Хасислик ёмон иллат
27 май 2016 й.
7708 марта ўқилди.

 Хасислик ёмон иллат

        Инсонни Аллоҳ наздида ва инсонлар ўртасида  мартабасини ва обрў эътибор даражасини кўтарадиган амал бу яхшилик қилиш сахий бўлиш ҳисобланади. Ояти карималарда ҳам, муборак ҳадисларда ҳам инсонларни фақат яхшилик қилишга, сахий инсон бўлишга даъват қилинган. Аллоҳ ҳар кимга ҳам молу давлат бермайди. Кимга агар берилган бўлса ҳам уни кўпайтиришга ружуъ қўймасдан савобли ишларга, садақа учун сарф этиш йўлларини қидириши керак. Чунки молу-дунё бу бир ўткинчи нарса. Бугун бўлса эртага йўқ бўлиши мумкин. Вақтдан фойдаланиб эҳсон садақотларни кўпайтириш зарур. Чунки бу сахийлик охиратимиз учун нажот топиш йўли ҳисобланади. 
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Тонг отганида банда ҳузурига икки фаришта тушади. Улардан бири: «Аллоҳим, садақа берувчиларга  ўрнини қоплайдиган нарса ато эт», дейди. Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, бахил, зиқналарга талофот бер», дейди. 
 
Молу давлатимиздан кўпроқ садақа беришимиз билан молимиз камаймаслиги юқоридаги ҳадисда зикр қилиняпти. Чунки фаришталарни ўзи дуо қилиб турибди. Аммо бахил, хасис бўлсак малоикалар ҳам биздан юз ўгиради.  
 
      Минҳожул-қосидийн асарида шундай бир ривоят бор. Кунларнинг бирида бир бахил инсон бозорда ўзи учун керакли нарсаларни сотиб олганидан сўнг, уни кўтариш учун бир ҳаммолни чақирди ва айтди: “Бу нарсаларни неча пулга уйимга олиб бориб берасан?» . Ҳаммол айтди: “Бир ҳаббага (арзимас пул, масалан бир тийинга). Хасис бой айтди: “Инсофинг борми? Сал арзон қил. Ҳаммол деди: “Ҳаббадан арзони йўқ (яъни бир тийиндан ози йўқ), нима дейишни билмай қолдим». Шунда хасис буни йўлини топди. Ҳаммолга дедики: “Бир ҳаббага бир дона сабзи оламизу, уни иккига бўлиб ўтириб еймиз»”. Бу ривоятни ўқиб шуни тушуниш мумкинки, баъзи бир хасис бой одамлар ўша бир тийин учун ҳам талашишган. 
 
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Мўъминда икки хислат жам бўлмайди. Бири ёмон хулк бўлса, иккинчиси бахилликдир”. Албатта молу-дунё инсонга синов учун берилади. Баъзан ҳаётда ўта бахил инсонларни учратамиз. Бир дардга йўлиқса, ўзи учун бойлигидан ишлатмайди. Азбаройи пулни яхши кўрганидан ўзига ҳам раво кўрмайди. Ёки яқинлари, фарзандлари пулга муҳтож бўлиб турганида ҳам бир сўмини уларга раво кўрмайди. Ҳаттоки пули кўп бўлса ҳам ўзи эски кийимларда юради. Кундалик ҳаётимизда бундай одамлар афсуски  учрайди. Азизлар бу ғанимат бўлган дунёда бир биримизга меҳрибон бўлайлик. Зиқнаю хасис бўлмасдан атрофимиздаги инсонларни қўллайлик. Аҳли хонадонимиз, қавму-қариндошимизни ҳолатидан ҳар доим бохабар бўлайлик. Ризқимизни бергувчи Аллоҳдир, шуни ёдда тутайлик. Аллоҳ барчамизни сахий инсонлардан бўлишимизни насиб айласин. 
 
 
Маҳмуд Таробий жомеъ 
масжиди имом хатиби         Ш. Камалов 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram