Инсон қадри ва хотираси эъзозлидир
09 май 2025 й.
109 марта ўқилди.
Инсон қадри ва хотираси эъзозлидир
9 май — юртимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида ҳар йили катта эҳтиром билан нишонланади. Бу сана фақатгина тарихда қолган воқеаларни эслаш куни эмас, балки юрт озодлиги, тинчлиги учун жонини фидо қилган азизлар хотирасини ардоқлаш, тирик шахидларни қадрлаш, қолаверса, фарзандларимизни ватанпарварлик ва миллий ғурур руҳида тарбиялаш куни ҳамдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Албатта, Аллоҳ йўлида ўлдирилганлар (яъни шаҳидлар)ни ўлик деб билманг! Балки, улар Роббилари ҳузурида тирикдирлар ва улар ризқлантириладилар." (Оли Имрон сураси, 169-оят)
Бу оятдан англашиладики, Ватан, дин ва иймон йўлида жон фидо қилган шаҳидлар тириклар сирасидадир. Улар Аллоҳ ҳузурида мукаррам мақомдадирлар.
Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз — ана ўша мард ва жасур юрт фарзандларининг фидокорона хизматлари, қурбонликлари самарасидир. Биз уларнинг жасорати, сабр-матонати ва Ватанга садоқати олдида ҳамиша сар эгишга мажбурмиз.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) марҳамат қилиб дедилар: "Кимки яхшилик қилган зотга раҳмат айтиб, дуо қилмаса, у шахс шукр қилмаган бўлади." (Абу Довуд ривояти)
Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон учун ўз тарихини билиш, миллат манфаати йўлида хизмат қилган аждодларнинг арвоҳларига дуо қилиш, уларни қадрлаш муҳим бурч саналади.
Бу кун нафақат ўтмишни ёд этиш, балки ҳозирги кун ёшларини ибрат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун ҳам бир фурсатдир. Хотира ва Қадрлаш Куни бизга, ёшларимизга, тинчлик қадрини англаш, аждодлар йўлида фидойи бўлиш лозимлигини уқтиради.
Хулоса қилиб айтганда, Хотира ва Қадрлаш Куни — бу эл-юртимиз тарихини ёд этиш, аждодларимизнинг жасоратини унутмаслик, ва қолаверса, тинчлик ва осойишталик учун ҳамиша шукр қилиш кунидир.
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини, осмонларимиз мусаффолигини асрасин! Ватан йўлида жон фидо қилган барча марҳумларимизни раҳматига олсин! Омин.
Абдуллатиф Ширинов,
Ромитан туман Хазрати Умар жоме масжиди имом-хатиби
«орқага