Хотира ва қадрлаш
09 май 2026 й.
«орқага
82 марта ўқилди.
Хотира ва қадрлаш
Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир. Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 майни "Хотира ва Қадрлаш" куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак. Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.
Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса "Хотира ва Қадрлаш "куни сифатида нишонлаймиз.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло сизу бизга таълим бериб, ўтганларини хотиралайдиган солиҳ бандаларни мақтаб шундай марҳамат қилган:
“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан” (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу оят вафот этган кишиларнинг орқаларидан хайрли дуолар билан эслаш, яхши амаллардан эканига далолатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида:
أذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَكُفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ (رواه الامام أبو داود والامام الترمذي)
“Бу дунёдан ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади. Спитамен, Широқдан Туркон Хотун, Маҳмуд Торобийгача, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбекдан Заҳириддин Муҳаммад Бобургача, Жалолиддин Мангубердидан, Нажмиддин Куброгача.Яқин ўтмиш Юз йилликда яшаб ўтган жадидчиларимиз А.Фитрат .Чўлпон 'М Беҳбудий А Авлоний И. Ибрат Каби зотлар Юртимиз мустақилликни истаб жон олиб жон беришгани хаммамизга маьлум. Булар каби ватанпарвар аждодларимизни хотирлашлигимиз айни муддаодир.
"Хотира ва Қадрлаш куни" чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Шу кунларда Юртимизда барча қабристонларидан зиёратчилар аримайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
إِذَا مَاتَ اَلْإِنْسَانُ اِنْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ : صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالَحٍ يَدْعُو لَهُ (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ)
“Инсон вафот этгандан кейин унинг амаллари тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан амаллар тўхтамайди: садқаи жория, фойда берадиган илм ва унинг ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, мазкур ва ундан бошқа кўплаб оят ва ҳадислардан ўтган ака-укалар, ёру биродарлар ҳаққига қилинган дуолар ҳам уларга манфаат бериши таъкидланган.
Миржон домла Эгамбердиев,
Шофиркон тумани бош имом-хатиби















