Хотира ва қадрлаш келажак пойдевори
09 май 2020 й.
1048 марта ўқилди.
Хотира ва қадрлаш келажак пойдевори
Халқимиз ардоқлайдиган қутлуғ ва унутилмас саналар орасида Хотира ва қадрлаш куни мустақилликнинг илк йиллариданоқ аждодларга хос бўлган тарихий адолатни тиклаш, улар жасоратини улуғлаш ва ота-боболаримиз руҳини шод қилмоқ, инсон хотирасини эъзозлаш, фахрийларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш халқимизга хос анъана. Бу миллий истиқлол ғоясининг, маънавий тарбия ишининг ўзагини ташкил этади.
Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимиз савобидан ўтганлар руҳига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканини таълим беради. Зеро, дунёдан кўз юмган мусулмонларни хотирлаб, уларнинг ҳаққига дуойи истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир. Қуръони Каримда: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”. (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу оят оламдан ўтган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканига далолатдир. Инсон бу дунёда яшар экан, ўзидан яхши ном қолдиришга интилади. Яхши номга эса албатта савобли ишларга қўл урмоқлик билан эришилади. Ана шундай эзгу ишларнинг ажралмас қисми ўтганларни яхши амаллар билан хотирламоқдир. Бу халқимизнинг азалий одатидир. Аллоҳ таоло инсонни бу дунёнинг азизу мукаррам хилқати, ҳаёт гултожи, жонзотлар ичида сарвари этиб яратган. Одамзот шундай мўътабар шарафга муяссарлиги учун ҳам ҳамиша эъзозу эҳтиром этиб келинган. Бу эъзоз ва ҳурмат у вафот этгач ҳам давом этади. Инсонни ҳамма вақт тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам эъзоз этиш ибратли фазилатдир.
Зотан Ислом дини қуввати, миллат шаъни, Ватан озодлиги йўлида курашган инсонлар ҳар қанча таҳсину эъзозга муносиб. Аввалам бор ёшларимизни огоҳликка, ота-боболаримиз анъаналарига содиқ бўлишга, бебаҳо неъмат саналган тинчликни, мустақилликни кўз қорачиғидек асрамоқликка, ўтганларимизнинг руҳониятларини шод қилишимиз учун биринчи ўринда юриш-туришимизни тўғрилашимиз, яъни Ислом дини таълимотига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз зарур. Шу билан бирга, хотира тушунчасини келажак авлодга ҳам англатишимиз керак. Ҳар бир инсон эртами-кечми бу дунёни ташлаб кетади. Оқибатда ортида қолганлар уни хотирлаб, савоб бахш этишларига умид боғлаб туради. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”. (ИмомТермизий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кўз борки, уни дўзах куйдирмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ йўлида қўриқлаш учун бедор бўлган кўз”, - дедилар. Бу башорат – ушбу юрт миллатни қўриқлаш учун чин дилдан, иймон-у ихлос билан тунларни бедор ўтказган сарҳаддаги аскарларни, уларни шундай тарбиялаш йўлида тунларни бедор ўтказган устозларни ва Ватанни ҳар томонлама ҳимояси учун бел боғлаган, унинг равнақи ва ривож топиши учун тун-у кун тиним билмай, ихлос билан ишлаётган барча азизларни ҳам ўз ичига олади. Инсон ниманики севса шуни қаттиқроқ муҳофаза қилмоғи лозим бўлади.
Ромитан тумани «Хокимулломир» жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муротов
«орқага