Хотира ва қадрлаш шукр қилиш демакдир.
26 апрел 2017 й.
2493 марта ўқилди.
Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд.
Оламларнинг Робби ва мақтовларнинг энг яхшиси Унга хос бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Дунё ва охират яхшиликларни ўргатган яхшиларнинг энг яхшиси Муҳаммад Мустафо сололлоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг сўнги китоби бўлмиш Қуръони мажиднинг қарийб учдан бир қисми анбиё ва расуллар тарихига бағишланган. Бундан кўриниб турибдики инсон учун, унинг бугуни ва келажаги учун тарихни билмоқ нақадар зарур ва фойдалидир.
Миллатимиз яқин тарихини иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз кўрсатган матонат ва жасоратсиз тасаввур қилиш қийин албатта. Бугунги кунимизнинг имкониятлари ва ютуқларида ўша даврда жонфидолик қилган ватандошларимизнинг улкан ҳиссаси бор. Уларнинг бу юрт, миллат ва динимиз учун қилган хизматларини ҳар қанча қадрласак ва эсласак барибир оз. Бунга имом Байҳақийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далил бўла олади, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу аълайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳнинг неъматини сўзлаш шукур қилишдир. Уни тарк қилиш куфрони неъматдир. Кимки оз нарсага шукур қилмаса, кўп нарсага ҳам шукур қилмайди. Кимки одамларга шукур қилмаса, Аллоҳга ҳам шукур қилмайди.”
Юртимизда ушбу юксак инсоний одобни ўргатиш ва сақлаб қолиш, ёшларимизни шундай гўзал фазилатлар билан тарбиялаш ҳамда кексаларимиз, уруш қатнашчиларимизга миннатдорлигимизни билдириш мақсадида мана бир неча йиллардан бери яхши анъана “Хотира ва қадрлаш куни” байрам сифатида ўтказиб келинмоқда. Бу ишнинг хайр баракага сабаб бўлиши ҳамда динимиздан эканлиги эса биз мусулмонларни бундай кунларни янада кўтаринки руҳда ва ўзига хос тарзда кўплаб яхши амаллар билан безаган тарзда ўтказишимиз лозимлигини билдиради. Шу муносабат билан йилдан йилга камайиб бораётган ва шу билан қадрлари билинаётган уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиб ҳадялар бериб кўнгилларини кўтариш ва дуоларини олиб қолиш барчамиз учун ғаниматдир.
Ушбу хайрли ишларга ўрнак сифатида ҳурматли президентимиз ҳам бу йил иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига икки миллион сўмдан мукофот пули берилишини ўз фармонларида билдирдилар.
Ушбу фармон юзасидан Бухоро вилоят “Нуроний” жамғармаси 14-19 апрель кунлари ушбу пулларни ўз эгаларига топширишди. Шунингдек, 27 нафар Уруш қатнашчиларининг уй-жойларини таъмирлаш учун маблағлар ажратилди. Ундан ташқари байрам кунлари арафасида 450 та байрам совғалари топширилиши белгилаб олинди.
Имом Табароний “Мўъжам ал-кабир” асарида шу тўғридаги ҳадиси шарифни баён қилганлар: Абу Умома айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бирга эдилар. Яна у зот билан бирга Абу Бакр (р.а.), Умар (р.а.) ва Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ (р.а.) бир неча нафар саҳобалар билан бирга эдилар. Сув тўлдирилган қадаҳ келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадаҳни Абу Убайдага (р.а.) узатдилар. Абу Убайда (р.а.): “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Бунга Сиз лойиқроқсиз!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайдага “Олавер!” дея қадаҳни тутқаздилар. Шунда ҳам Абу Убайда (р.а.): “Сиз олинг, бошлаб беринг!” деган маънода яна Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам қадаҳни қайтариб бермоқчи бўлди. Расули акрам, набийи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ичавер, зотан, барака ёши улуғларимиздадир. Демак, кимки кичикларимизга раҳм қилмаса, катталаримизни ҳурмат қилмаса, биздан эмас!” деб марҳамат қилдилар. Улуғларимизни қадрлашни ўргатган пайғамбаримизга дуруду саловотлар бўлсин. Аллоҳ бизларни уларнинг дуоларини оладиган ва яхши ворис бўладиган инсонлардан қилсин. Амин.
Отабек Авезов
Бухоро шаҳар бош имом-хатиби,
“Файзобод” жомеъ масжиди имом-хатиби
«орқага