ватанини, яшайдиган ерини, туғилган жойини ва ватандошларини яхши кўради”
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қалбида имони йўқ мунофиқлар ҳақида шундай дейди:
وَلَوْ أَنَّا كَتَبْنَا عَلَيْهِمْ أَنِ اقْتُلُوا أَنفُسَكُمْ أَوِ اخْرُجُوا مِن دِيَارِكُم مَّا فَعَلُوهُ إِلَّا قَلِيلٌ مِّنْهُمْ
“Агар биз уларга: “ё ўзларингизни ўлдиринг ёки ватанларингиздан чиқиб кетингиз”, - деб буюрганимизда эди, оз қисмидан бошқаси уни қилмаган бўлар эди” Имом Абу Ҳайён Андалусий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирлари “Баҳрул Муҳийт”да айтадилар: “Мазкур оятда ватанни ташлаб чиқиб кетиш жуда оғир иш эканлигига далолат бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни ўз жонига қасд қилиш билан бирга зикр қилди” . Маълум бўладики, қайси сабабдан бўлишидан қатъий назар инсон учун ватандан айрилиш ўлим билан баробар мусибатдир.
Ватангадо бўлишлик энг оғир кулфат. Инсон учун энг оғир келадиган жазо ҳам шу. Шунинг учун ҳам шариат аҳкомларининг жиноятга жазо бериш бобларида энг жирканч гуноҳ қилган кишиларни ватандан қувғин қилиш жазоси белгиланган.
Ўша учун ҳадиси шарифда эркакнинг ризқи ўз ватанида бўлишлиги унинг саодатманд аломати эканлигини бежизга айтмаганлар: Ибн Ҳажар Асқалоний келтирган ҳадисда, Абдуллоҳ ибн Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
عن عبد الله بن الحسن ، عن أبيه ، عن جده قال : قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم : « أَرْبَعُ مِنْ سَعَادَةِ الْمَرْءِ: أَنْ تَكُونَ زَوْجَتُهُ مُوَافِقَةً، وَأَوْلَادُهُ أَبْرَارًا، وَإِخْوَانُهُ صَالِحِينَ، وَأَنْ يَكُونَ رِزْقُهُ فِي بَلَدِهِ »
“Тўртта нарса бўлишии кишининг бахтидандир садоқатли хотин, яхши фарзандлар, солиҳ биродарлари ва ризқи ўз шаҳридан бўлишлигидир”
Илоҳим, бирортамизни Иброҳим алайҳиссалом миллатидан ва Ватанимиздан айирмасин, ризқимиз кенг ва ўз юртимиздан қилсин!
Жамол Мавлонов,
“Масжиди Калон” жоме масжидининг имом хатиби
«орқага















