ВАТАН ҲИМОЯСИ МУҚАДДАС БУРЧ!
Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардандир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни иймоннинг бир бўлаги деб қарайди. Шунинг учун ҳар-бир фуқаронинг энг асосли, энг муқаддас вазифаси Ватанни севиш ва унга ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача хизмат қилишдир. Ватанни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилиб: "Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир", - деганлар (Абу Довуд ривояти). Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни - унинг ватанини ифода этади.
Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб қочиб қолиш оғир гуноҳлиги ҳақида Куръони карим Бақара сураси 246-оятда баён этилган.
Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири- Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси- Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган киши", - деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).
Али Ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: "Ўзингизга душманлик қилган кишини авф этингиз, лекин ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирмангиз", деган. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Тарихда, Хандақ жангида Мадинага бостириб кирган мушрикларга хайрхоҳ бўлган, уларга зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда каттиқ чора кўрдилар, хиёнаткорларнинг раҳбарлари қатл этилиб, қолганлари бадарға қилинди. Хулоса чиқариш мумкинки, она ватан ҳеч қачон сотилмай, унга хиёнат ҳам қилинмайди. Ватан ҳимояси муқаддас бурч, буюк масъулиятдир.
Пешку туман “Хўжа Бешик” жомеъ масжид
имом-хатиби ЖумаевНосир
«орқага