Хотира муқаддас-инсон азиз.
09 май 2020 й.
«орқага
1447 марта ўқилди.
Хотира муқаддас-инсон азиз.
Хотира ва Қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди.
Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.
Хотира – бу эслаб қолиш, эсда сақлаш, кейинчалик ёдга олишдир.
Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик-тараққиёт гаровидир. Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади. 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак. Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди. Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.
Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Ушбу кун инсон хотираси ва қадрига нисбатан адолатни тиклаган, асл ҳақиқатни ўзида мужассам этган муҳим тарихий санага айланди. Жангу жадалларда жон олиб, жон берган минглаб ўзбек ўғлонлари, фронт ортида тунни тонгга улаб меҳнат қилган, ризқу насибасини ўзгалар билан баҳам кўрган меҳри дарё ватандошларимиз матонати ва фидойиликлари ҳеч қачон унутилмайди.
Инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик, барҳаёт. Айниқса, ўтганларнинг хайрли ишларини ёдга олмоқ, қадрламоқ биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги ва эртанги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бўлмас экан, Қадрлаш ҳам йўқ. Ушбу тушунчалар мустақиллик даври авлоди учун ўзига хос маънавий қадриятга айланди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, буюк ғалабани буюк жасоратли инсонлар таъминлаган ва биз, миннатдор авлодлар бу фидойи юртдошларимизни доимо улуғлаймиз, уларнинг беқиёс матонати ва хотираси олдида ҳурмат билан бош эгамиз.
Вобкент тумани «Хожа Махмуд Анжир Фағнавий» жомеь масжид
имом-хатиби Ғ.Очилов.